Линклар

logo-print

Франция суди Мухтор Аблязов экстрадициясига розилик берди


Мухтор Аблязов

Мухтор Аблязов

Париждаги Франция Кассация суди 5 март куни қозоғистонлик мухолифатчи ва собиқ банкирни экстрадиция қилиш ҳақидаги Лион суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди. Мухтор Аблязов адвокатлари бу қарор устидан шикоят қилишга ҳали имкон бор, демоқдалар.

Франция ахборот агентликлари хабарига кўра, эндиликда қозоғистонлик мухолифатчи ва собиқ банкир Мухтор Аблязовни Россия ёки Украинага экстрадиция қилиш ҳақидаги ҳал қилувчи қарорни Франция ҳукумати қабул қилиши керак.

Associated Press хабарига кўра, Мухтор Аблязов адвокатлари 5 март куни Франция ҳукуматини ўз ҳимоясидаги шахсни экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорга имзо чекмасликка чақирган. Адвокатлар фикрича, Мухтор Аблязов олиб борган сиёсий фаолият боис унинг устидан адолатли суд бўлиш имкони йўқ.

Адвокат Питер Саласнинг Associated Press агентлигига айтишича, Мухтор Аблязов экстрадиция ҳақидаги қарор устидан Франциянинг олий маъмурий идоралари ёки Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилиши мумкин.

Бошқа адвокат Клэр Воке Reuters агентлигига Кассация суди қароридан ҳайратда қолганлигини айтди. Адвокатга кўра, Мухтор Аблязовнинг Россия ёки Украинага экстрадиция қилиниши реал муаммоларни келтириб чиқаради.

Мухтор Аблязов экстрадициясини Россия ва Украина талаб қилиб келади. У Киев ва Москва сўрови билан 2013 йилда Францияда ҳибсга олинган ва ўшандан буён мамлакат жанубидаги қамоқхонада сақланмоқда.

Ўтган йил октябрь ойида Лион шаҳар аппеляция суди Мухтор Аблязовни Россия ва Украина сўрови боис экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Аблязовни айнан қайси мамлакатга топшириш ҳақида ҳали суд қарор чиқармаган. Экстрадиция ҳақида Қозоғистон билан Франция ўртасида келишув йўқ.

Ўтмишда Қозоғистоннинг энг бадавлат шахсларидан бири ҳисобланган Мухтор Аблязов 2009 йили ўз банки давлат тарафидан мусодара этилиши оқибатида мамлакатдан қочган эди. Қозоғистон ҳукумати уни 6 миллиард доллар пулни ўмарганликда айблаб келади.

Аблязов бу айбловларни рад этмоқда.

Мухтор Аблязовга 2011 йили Британия сиёсий қочқин мақомини берган. 2012 йилда у Британия маҳкамаси чиқарган 22 ойга қамалиш ҳукмидан сўнг Британияни тарк этган ва Францияда яшаётган эди.

Қозоғистон президентининг жиддий мухолифлари хорижда ҳам таъқиб қилинмоқда.

24 февраль куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг яна бир мухолифи, унинг собиқ куёви ва собиқ дипломат Роҳат Алиевнинг жасади Австриянинг Йозефштадт қамоқхонасидаги бир кишилик камеранинг ҳожатхона қувурига осилган ҳолда топилган эди.

Алиев адвокатлари расмий Венанинг суиқасд ҳақидаги иддаосини савол остига олмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG