Линклар

Қўқон пединститути ректори пахта пули муаммоси борлигини инкор қилди


Қўқонлик талабаларнинг айтишларича, баъзиларнинг 300 минг сўмгача ҳақи берилмаган.

Қўқонлик талабаларнинг айтишларича, баъзиларнинг 300 минг сўмгача ҳақи берилмаган.

Қўқон Давлат педагогика институти талабалари ўтган йилги мавсумда терган пахта ҳақини ололмагани тўғрисида Озодликка шикоят қилиши ортидан уларга нисбатан босим кучайганини айтмоқдалар. Бу мавзу 18 февраль куни ёритилганидан кейин пединститут ректори пахта пули муаммоси ҳақида Озодликка етказган талабани қидириб топиш тўғрисида топишириқ бергани айтилмоқда. Бундан ташқари барча факультетлар талабалари билан суҳбат ўтказилиб, “юқоридан сўраб келишса, пахта пулини олдик, деб айтинглар”, дея уқтирилганини гапириб берди қўқонлик талаба. Қўқон пединститути ректори Анвар Ҳакимов Озодлик билан суҳбатда талабалар билан шахсан суҳбатлашганини тасдиқлади, лекин пахта пули муаммоси борлигини қатъиян рад этди.

Озодлик билан ўтган жума куни яна боғланган қўқонлик талабалар пахта пули муаммоси ёритилиши ортидан талабалар ҳақлари тўланиши у ёқда турсин, уларга нисбатан тазйиқ кучайганини айтишмоқда.

“Озодлик сайтида бу мақола чиққанидан кейин ректор барча факультет ўқитувчиларини чақиртириб, бу маълумотни Озодликка етказган талабани топиш ҳақида буйруқ берибди. У ердан чиқиб ўқитувчиларимиз суриштиришди, лекин топишмади. Ундан кейин бу бости-бости бўлиб кетди. Пул берилмайдиган бўлди, хуллас”, дейди талаба.

Унинг яна айтишича, эртасига ректор барча талабаларни чақиртириб суҳбатлашган ва бу учрашув пайтида талабаларга пахта пулидан умид қилмасликка шама қилинган.

“Эртасига ректор, барча талабаларни уйидан бўлса ҳам чақиртириб, “агар бирортаси келиб, пул ҳақида сўраб қолса, олганмиз, деб айтинглар”, деган гап қилди. Менку 150 минг олишим керак, баъзилар бор 300 минггача пули қолиб кетган. Баъзиларнинг бир ярим тонна пахтаси ҳақи тўлангани йўқ. Юқоридан келишса, энди шубҳа қилмасин учун биз ҳам олдик деб айтмаиз, иложимиз йўқ”, дейди талаба.

Қўқон пединститути ректори: Мени бадном қилмоқчимисиз?

2 март куни Озодлик Қўқон Давлат педагогика институти ректори Анвар Ҳакимов билан боғланишга муваффақ бўлди. Ректор институт талабалари билан шахсан суҳбатлашганини тан олди, лекин пахта пули муаммоси борлигини кескин оҳангда инкор қилди.

- Ўзим гаплашдим ҳар битта бола билан. Болалар ҳаммаси пулларни олганмиз, ҳач қанача эътирозимиз йўқ, деяпти. Бунақа эмас-да, энди! Конкретно ҳаммаси билан гаплашиб чиқдик, болларнинг. 100 фоиз олганмиз, деяпти, пулини. Энди, нима кераги бор, унақа бўлар-бўлмас гапларни чиқаришнинг... Э, бўлмаган гап ҳаммаси (Талабаларга нисбатан босим бўлаётгани ҳақидаги гапларни назарда тутяпти-таҳр.), ҳеч қанақа тазйиқ ўтказилмаяптиям, ҳеч қанақа гап йўқ. Биз учун сизлар чақараётган гапларинг, ноль внимания (бир пул, демоқчи-таҳр.).

Қўқон Давлат педагогика институти ректори бу муаммони Халқ таълими вазирлиги ҳам ўрганиб, ҳеч қандай муаммо топмаганини иддао қилди.

Келишди, ўрганишди. Улар ҳам ўрганишди ҳаммасини. Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Журналистман, дейсиз, журналист деган одам ҳақиқатни чиқариши керак, кўчадаги гапни чиқариши керакмас-да овоза қилиб. Сизнинг бир оғиз гапингиз билан мен рабҳбарлик қилаётган институт бадном бўлиб қолиши керакми?- деди Қўқон Давлат педагогика институти ректори Анвар Ҳакимов.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармасининг ўзини Файзулло Аҳмедов, деб таништирган мулозими, Озодлик билан суҳбатда,Қўқон пединститутида пахта пули масаласида текширув ўтказилмаганини билдирди. Лекин бу масалани ўрганиб чиқамиз, дея ваъда қилди вазирлик расмийси.

Қўқон Давлат Педагогика институтининг бир гуруҳ талабалари 18 февраль куни Озодликка мурожаат қилиб, ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Фарғона вилоятининг Данғара туманида мажбуран пахта терганлари, аммо орадан ярим йил ўтиб ҳам ҳақлари берилмаганидан шикоят қилган эди. Лекин пединститутнинг математика факультети декани бу хабарни рад қилди.

Ўзбекистонда давлат тизимлари босими билан йилига миллионлаб одам пахта далаларига мажбуран олиб чиқилади ва бу йиллардан бери халқаро майдонда кескин эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.

Бир триллион долларлик Ғарб бизнеси ўзбек пахтасини бойкот қилганидан сўнг, Тошкент ҳукумати пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиëтини чеклашга мажбур бўлди. Аммо бундай чеклов ҳозирча коллеж ва институтлар талабаларини мажбурий ва кўп ҳолларда ҳақ тўланмаëтган оғир меҳнатдан қутқаргани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG