Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:17

Каспаров: Бу хунрезлик учун Путин жавобгар


Шахмат бўйича жаҳон чемпиони, рус мухолифатчиси Гарри Каспаров 4 мартда АҚШ Сенатининг ташқи ишлар қўмитасида ўтган тингловда Путин Борис Немцовнинг ўлдирилишида билвосита роль ўйнаганини иддао қилди. Унга кўра, бунга Немцов Россия Украина шарқига ҳарбийларини киритгани ҳақида далилларни йиғаётгани сабаб бўлган.

"Боря ўзи тўғри деб ҳисоблаган ишларни қилди"

Россия мухолифати аъзолари сифатида Гарри Каспаров ва Борис Немцов кўп ҳолларда ўзаро муросага келолмаган. Шундай бўлса-да, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Озодлик радиосига берган суҳбатида Немцовни қаттиқ ҳурмат қилганини айтди.

1990 йиллар охирида Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Немцов Россия мухолифатининг йирик намоёндаси, “Ўнг кучлар иттифоқи” ва “Солидарность” ҳаракатининг асосчиларидан бири эди.

51 ёшли Каспаров ва Немцов 2003 йил Владимир Путиннинг ўсиб бораётган авторитаризмига қарши курашиш учун кучларини бирлаштирган. Каспаровга кўра, Немцов ҳам бошқа мухолифатчилар каби курашишдан чарчаб Кремлга қайтиши мумкин эди, аммо у ҳеч қачон бундай қилмаган:

– Кўп одам ўзининг либерал қарашлари ҳақида гапиради. Боря Россияда ўзгаришларни кўриш истаги ҳақида гапириш билан чекланиб қолмай, шу нарсани амалга ошириш учун қўлидан келганини қилди. Ҳеч нарсадан умид қолмаганида, ҳамма нарса бемаъни туюлганида ҳам ишни охирига етказиш керак, деб ҳисоблади. Нима бўлса бўлар, деб қўлидан келганини, ўзи тўғри деб ҳисоблаган ишларни қилди.

“Қатлга таклиф”

Каспаровнинг айтишича, Немцовнинг фаоллиги Путин учинчи президентлик муддатини бошлаганидан кейин намойишлар ўтказилишига муҳим туртки бўлган.

“Ундан ижобий қувват таралиб турарди. Ўзи бўлса доим ҳаракатда эди”, деб эслайди Каспаров..

Намойишичилар жиддий тазйиққа учраганидан кейин Каспаров ва Немцов ўртасидаги тафовут кучайди. Каспаров кескин чоралар тарафдори бўлса, Немцов "революцияга йўл қўйилмаслиги керак", деб ҳисобларди.

Касапаров эндиликда бундай тортишувлар “ғалати” туюлишини айтади:

“Буни қаранг-ки, улар Россияда қон тўкилишини олдини олиш учун жон-жаҳди билан курашган одамни ўлдиришди”.

Каспаровга кўра, Немцов Украинада 2004 йил содир бўлган революцияни ва 2013-2014 йилги Евромайдон намойишларини қўллаган. Аммо у бу ғоя Россияга ҳам тарақалади, деб ҳисобламаган.

“У ўша намойишларни қўллаган бўлса-да, Украинада содир бўлган ҳодисалар Россияда ҳам қайталанса жуда кўп қон тўкилади, деб ҳисобларди”, дейди Каспаров.

Немцовнинг қотиллари топилиш-топилмаслиги ҳақидаги саволга Каспаров "бугунги кунда қотилларни қидириш самарасиздир", деб жавоб берди. Унинг фикрича, Немцов Россияни йўқ қилиш истагидаги сотқин сифатида тасвирлангани учун уни ўлдиришни истаганлар кўп бўлган.

“Бу фашизация, жамиятнинг ҳарбийлаштирилиши натижасидир. Бу жамият нафрат билан суғорилган бўлиб, уруш руҳида яшаяпти, - деди Каспаров. - Бориснинг ва бошқа таниқли мухолифатчиларнинг суратларини шаҳар бўйлаб ва телевизорда кўрсата бошлашгани қатлга таклиф эди”.

Каспаров “Путин бу хунрезликка жавобгардир”, деб қўшимча қилди.

“Яхши вариант қолмади”

Каспаровнинг айтишича, Немцовнинг ўлдирилиши парчаланган мухолифатни жонлантирмайди.

“Яхши вариант қолмади – фақат ёмон ва ўта ёмон вариантлар қолди, - деди Каспаров. - Ўрта синф намойишларга чиқмайди, сабаби қондан ҳайиқмайдиган ҳозирги тузум жиддий кўринган илк хавфни ўққа тутади”.

Ғарбнинг Россияга нисбатан суст реакциясини танқид қилиб келаётган Каспаров Немцовнинг ўлдирилиши дунё раҳбарларига озгина бўлса-да Путин сиёсатига нисбатан қатъийлик бағишлашига умид қилишини айтди:

“Россияда содир бўлган ва ҳозир Украинада рўй бераётган ҳодисалардан келиб чиқиб, бу сиёсий қотиллик бўлганига ишончим комил, тергов гуруҳидан бошқа ҳеч кимда бунинг сиёсий қотиллик эканига шубҳа йўқ. Бу қотиллик ғарб давлатлари раҳбарларини Путинга нисбатан сиёсатни ўзгартиришга мажбурламаса ҳам, ҳеч бўлмаса ўзларини бошқачароқ тутишлари учун журъат бағишлади”.

XS
SM
MD
LG