Линклар

logo-print

ФСБ: Умида Аҳмедова Россияга "давлат манфаатлари" туфайли қўйилмади


Умида Аҳмедова.

Умида Аҳмедова.

Ўзбекистонлик таниқли фотограф Умида Аҳмедованинг Москвага кетаётган самолётга чиқарилмагани Россия Федерал хавфсизлик хизмати буйруғи сабаб бўлган. Аҳмедованинг ўзи ФСБ қора рўйхатига тушиб қолиши сабабларини билмаслигини айтмоқда. Лекин бунинг ортида ўтган йили Тошкентдаги Украина элчихонаси олдида Евромайдонни қўллаб-қувватлаб ўтказган акция ҳамда Россия матбуотида ксенофобияга қарши чиқишлари турган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаслигини айтади фототасвирчи.

Умида Аҳмедова ўтган ҳафта 28 февралга ўтар кечаси Тошкент аэропортидан Москвага учиб кетмоқчи бўлганида 806-рейсни амалга оширган UTAir авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги вакили фотографнинг Россияга киритилмаслиги тўғрисидаги билдиришномани тақдим этиб, уни рўйхатдан ўтказмади.

Билдиришномага қўл қўйган UTAir ширкати вакили Науфал Орифжонов, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бу мактубни Аҳмедовага шахсан топиширганини билдирди. Унинг айтишича, фотографнинг исми UTAir ширкатининг Россиядаги бош қароргоҳидан юборилган.

“Россияга кириши тақиқланган йўловчилар рўйхати менга ҳар куни юборилади. Бу биринчи марта эмас. UTAir Ўзбекистондан ҳар куни рейсларни амалга оширади ва ўртача ҳисобдан ҳар куни 8-10 киши рейсдан тушириб қолдирилади. Менга рўйхат Москвадан раҳбариятдан келади. Улар, ўз навбатида, бу рўйхатни тегишли идоралардан олишади”, дейди UTAir вакили.

Фотограф қўлига топширилган билдиришномада айтилишича, “Тошкент-Внуково йўналиши бўйича учаётган Умида Аҳмедовага “UTair авиакомпаниясининг ходимлари ва ФСБнинг “Внуково” аэропортидаги Чегара хизмати отряди ваколатли шахсларининг Россия Федерациясига киришдан олдин шахсларни текшириш бўйича ҳатти-ҳаракатлари тартиби”га мувофиқ “Россия Федерациясига кириш ман этилган”.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати жамоатчилик билаш ишлаш бошқармасининг ўзини таништиришдан бош тортган ходими, Озодлик билан телефон суҳбатида, ўзбекистонлик фотографнинг Россияга киритилмаганига унинг миграция қонунларини бузгани сабаб бўлган, дея иддао қилди.

- Ўйлаб кўринг, сизга бекордан-бекорга кириш тақиқланармиди. ФСБ унинг киришига тақиқ қўйган бўлса-да, бунга оид хулосани Федерал миграция хизмати беради. ФСБ кириш ва чиқишга тақиқ тўғрисидаги қарорни ФМС билан биргаликда чиқаради. ФМСга мурожаат қилинг. Биз иккита идора бўлганимиз билан битта давлат учун ишлаймиз. Ахир биз давлатимиз манфааталари йўлида ишлаяпмиз,- деди ФСБ мулозими.

Умида Аҳмедованинг ўзи ФМСнинг маълумотлар базасидан текшириб, Россия миграция қонунини бузган фуқаролар рўйхатида ўз исми йўқлигини аниқлади. Фотограф Россия расмий идораларидан бу борада аниқ жавоб берилмагунча бирор хулоса чиқаришдан тийлишини айтади. Лекин шу билан биргаликда бунга ўтган йилнинг бошида Киевдаги аксилҳукумат намойишлар пайтида Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида Евромайдонни қўллаб-қувватлаб акция уюштиргани ёки Россия матбуотида ксенофобияга қарши чиқишлари сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

2014 йилнинг 27 январь куни Аҳмедова, унинг ўғли ва яна бир неча нафар фаол Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида Евромайдонни қўллаб-қувватлаб акция ўтказганлари учун Тошкент суди тарафидан катта миқдора жаримага тортилган эди.

Россиянинг ўзида эса сўнгги бир йил давомида Москванинг Украинага нисбатан сиёсатини танқид қилган кўплаб мухолифатчи ва фаоллар “давлат душманига” чиқарилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG