Линклар

Минводи аэропортида тутқунликка тушаëтган ўзбеклар кўпаймоқда


Минеральние Води аэропорти

Минеральние Води аэропорти

Россиянинг Минеральние Води халқаро аэропортида саккиз кундирки паспортига қалбаки “кирди-чиқди” штампи урилганлик айби билан жиззахлик ака-ука Бердиевлар ушлаб турилибди. Ҳужжатсиз, иссиқ овқатсиз¸ ноинсоний шароитда аэропорт терминалида кун кечираётган Диёр ва Жаҳонгир ўзлари каби аҳволдаги ўзбеклар кўплигини айтмоқда.

Бундан 10 йил олдин Ҳолливуд режиссёри Стивен Спилберг суратга олган “Терминал” комедияси кўпчиликка таниш бўлса керак.

Фильм қаҳрамони Виктор Краковскийнинг АҚШ визаси (Том Ҳэнкс) ватанида сиёсий вазият ўзгаргани туфайли тўсатдан бекор қилинади ва у аэропорт терминалида бир неча ой қолиб кетишга мажбур бўлади. Айтишларича, Спилберг бу фильмни Париж аэропортида 1988 йилдан 2006 йилгача яшаб келган эронлик бир қочқин ҳикояси асосида саҳналаштирган.

Ҳозирги кунда Ставрополнинг Минеральние Води халқаро аэропорти терминалида саккиз кундирки қалбаки штамп билан чегарани кесиб ўтишга уринганликда айбланиб ташқарига чиқарилмаëтган ака-ука Диёр ва Жаҳонгир Бердиевлар бошига Спилберг қаҳрамони куни тушганига гувоҳ бўлиш мумкин.

“Паспортимиз Украинага ўзи чиқиб келган...”

2014 йилда Жиззахдан Москвага иш излаб келган Диёр ва Жаҳонгир Бердиевлар квартира таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган.

Ҳужжатларни Россия қонунлари асосида расмийлаштирган ва маҳаллий қурилишда аллақачон бир йил ишлаб қўйган йигитлар янги тартиб жорий қилингани ва бир йиллик муддат тугагани сабабли Ўзбекистонга кетишни режалаштирган.

"Авиачипта арзонроқ бўлгани учун Минеральние Води шаҳрида улар бир самолетдан иккинчисига ўтаётганда чегара хизмати ходимларининг назоратига тушиб қолди ва Ўзбекистонга кетаётган самолётдан олиб қолинди", дейди тафсилотларни гапириб берган Бердиевларнинг Москвадаги амакиваччаси Бобир.

Диëр Бердиев "терминал"да.

Диëр Бердиев "терминал"да.

- 26 февраль куни бўляпти бу воқеа. Олдинроқ мен бир жўрам орқали уларга документ қилиб берганман – просто паспортининг ўзини Украинага чиқартириб келганман. Улгурмагани учун вақтида ҳужжат қилишга, кирди-чиқдини янгиладик. Бу миграционний билан 4 киши борган эди.Чегарада эса фақат буларнинг миграционнийсини қалбаки деяпти. Аэропорт чегарачилари Ўзбекистонга жўнатган запросига жавоб келган, энди Украинадан кутаяпти экан. Булар ҳозир бинонинг ичкарисида ўтирибди. Бизга ҳеч бўлмаса депортини уриб, чиқариб юборсин! Бунақа одамлар кўп, деяпти. Пули қолмаган, еб-ичиш аэропорт ҳисобидан берилмас экан, дейди йигитлардан паспортлари олиб қўйилгани сабабли пул жўнатиш имкони ҳам йўқлигини гапирган Бобир.

Бу воқеани ўз назоратига олган москвалик ҳуқуқ фаоли Баҳром Исмоилов Россия Бош прокурори ва Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари вакили номига ака-ука Бердиевлар масаласида махсус мурожаатнома тайёрлаган.

“Бунақалар жуда кўп!”

Маълум бўлишича, ака-ука Бердиевлардан ташқари Минеральние Води аэропорти терминалида улар каби турли баҳоналар билан ушлаб турилган бошқа ўзбекистонликлар ҳам бор.

Жаҳонгир Бердиев.

Жаҳонгир Бердиев.

- Унақа болалар жуда кўп деяпти. Айнан шундай масалалар билан ушланган¸ ҳаммаси ётибди. Ҳатто 70 кунлаб кутиб ётганлар бор экан. Уларга суддан кейин “ўзларинг кетинглар”, бўлмаса лагерга жўнатамиз¸ дер экан. У ердан эса навбат келса, кейин жўнатар экан. Улар бу марказга иложи борича бормаймиз деяпти. Лекин қанча вақт ўтиб кетди, қаранг! дея яқинлари оч-наҳор ётганидан куйинади Бобир.

Озодлик билан WhatsApp тармоғи орқали уланишга муваффақ бўлган Диëр ва Жаҳонгир аэропорт тутқунига айланган ўзбеклардан айримлари бир неча ойдан буён ўз тақдири ҳал этилишини кутиб ётганини айтади:

"Икки ойдан бери юрган самарқандлик боллар бор – улар бу ерда ҳатто ойликка ишга жойлашиб олган: бири ошпазга ёрдамчи, иккинчиси сваршчик”, деб ёзди Бердиевлар.

Озодлик билан суҳбатда аэропорт Чегара хизмати вакили Игорь Синельников Диёр ва Жаҳонгир Бердиевлар ҳам Минеральние Води аэропортида қолаётган кўплаб хорижликлар каби паспортидаги қалбаки штамплар туфайли ушлаб турилибди, дейди:

- Сиз сўраган шахслар судда бўлганича йўқ. Бу ерда бундай ҳолатда бўлган одамлар жуда кўп. Шу жумладан ўзбек миллатига мансуб. Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Арманистон, ҳатто Нигерия фуқаролари ҳам бор. Улар паспортларида чегарани кесиб ўтганлик тўғрисида сохта муҳрлар урилган. Аслида улар чегарани кесиб ўтмаган, муайян пул эвазига паспортларини фирибгарларга берган, улар эса Москвада ўтириб ҳам штамп уриб бераверган. Ҳар ҳолда, биз қалбаки штампларни текшириш учун ўша чегара пунктларига сўровнома юборганмиз, ФСБ ва ФМСдан жавоб келишини кутаяпмиз. Қанча вақтда жавоб келиши номаълум, деди Игорь Синельников.

Терговчига кўра¸ Диёр ва Жаҳонгир Бердиевлар айбланаётган ҳужжатларни қалбакилаштириш учун Россия Федерация Жиноят Кодексининг 327--моддаси 3-қисмида белгилангани каби 80 минг рубль жаримадан то олти ойлик қамоққача жазоланиши мумкин.

Маълум бўлишича, суд қарори чиқмагунга қадар ўзбек мардикорларини озиқ-овқат ва бошпана билан таъминлаш мажбуриятини ҳеч ким ўз зиммасига олмайди.

Аэропорт терминалида яшашга мослашиб қолган Стивен Спилберг қаҳрамони Краковский бир неча ойдан кейин ўз юртига жўнаб кетади; “Шарль де Голль” аэропортида 16 йил яшаган эронлик Меҳран Карими Носирий эса ниҳоят қочқинлик мақомини олиб, ҳозир Парижда истиқомат қилмоқда.

Минеральние Води аэропортидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг яна қанча вақт терминалда қолиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG