Линклар

Россия Немцов билан видолашмоқда


3 март куни Россия мухолифати етакчиси Борис Немцов билан видолашгани минглаб одам келди. Россиянинг собиқ бош вазир ўринбосари, президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов 27 февраль куни Москва марказида отиб ўлдирилди.

3 март куни Москванинг Сахаров марказида эрталабки соат 10дан тушдан кейинги 2гача ўтказилган видолашув маросимига минглаб одамлар йиғилди.

Улар орасида АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Тефт, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Жон Мейжор, Германия элчиси Рюдигер фон Фрич ва хорижлик бошқа мулозим ва сиёсатчилар, Россия Бош вазири муовини Аркадий Дворкович, сиёсатчи Геннадий Бурбулис, давлат аппарати бошлиғи Сергей Приходько, "Росатом" раҳбари Сергей Кириенко ҳамда марҳумнинг яқинларию сафдошлари бор.

Сахаров марказига келганлар орасида Россиянинг биринчи президенти Борис Ельциннинг рафиқаси Наина Ельцина ҳам кўринди.

Маросимда иштирок этган таниқли россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Солидарность” ҳаракати раҳбари, “Инсон ҳуқуқлари учун” жамоатчилик ташкилоти директори Лев Пономарёв Озодлик билан суҳбатда Борис Немцовнинг ўлими Россияда ҳақиқий фуқаролик жамиятининг тикланишига туртки бўлиши керак, деган фикрни билдирди.

- Фуқаролик жамият сифатида бизнинг эндиги асосий вазифамиз жамият аъзоларини жорий муамоларни ҳал этишга сафарбар этишдан, уни бирлаштиришдан иборат. Вужудга келган энг асосий муаммо – телевидениеда пайдо бўлган “киллер”ларни йўқотиш! Эътибор беринг, жамиятимиздаги мавжуд қарамақарши кучлар – хоҳ у кремлпараст бўлсин, хоҳ мухолифат тарафдори, - бир фикрда якдил: Немцовнинг ўлимига рус жамиятида авж олган ўзаро нафрат муҳити сабабчидир,- деди Лев Пономарёв.

Москвада видолашув маросими ўтказилаётган пайтда Украина президенти Петро Порошенко Россия фуқароси Борис Немцовни вафотидан кейин “Озодлик” ордени билан тақдирлагани тўғрисида хабар пайдо бўлди. Бу қарорни изоҳлар экан, Украина раҳбари Немцов украинлар учун Россия ватанпарвари ва Украина дўсти бўлиб қолишини билдирди.

“Бизнинг ва сизнинг озодлигингиз учун” – бу тарихий шиор Борис Немцов учун ҳаёт шиорига айланди. Шу сабабли мен уни "Озодлик" ордени билан тақдирлашга қарор қилдим. У хотирамизда абадий қолади”, деди Порошенко.

Украинанинг “Озодлик” ордени хорижликлар учун энг олий давлат мукофоти саналади.

Бундан бир кун олдин сиёсатчи Борис Немцов билан видолашувга Россия Президенти Владимир Путин келмаслиги, унинг ўрнига Сахаров марказига президент вакили Гарри Минх ташриф буюришини маълум қилди президент матбуот котиби Дмитрий Песков.

Видолашув маросимида Россия ҳукумати ва парламентининг бошқа юқори мансабдорлари кўринмади.

Жаноб Мейжор Россия ҳукуматини Борис Немцов ўлими юзасидан шаффоф тергов ўтказишга чақирди.

Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Борис Немцов 27 февраль куни ярим тунга яқин Москванинг Қизил Майдони яқинида номаълум шахслар тарафидан отиб ўлдирилган эди.

Мухолифат лидери билан хайрлашувга унинг бир қанча дўст-биродарлари кела олмаслиги маълум бўлди. Жумладан, душанба куни Москванинг Пресненский туман суди майда қонунбузарлик учун 15 кунлик қамоқ жазосини ўтаётган Алексей Навальнийга маросимда иштирок этиш учун рухсат бермади.

Шунингдек, Немцовни кузатиш маросимига шахмат бўйича жаҳон чемпиони ва мухолифатчи Гарри Каспаров шахсий хавфсизлик чораси ўлароқ кела олмаслигини билдирди. Душанба куни кечки пайт “Шереметьево” аэропортидан ортга Латвиянинг Европа парламентидаги депутати Сандра Калниете, Польша парламенти спикери Богдан Борусевичлар қайтарилди. Россия ҳукумати бу тақиқларни “конртсанкциялар” билан изоҳлади.

"РПР-Парнас" мухолифат партияси раисдоши Борис Немцов отиб ўлдирилган пайтда у билан бирга Москворецкий кўпригида бўлган украиналик Анна Дурицкая сўнгги бир неча кун давомида махфий хизматлар томонидан сўроқ қилиниб, душанба куни Россияни тарк этишга рухсат олиб кетгани маълум бўлди.

Якшанба, 1 март куни Россиянинг кўплаб шаҳарларида сиёсатчи Борис Немцов хотирасига оммавий хотирлаш акциялари бўлиб ўтди. Биргина Москванинг ўзида бу намойишга 50 мингдан зиёд одам йиғилди.

Борис Немцов бугун Москванинг Троекуровский қабристонига дафн этилади.

Борис Немцов бир ўғил ва уч қизнинг отаси эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG