Линклар

logo-print

Тожикистонда ўтказилган парламент сайловларида 1991 йилдан бери биринчи марта Коммунистлар ва Ислом уйғониш партияси мағлубиятга учради. Президент Эмомали Раҳмон мансуб бўлган партия ғолиб деб топилган мазкур сайлов қонунбузарликлар билан ўтгани халқаро кузатувчилар томонидан эътироф этилди.

Тожикистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери биринчи марта мазкур мамлакат парламентига Коммунистлар ва Ислом уйғониш партияси вакиллари сайланмай қолди.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Шермуҳаммад Шоҳиён 2 март куни президент Эмомали Раҳмон раҳбарлигидаги Халқ демократик партияси 1 март куни ўтказилган парламент сайловида сайловчиларнинг 62,5 фоиз овозини олганини эълон қилди.

Шермуҳаммад Шоҳиёнга кўра, овоз беришда сайловчиларнинг 87,7 фоизи иштирок этди. Халқ демократик партияси билан бир қаторда Аграр партия 11,8 фоиз, Иқтисодий ислоҳот партияси 7,6 фоиз, Социалистик партия 5,5 фоиз овоз олиб парламентда ўринларга эга бўлди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий сайлов қонунбузарликлар билан ўтказилгани сабабли мазкур сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирди.

Халқаро кузатувчилар овоз бериш жараёнида бир одам бир неча бюллетенларни овоз бериш қутисига ташлагани, овозларни санаш жараёнига жиддий ёндошилмагани каби ҳолатлар кузатилганини билдирмоқда.

-Бизнинг миссиямиз ҳукмрон партия, президент, ҳукумат ва сайлов комиссияси ўртасидаги чегаралар ювиб ташлангани тўғрисида етарли далилларни тўплади. Бир мисол келтираман. Матбуот сайлов жараёнида 90 фоиз ҳукумрон партия, ҳукумат ва сайлов комиссияси фаолияти ҳақида ёзди. Материалларнинг фақат 2 фоизигина бошқа партиялар фаолиятига боғлиқ. Партиялар фаолияти телевидения орқали деярли ёритилмади. Бу фақат битта мисол. Биз Ислом уйғониш партияси ва Социал-демократлар партияларига нисбатан сайлов қонунлари чеклаб қўйилганига гувоҳ бўлдик, - деди ЕХҲТнинг Тожикистондаги сайловларни кузатиш миссияси раҳбари Миклош Харасти.

Сайловда енгилгани айтилган Тожикистон Ислом уйғониш партияси Марказий Осиёда расман рўйхатга олинган ягона ислом партиясидир. Тожикистонда 1992-1997 йилларда бўлган фуқаролар урушига барҳам берилишида мазкур партия жуда катта аҳамият касб этгани айтилади.

Тожикистоннинг 62 ёшли президенти Эмомали Раҳмон эса 1992 йилдан бери мамлакатни бошқариб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG