Линклар

logo-print

Муҳожирни қайтариш учун Самарқанддаги оиласига тазйиқ ўтказилди


Тошкентда уйма-уй юриб, хорижда юрган фуқароларни рўйхатга тушираётган ИИБ ходимлари

Тошкентда уйма-уй юриб, хорижда юрган фуқароларни рўйхатга тушираётган ИИБ ходимлари

Россияда мардикорлик қилаётган самарқандлик 35 яшар Жавлон Ўзбекистондаги укаси, холаси ва опаси ИИБ, МХХ ходимлари босими остида қолгани, қийноққа солинганини иддао қилди. Айтишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Россияда юриб, террорчи гуруҳлар сафига қўшилган, дея асоссиз гумон қилмоқда ва келгуси 3 ой ичида уни куч билан юртга қайтаришидан таҳдид қилмоқда.

"Мени қайтариш учун укам, холамни қийнашди"

Яқинларининг хавфсизлиги боис, исми-фамилиясини сир сақлашни сўраган 35 яшар меҳнат муҳожирини шартли равишда Жавлон, деб номладик.

Жавлон Россияда қарийб 9 йилдан бери мардикорлик қилаётгани, у туғилиб ўсган туман ИИБ ходимлари эса унинг ортидан 3 йил муқаддам суриштирув бошлаганидан хабар топганини айтмоқда.

- Авваллари бироз намоз ўқиганим учун ўзимизнинг райондаги мелиса охирги марта борганимда енгил сўроқ қилган эди. Ўша 2012 йилдан бери уйга борганим йўқ. Ҳозирса эшитсам, кузда борган укамни қарийб 1 суткага қамаб, уриб, менга қарши кўрсатма олишибди. "Шунақа-шунақа, акам намоз ўқийди, террорчиларга қўшилган" деган мазмунда. Ўтган ҳафтада эса холамни 2 суткага қамаб, уриб, оғзидаги 5-6 та тишини синдириб, ундан ҳам менга қарши кўрсатма олишибди, - деб даъво қилди Жавлон.

Унинг иддаосича, ёши 40 дан ошган холасидан ташқари бир ўртоғи ҳам босим ва қийноқлар остида Жавлонга қарши кўрсатма берган.

"МХХ 3 ой ичида мени Россиядан ўғирламоқчи"

Жавлон шу кунда туман ИИБ ва МХХ назорати остида қолаётган яқинлари у билан мулоқотдан қочаётганини айтаркан, бошқа таниш-билишлар орқали аҳволни ўргангани, охир-оқибат яқинларини қийин-қистовга олган туман МХХ зобити билан телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлганини даъво қилди.

- Очиқ гап, укамни тергов қилган МХХ терговчисининг телефонини топдим. "Мени нимага суриштиряпсизлар, мен ёмон одамманми, мана телефонимни 3 йилдан бери ўзгартирмадим, сўранглар-суриштиринглар!" деб айтдим. У бўлса, дарров менинг адресимни сўради, мен айтишга қўрқдим. "Келса-келмаса, 3 ой ичида Ўзбекистонга олиб келиб, қамаймиз", деб туришибди экан, - дейди Жавлон.

Жавлон яқинларининг ҳавфсизлигига таҳдид солмаслик учун номини ошкор қилмасликни сўраган Самарқанд вилояти туманларидан биридаги ИИБга Озодлик боғланди, аммо меҳнат муҳожири тилга олган иддаолар борасида бирор маълумот ололмади.

"Оиламни қамашларидан қўрқиб, намозни ташладим"

Унга нисбатан илгари сурилаётган айбловларни эса меҳнат муҳожири бўйнига олмаётир. Аксинча, Россияда ишлаб юриб, Ўзбекистон ИИБ ва МХХ томонидан диний радикал гуруҳлар сафига қўшилишда айблангани боис, муқаддам ора-сирада амал қилгани кундалик ибодатдан ҳам олислаб бораётганини айтмоқда.

- Мен, ўзи намозни қойиллатиб ўқимаганман. Шулардан қўрққанимдан, намоз ўқимайман. Жуда нервничать қилганим учун, ичкиликка берилиб қолдим ўзи. Қанақа террорчи гуруҳ?! Бу бизнинг район мелисаси ёки МХХ мени олиб бориб, қамаса званияси ошади, шекилли. Майли ишлашсин, лекин ҳалол ишлашсин! Мана Афғонистонга, Туркияга, Сурияга кетаяпти қанчаси - шуларнинг ушлашсин! Менинг бирор айбим йўқ, мана текширишсин, деб телефонларимни ҳам ўзгартирмадим, адресимни ҳам 3 йилдан бери ўзгартирмадим, иш жойларим тайин, - деб даъво қилади Жавлон.

Ичувчи отадан етим қолган ака-ука мардикорлар

Аслида Жавлон ота-онасидан ҳали ёшлигида етим қолган 5 фарзанднинг биридир.

Унинг ҳикоя қилишича, ота ичувчи бўлгани боис, ичкилик ортидан ёшлигида оламдан ўтади ва бу дунёдан кетаркан, оиланинг ягона мулки – уйни ҳам судхўрларга олдириб кетади.

Хаста онани эса даволаш учун норасида болаларда пул йўқ, натижада кўп ўтмай ёшгина она ҳам хасталикдан вафот этади.

Каттаси 15 яшар, кичиги 3 яшар бўлган беш фарзанд бирданига уйсиз-жойсиз, отасиз-онасиз етим қолади.

Жавлон оилада катта ўғил бўлгани боис, ҳаётда жуда қийналгани ва ўз болалигини фарзандларига раво кўрмаслигини айтади:

- Жуда қийналиб ўсганмиз. Отам ўлганда 13 ёш эдим. Миннат билан, туртилиб-суртилиб, ҳар кимнинг эшигини тагида катта бўлганмиз. Ота-онамиз ўлиб кетганда, бизни қариндошлар бўлиб олишган. Лекин, миннатни кўп эшитганмиз. Ўғил укам билан мактабни битириб, Россияга пул топишга келганмиз. Маълумотимиз йўқлиги учун тинмай қора меҳнат қиламиз. Икки қизни чиқардик, кичик синглимизни ўқишга жойладик. Ўзимиз уйландик, отамиздан қолган қуруқ участкага уй солдик. Энди қаддимизни тикладик, деганда энди МХХ билан ИИБ изимизда. Уйимизни ҳам расмга олиб, ёзиб-чизиб кетишибди, - дея ҳикоя қилади Жавлон.

Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган Жавлон етимлик ва қора меҳнат машаққати билан ўтган болалагидаги азобу уқубатдан энди қутулдим деганда, бошига қувғинлик азоби тушишини асло истамаслигини қайта ва қайта тилга олди.

"Ҳуқуқий ҳимояга муҳтожман"

Россияда юрган муҳожирлар орасида Ўзбекистонда диний радикал гуруҳларга қўшилганлик ёки бошқа шу каби айбловларда абланаётганларни кўп кўрганини айтган Жавлон ҳуқуқий ҳимоя изламоқда.

У Озодлик орқали жамоатчиликка мурожаат қилди ва ҳуқуқ фаолларидан ёрдам сўради:

- Ўзбекистонга борсам, камида 7-12 йилга қамайди. Майли айбим бўлса, марҳамат қамасин! Лекин, мен террорчимасман, экстремист эмасман, етимликда ўсган, оилам-болам-чақам, деган мигрантман. Ўзбекистонга борсам, судга, прокурорга ариза қилишга имконият ҳам беришмаса керак. Берса ҳам, не фойда?! Россиядан ҳам ўғирлаб келамиз, дегани учун ҳозир икки ўтнинг орасида юрибман. Менга ўхшаган қанча, ахир! Қанчаси йўқолиб кетиб, дараги Ўзбекистон СНБнинг подвалидан чиқаётганлар қанча! Бизга ёрдам берадиганлар борми - нима қилайлик, кимга борайлик? - дея мурожаат қилди Жавлон.

Самарқандлик Жавлон Ўзбекистон прокуратураси томонидан қидирувга берилган ёхуд маҳаллий ИИБ, МХХ томонидан диний радикал, террорчи гуруҳларга қўшилишда гумон қилиниб, тазйиққа олинаётганидан Озодликка арз қилган ўнлаб ўзбек муҳожирларидан биридир.

"Муҳожирларни Ўзбекистон МХХ ўғирлаяпти"

Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев 2013-2014 йиллар ичида Ўзбекистон диний-сиёсий мотивлардаги жиноятларни содир этишда айблган ёки гумон қилиб, юртдаги яқинларини тазйиққа олган ўнлаб меҳнат муҳожири Россиядан ўғирлаб кетилгани фактини аниқлаган.

У туйқусдан Россиядан йўқолиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг дараги Ўзбекистондан чиққанини таъкидлаб келади. Краснодарда ғойиб бўлган бир неча наманганлик меҳнат муҳожирининг ўғирлашини мисол тариқасида тилга олган фаол шундай хулоса билдирди:

- Булар на экстрадиция, на депортация бўляпти – ўғирлаб кетиляпти. Ўғирлашдан мақсад – қайсидир мавҳум гуруҳларга наманганлик йигитларни боғлаб, гўё “Жиҳодчилар” деган йўқ ташкилотга бирлаштириш. Ман кўрдим сўровнома ҳужжатларини: у, ҳатто “жиҳодчилар” ким эканини билмайди! Эртага уни олиб кетишгандан кейин, уни мажбур қилишганидан кейин, у айтаверади: “Ман жиҳодчиман!” деб. 155, 159, 244-жиноий моддаларнинг “а,б” пунктларини қўйишади. Ахир ёшгина йигитлар бунча жиноятни истаса ҳам қила олмайди,- деб таъкидлайди Баҳром Ҳамроев.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари ўғирлаб кетилаётган муҳожирларнинг аксарига нисбатан Ўзбекистон махфий хизматлар томонидан жиноий ишлар сохталаштирилишига ишонишини қўшимча қилади.

Россиядан ўғирланганлар:

2014 йилнинг 21 июлида Россиянинг Краснодар ўлкаси Хадиженск шаҳрида жойлашган 9-сонли жазони ўташ колониясидан озодликка чиққан 27 ёшли Сирожиддин Неъматов ўғирлаб кетилгани иддао қилинди.

2014 йилнинг 26-27 май кунлари Россиянинг Калининград вилоятида вақтинчалик қочқинлик мақомини изловчи андижонлик муҳожирлар - Дилшодбек Назаров ва Давронбек Мамажоновлар ўғирлаб кетилди.

2014 йилнинг 28 февраль куни эрталаб Калининграднинг Гвардейский туманидаги 7-сонли ахлоқни тузатиш колониясидан озодликка чиққан 1981 йилда туғилган ўзбекистонлик Жалолбоев Латиф Турсунович ўғирлаб кетилган.

2012 йилнинг 27 декабрида 19 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдусамад Фазлиддиновнинг жасади яқинлари томонидан Москвадан Наманган шаҳрига олиб кетилган.

2012 йилнинг 14 декабр куни Ўзбекистон Россиядан экстрадиция қилинишини хоҳлаётган Юсуф Қосимохунов Москва вилоятида бедарак йўқолган.

Шунингдек, Россиянинг бошқа шаҳар ва ўлкаларидан қидирувда бўлган ўзбекистонликлар ноқонуний йўллар билан олиб чиқилаётгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG