Линклар

Ўзбекистон президентлигига номзод Ислом Каримовнинг сайловолди кампанияси боис халқ текин мардикорга айланмоқда.

Каримовнинг сайловчилар билан учрашуви олдидан кўчаларни тозалаш, йўл бўйидаги объектларни таъмирлаш авж олди. Фаррошлик қилиш талабалар зиммасига, бўёқчилик эса тадбиркорларга юкланди.

Манбаларга кўра, Ислом Каримовдан бошқа президентликка номзодларнинг вилоятларга ташрифи чоғида бундай чора-тадбирлар амалга оширилмаяпти.

Қуйидаги LIVE BLOG орқали Каримовнинг сайловолди кампанияси боис вилоятларда авж олган мажбурий ҲАШАР жараёнига оид вазиятни кузатамиз.

Андижон: Тайёргарлик- уйларнинг томи "қизартирилаяпти"

Озодликнинг Андижон шаҳридаги манбасига кўра, февралнинг ўрталаридан бошлаб президент юриши мумкин бўлган йўллар атрофи тозаланмоқда. Йўл бўйидаги уй, дўконларнинг томи қизилга бўялмоқда:

“Андижонда барча ташкилот ва талабалар президентни кутиб олиш олдидан оммавий тарзда мажбурий ҳашар ишларига жалб этилмоқда. Йўл бўйидаги уйларни маскировка қилиш ташкилотга топширилди. Йўл томон қараган уйларнинг шиферлари усти моҳирона қилиб қизил тунукадан маскировка қилиняпти ёки қизил бўёқ билан бўяляпти“, деди манба.

Андижон: Тайёргарлик- ҳашарчи талабалар

Андижон вилоятида ҳам кўча тозалаш ва ободончилик ишлари ташкилотлар ишчилари, олийгоҳ, коллеж ва лицей талабалари зиммасига юкланган.

Андижон шаҳридаги олийгоҳлардан бирининг талабаси Андижон-Асака автомобил йўлини тозалашаётгани ҳақида Озодликка ёзди:

​“Ҳозир Андижон - Асака йўлидамиз. Шу йўлдан Каримов GM-Ўзбекистон корхонасига ўтар экан. Якуний имтиҳонлар қолдирилди. Ўлиб ишлаяпмиз”, деб ёзди талабалардан бири.

Андижон Машинасозлик институтининг исми сир қолишини сўраган талабасига кўра, декан якуний имтиҳонни тўхтатиб талабаларни кўча тозалашга ҳайдаган:

- Уч-тўрт кундан буён шу аҳвол. Ҳатто якшанба куни ҳам кечгача ишлатишди. Душанба куни имтиҳон топшираётган эдик, декан имтиҳонни тўхтатиб яна ишлашга олиб чиқиб кетди. Президент келаркан деб

талабаларни мардикор қилиб ташлашдию, ўқиш ҳам бўлмаяпти. Нимага доим шунақа қора ишлар талабаларга юкланаркин“, деди талабалардан бири.

Андижонлик яна бир манбага кўра, йўллар ҳам таъминланмоқда:

"Andijon Namangan yunalishidagi P112 yuli Prizident kelishiga tayorgarlik; yillab remont qilinmagan yullar remont qilib yamalmoqda va kam taminlangan yul buyidagi uyladni shu hududda yashayotkan fermerlarga majburiy tomlarini qizil rangli tomga alishtirish ishlari tugatildi. Yul buyida qora tutun chiqyotkan narsa bu yul yamash uchun saqichni eritishmoqda", дея хабар йўллади манба. (Унинг хабари таҳрир қилинмасдан элон қилинди)

Андижон: Тайёргарлик- ҳашарчилар тушликсиз ишлаяпти

Андижондан келган хабарга кўра, Каримов келиши муносабати билан ўтказилаётган ҳашарга жалб қилинган кишилар ҳатто тушлик қилмай ишлашга мажбурланмоқда:

"Фарғонадан Андижонга элтадиган йўлда умумхалқ тозалов тадбири,

барча мактаб, боғча, маҳалла фуқаролар йиғини, қишлоқ фуқаролар йиғини ва барча бюджет ташкилотлари ишчилари совуқни совуқ демай, нонушта, тушлик қилмай йўл бўйидаги уйларни ремонт қилиш билан банд.

Гўёки шу ишимиз билан бизлар ҳам дунёнинг ривожланган давлатлари каби ташқаридан чиройлик давлат каби кўринсакда.

Раҳбарларимиз мавжуд камчиликларни яширишга ҳар қанча уринмасинлар, марказий йўллар бўйларини сиртдан чиройлик қилиб ремонт қилдирсаларда, уйдин чуқур йўлларни яматиб, эски шиферлик томларни қизилга бўятсаларда ишсизликдан, пулсизликдан қийналаётган натижада иш ва пул охтариб ўзга юртларга чикиб кетаётган ишсизлар армияси окимига тўсқинлик қилсаларда натижа йўқ", дея хабар йўллади. ​


Марғилон: Тайёргарлик - уйлар, дўконлар "Фил суяги" рангига бўялмоқда

Марғилон шаҳридаги тадбиркорлардан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, солиқчилар бундан 4 ой муқаддам капитал таъмирдан чиқарилган дўконини яна қайта "фил суяги" рангига бўяшга мажбурлашган:

“Шаҳар ҳокими барча дўконлар фил суяги рангига бўялсин деган буйруқ берган. Ўзику яқингинада ремонтдан чиқаргандик. Президент келишига ҳаммаси бир хил рангда бўлиши керак экан. Агар бўямасак, солиқнинг бошлиғи бизни ёпиштирар экан. Товба, президент тадбиркорлар тарафидаю, солиқни бошлиғи эса ёпиштираман, дейди. Бу бошлиқлар бизларни нуқул чўққа итаради. Буларга дўппини олиб кел деса, калласи билан олиб боришади”, деди тадбиркор.

Марғилон шаҳридаги бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, ҳокимиятнинг ўзбошимча қарорлари тадбиркорларни қийнаб қўйган:

“Дўконларни бузиб қайтадан қурдик. Чиройли қилиб бўядик. Энди эса ҳаммаси фил суяги рангида бўлиши керак экан. Нима, президент шу рангни яхши кўрса унинг жабри бизга тушиши керакми? Президент дўппини олиб кел деса, булар калла олиб боришади”, дейди тадбиркор.

Марғилон шаҳар инспекциясининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, шундай топшириқ берилганини тасдиқлади:

“Бу Марғилон шаҳар ҳокимининг буйруғи билан бўляпти. Архитекторимиз билан маслаҳатлашиб, шундай қарорга келинган. Биз бу қарорнинг бажарилишини назорат қиляпмиз”, деди мулозим.

Марғилон шаҳар ҳокимлигидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

6- учрашув: 27 февраль куни Бухорода

27 февраль куни Ислом Каримов бухоролик сайловчилар билан

учрашиш учун Бухорога ташриф буюрди.

Бухорода ҳам Каримов ташрифи олдидан ҲАШАР ўтказилиб марказий кўчалар, тозаланиб, таъмирлаш ишлари олиб борилган.

5- учрашув: 27 февраль куни Навоийда

Жума куни Ислом Каримов Бухорога бориш билан биргаликда навоийлик сайловчилар билан ҳам учрашди.

Ҳозирча Озодликда Навоий билан боғлик маълумотлар йўқ. Агар навоийлик муштарийлари Каримов ташрифи билан боғлиқ маълумотларни йўллашса, миннатдор бўлардик.

4- учрашув: 26 февраль куни Хоразмда

26 февраль куни Ислом Каримов Нукусдан Хоразм маркази Урганчга учган.

​Шу куни электр таъминотида умуман узилиш бўлмаган:Вилоят ҳокимлиги жойлашган ҳудудда ҳам ҳашар ўтказилган.

"Prizdentimiz kelgani biz uchun bayram bo'ldi. Kuniga 3 yoki 4 soat tok berardi bugun esa ertalab soat 8:00 dan xozirgacha tok bor", дея хабар йўллади хоразмлик манба. (Хабар таҳрир қилинмаган)

3- учрашув: 26 февраль куни Қорақалпоғистонда

26 февраль куни Ислом Каримов Хоразмга боришидан аввал куннинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон Республикасига борди.

Қорақалпоғистондаги тайёргарлик ва Каримовнинг сайловчилар билан учрашувига оид тафсилотлар Озодликда йўқ.

Агар сизда бу борада маълумот бўлса, бизга йўллашингизни сўраймиз.

2- учрашув: 20 февраль куни Сурхондарёда

Ислом Каримов сайловчилар билан учрашувининг иккинчи кунида Қашқадарёга ташриф буюрди.

Озодликнинг Қашқадарёдаги манбаларининг айтишича, Ислом Каримов келиши олдидан вилоятнинг Шаҳрисабз шаҳрида бир неча кун давомида ҳашар уюштирилган.

Шаҳрисабздаги манбаларга кўра, ҳашарга барча ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари мажбурий тарзда жалб қилинган.

Қуйидаги суратлар Озодликка Шаҳрисабздаги манбалар томонидан жўнатилган:

1- учрашув: 19 февраль куни Қашқадарёда

Ислом Каримов президентликка номзод сифатида сайловчилар билан илк учрашувини Қашқадарё вилоятидан бошлади.

Озодлик манбаларига кўра, Қашқадарёда президентликка номзод Ислом Каримовнинг ташрифига 15 кун аввал тайёргарлик бошланган.

Каримов борган куни эса кўчада назорат кучайтирилган. Бу ҳақда қаршилик манба хабар қилди:

"Президент ташрифи муносабати билан Қарши шаҳрида асосий йўлларда ҳаракат тўхтатилди. Мустақиллик кўчаси бўйлаб ҳар қадамда ИИБ ходимлари турибди. Йўл бўйлаб барча савдо марказлари ёпилди", дея хабар қилди қаршилик манба.

Учрашувда иштирок этган 320 нафар сайловчининг ҳар бири суҳбатдан ўтказилган, иштирокчиларнинг костюмлари бичимидан ториб, соч турмакларигача қай тартибда бўлишига кўрсатма берилган.​

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Қашқадарё вилоят матбуот марказининг ўзини танитмаган ходими “Озодлик”ка президентликка номзод Ислом Каримов билан сайловчиларнинг учрашуви сайлов қонунчилиги доирасида ташкил этилганини таъкидлади. Учрашув тафсилотларига тўхталмаган матбуот маркази ходими тегишли тартибда аккредитациядан ўтган журналистларгагина маълумот берилишини таъкидлаш билан чекланди.

*******************************************

Ислом Каримов номзоди Ўзбекистон Республикаси президентлигига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан томонидан илгари сурилган ва Марказий сайлов

Президентликка номзодлар

Президентликка номзодлар

комиссияси томонидан 2015 йилнинг 14 февралида рўйхатга олинган.

Президент сайловида тўртинчи марта иштирок этаётган Ислом Каримовдан ташқари 29 мартга белгиланган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш халқ демократик партиясидан Акмал Саидов ва "Адолат" демократик партиясидан Нариман Умаровлар номзоди илгари сурилган.

Мамлакатни 25 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг сайловда ғалаба қилиши башорат қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG