Линклар

Икки болани ўлимдан қутқариб қолган қизалоқ Бош муфтий таҳсинига сазовор бўлди


Алфия Тожибоева онаси билан

Алфия Тожибоева онаси билан

Россиянинг Саратов вилояти, Энгельс шаҳрида сувга чўкаётган икки болани қутқариб қолган 10 яшар ўзбекистонлик Алфия Тожибоева Россия Бош муфтийси шайх Равил Ғайнуддиндан раҳматнома олди. 4 март куни Алфия маҳаллий ҳукуматнинг “Эзгулик учун” ордени билан ҳам тақдирланди. Маҳаллий журналистлар эса Саратов қаҳрамонига айланган қизалоқ оиласига моддий ёрдам йиғмоқда.

10 февралда Волга дарёсида чўкаётган 6 -7 ёшли опа-ука Даша ва Михаил Тангиновларни сақлаб қолган Алфия Тожибоева Россия Муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддининг таҳсинига сазовор бўлди.

Россия Диний бошқармаси томонидан қизалоққа юборилган ташаккурномада Бош муфтий Алфиянинг ҳатти-ҳаракатлари “уни ҳайратда қолдиргани”ни билдирди.

“Сенинг ҳаракатларинг мени нафақат ҳайратлантирди, балки эзгу ниятли одамлар, жумладан барча мусулмонлар қаторида мени жуда қувонтирди. Биз сен билан фахрланамиз. Ахир Оллоҳ сенинг қўлларинг билан болаларни қўтқариб қолди. Бу буюк ҳодиса! Сенинг ота-онангни жуда қадрлаймиз – зеро, ишонки, одам ёшлигида орттирган барча нарсалар ота-онанинг меҳнатлари мевасидир”, деб ёзади Алфияга муфтий Равил Ғайнуддин.

Онаси Энгельс шаҳар масжидида фаррошлик қилишини Озодликка маълум қилган масжид вакиллари бу қизалоқ Қуръони Карим ҳофизаси экани ва бундан икки йил олдин болалар орасидаги ҳофизлар танловида ғолиб бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

(Фотосуратлар Саратов вилояти Мусулмонлар диний бошқармаси томонидан тақдим этилди )

Ҳодиса ортидан шамоллаб қолган қизалоқ оиласини кўришга борган маҳаллий масжид фаоллари уларга ёрдам пули олиб боргани, маҳаллий ҳокимият вакиллари эса уни муносиб тақдирлаши тўғрисида гапирилган эди.

Таҳририятга маълум бўлишича, 4 март куни Саратов вилояти Энгельс

"За благое" медали

"За благое" медали

шаҳрининг Таълим бошқармаси Алфия Тожибоевани “Эзгулик учун” фахрли мукофоти билан тақдирлади. “Икки бола ҳаётини сақлаб қолган кичкина қизимиз – Альфия Тожибоеванинг ҳатти-ҳаракатлари, сўзсиз, қахрамонликдир. У эндиликда, энг аввало, катта ёшдагилар учун ўрнак бўлади”, деди тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Саратов вилояти Таълим вазири Марина Епифанова.

Айни пайтда, Саратов вилоят диний бошқармасида Алфия Тожибоева эндиликда маҳаллий муфтиятнинг доимий “назорати”га олинганини билдиришди.

Поволжье Мусулмонлар диний бошқармаси расмий вакили Аҳмад ҳожи Махметов Озодликка бир неча кун олдин маҳаллий имом ва журналистлар билан бирга Россия мусулмонлари идораси раиси муфтий Равил Ғайнуддин хатини Алфияга топшириб келганини айтиб берди.

- Шайх қизимизнинг ҳаракатларидан ҳайратга тушганини ёзди, жуда чиройли сўзлар билан ўз миннатдорчилигини билдирди. У Алфия тўғрисида сайтимизда ўқиб қолибди ва оз вақт ўтмасдан мана шу хатни юборди. Қолаверса, Саратовда бу ҳодиса катта шов-шувга сабаб бўлди: деярли барча оммавий ахборот воситалари уни ёритди, бугун унга медаль топширилиши жараёнини марказий телевидение суратга олиб кетди. Саратов православ жамғармаси Алфиянинг оиласига бироз маблағ ҳам ажратибди, дейди Аҳмад ҳожи.

Мусулмонлар жамоаси вакилининг айтишича, маҳаллий ҳукумат қизчага ва унинг дўстларига маҳаллий циркка бепул билет ажратган ва томоша ўртасида цирк раҳбари Алфия Тожибоевага йиғилган саратовликлар эътиборини қаратган.

Саратов мусулмонлар жамоаси фаоли Аҳмад ҳожи Махметов Алфия айнан онасининг яхши тарбиясини олганини алоҳида таъкидлади:

- Улар Ўзбекистондан келганига анча бўлди. Бу аёл иккита қизчани бир ўзи тарбиялаб келади, афсуски, бироз қийин аҳволда экани ҳам рост. Жуда меҳнатсевар, камтарин инсон экан онаси.Шу қийинчиликларга қарамасдан у руҳан чўкмаган. Мана шу ҳаётий тўсқинликларга қарамасдан она қизига ҳақиқий шарқона, мусулмонча тарбия бера олди. Алфия эса бир неча кун қаттиқ шамоллаб қолган эди – Оллоҳга шукур, ҳозир кайфияти яхши, соғайиб кетди, дейди шахсан бориб, кўриб келганини айтган Аҳмад ҳожи.

Суҳбат охирида Аҳмад ҳожи Махметов Алфия Тожибоева масжид қошидаги диний таълим-тарбиясини давом этмоқда, деди.

- Биз унинг келажакда журналист бўлиш истаги борлигини билдик. Муфтиятимизда журналистика ва матбуот соҳасини бошқариб келаётган одам сифатида, мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Иншаоллоҳ, ёзда лагерларимиз бошланади – Алфия бизнинг ўз мухбиримиз бўлади, лагерь газеталарига кичкина мақолаларни топшириб, тарбиялаб борамиз, деди Саратов Мусулмонлари диний бошқармаси вакили Аҳмад ҳожи Махметов.

Озодликка маълум бўлишича, Энгельс шаҳрининг 19- мактаби 4 “а” синфи ўқувчиси Алфия Тожибоева мактабнинг “Мактабимиз фахри” галереясига киритилди.

Унинг довюраклигидан ҳайратланган “Взгляд-инфо” маҳаллий ахборот агентлиги журналистлари эса Сбербанк орқали №42307.810.2.5600.0021914 рақамига (Альбина Анатольевна Семенова номига) бу оилага моддий кўмак йиға бошлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG