Линклар

logo-print

Россияда депутатлар маоши кесилади, Ўзбекистонда-чи?


Ўзбекистон парламенти биноси.

Ўзбекистон парламенти биноси.

Россияда йўғон чўзилиб ингичка узилаётгани ростга ўхшайди. Яқин фурсатда қонунтузарлар – парламент аъзоларининг ойлик маоши кесилиши мумкин. Оз эмас, нақд 10 фоизга!

Пичоқнинг сопи ўзидан чиқди: таклифни депутатларнинг ўзи ўртага ташлади. Аввал-бошда Давлат думаси (парламент қуйи палатаси) спикери Сергей Наришкин мояна камайишидан гап очди.

Юқори палата раҳбари Валентина Матвиенко хоним кўп маҳтал қилмади. Федерация кенгаши аъзолари ҳам жон-жон деб ойликнинг 10 фоизидан воз кечишини ошиғич маълум қилди. Ҳавас қилса арзийдиган аҳиллик!

Буни хоҳланг – “мардумкўрсинга қилинган сиёсий ўйин” атанг, хоҳланг “рус депутатларининг ватанпарварлиги Волга дарёсидек жўшиб кетгани” денг.

У эмас-бу эмас, дўппи тор келиб турганда Россия қонунтузарлари қўли юпқа қора халқдан андак уялди. Борингки, ўзини уялгандек кўрсатди.

Майли-да, депутатлардан ортган уч-тўрт танга билан Кремлнинг таги кўриниб қолган ғазнаси тўлмайди, аммо тежалган ақча ҳарна бирор кемтикни тўлдиришга асқотади. Ҳа деган туяга мадор...

Шу воқеа сабаб бўлдию, “Ўзбекистон парламенти депутатлари маошини ҳам камайтириш керак эмасми?” деган фикр туғилди.

“Парламент қабул қилган қонунлар ҳаётдан йироқ, боз устига, ишламаяпти” қабилидаги важларни келтирмоқчи эмасмиз.

“Депутатлар ўз ваколатларидан фойдаланиш тугул, улардан ҳатто яхши хабардор эмас” қабилидаги айбловларни қалаштирмоқчи эмасмиз.

Эътиборингизни биргина рақамга қаратмоқчимиз.

Охирги беш йил ичида (2009-2014 йилларда) Ўзбекистон парламенти қабул қилган 140 дан зиёд қонуннинг бор-йўғи 19 таси Қонунчилик палатаси ташаббуси билан қабул қилинган. Улардан ҳам атиги 3 таси (!) янги қонун, қолганлари муайян ҳужжатларга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ лойиҳалар.

Бу – Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 2015 йил 23 январ куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида келтирган рақам.

Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати беш йил давомида ўз ташаббуси билан атиги 3 дона қонун ҳозирлаганини нима деб изоҳлаш мумкин?

Парламент аъзоларининг вазифаси фақат давлат идоралари таклиф қилаётган қонунларни маъқуллашдан иборатми?

Ё уларга пўрим кийиниб юрганию кифтини келтириб нутқ ирод қилгани учун ойлик тўланадими?

Ўзбекистонлик сайловчи

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG