Линклар

Каримов ташрифидан бир кун олдин Жиззахга элтар йўллар ёпилди


Фарғона вилоятида президент келишига тайëргарлик

Фарғона вилоятида президент келишига тайëргарлик

Ўзбекистон президентлигига номзод Ислом Каримовнинг Жиззах вилоятига ташрифидан бир кун олдин хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилди. Вилоят туманларини Жиззах шаҳри билан туташтирувчи автомобил йўлларида қатнов чекланди. Президентликка бошқа номзодларнинг келиб-кетганидан ҳатто хабар топмаган жиззахликлар бу сафар кўчаларни тозалаш, Каримов бориши эҳтимоли бўлган маҳаллаларнинг йўл бўйидаги уйларини бир хил қилиб бўяш каби ишларни амалга оширишга мажбурландилар.

Ўзбекистон президентлигига номзод Ислом Каримовнинг Жиззах вилоятига ташрифи арафасида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автомобилларни шаҳарга киритмаслик тадбирини бошлади.

Мирзачўл туманидаги Озодлик манбасининг айтишича, сешанба куни вилоят марказига йўл олган автомобилларнинг аксарияти Пахтакор туманидан ортга қайтариб юборилган:

- Биздан 20 километрдан кейин Дўстлик тумани, ундан 30 километрдан кейин Пахтакор тумани келади. Биздан Жиззахга борган мошинларни Пахтакорда ортга қайтаряпти. Мелиса босиб кетган, "ҳа" десак Жиззахга ота келган, йўллар ёпиқ дейди. Хуллас қайтиб келдик. Мана ҳозир ҳам биттаси телефон қилиб сўраб турибди, йўллар очилдими деб. Йўқ, эртага келарсизлар, дейишяпти, деди манба.

Дўстлик-Жиззах йўналишида таксичилик қиладиган ҳайдовчи ҳам йўлларда қатнов чекланганини айтди:

“Йўллар ёпиқ, ёпиқ ака. Лекин йўлини қилиб бориб келдик”, деди ҳайдовчи.

Шу йўналишда қатнайдиган бошқа бир таксичининг айтишича, сешанба куни кечга бориб, йўл очилган.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, Ислом Каримовнинг Жиззахга ташрифи чоршанба кунига белгиланган. Мулозим шаҳарга кириш йўлларининг бир кун олдин ёпилишини “тренировка” деб атади:

“Ота эртага келадилар. Бир неча кундан буён шунга тайёргарлик ишлари кетяпти. Гаишниклар ҳам тренировка қилаётган бўлса керакда, чунки эртага ота келсалар, шаҳарга кирадиган барча йўллар ёпилади”, деди мулозим.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Мамиржон Азимов ҳам Ислом Каримовнинг ташрифига бир ойдан буён тайёргарлик ишлари бораётганини айтади:

- Мен бугун эрталаб Жиззах шаҳрида бир 8 километр пиёда юриб кузатдим. Йўл ёқасидаги ҳамма уйлар бир хил рангда бўялган, уйларнинг шиферлари олиниб тунука қилиб қоқилган. Ҳақиқатан ҳам сиртдан қаралганда жуда чиройли қилинган. Талабалар, бюджет ташкилотлари ишчиларининг кучи билан бўляпти ҳаммаси, дейди Мамиржон Азимов.

Инсон ҳуқуқи фаоли президентликка бошқа номзодлар келишига бундай тайёргарлик кўрилмаганини қўшимча қилди:

- Бошқа номзодлар ҳам келиб-кетибди дейишяпти. Лекин уларнинг келганини ҳам, кетганини ҳам ҳеч ким билмайди, деди Мамиржон Азимов.

Ислом Каримовнинг вилоятларга ташрифи олдидан хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилади. Президентнинг сайловолди учрашувларига ҳам фақат махсус хизматларнинг суҳбатидан ўтган, танланган одамларгина қўйилади.

Ислом Каримовнинг Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорқалпоғистон республикасида ўтказган сайловолди учрашувлари олдидан ҳам талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимлари кўчаларни тозалаш, томларнинг кўчага қараган томонини хўжакўрсинга бўяш каби ишларга мажбуран жалб қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG