Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:02

Аэропортдаги оворагарчилик, интернет чеклови ва исрофгарлар


Тошкент аэропортидаги кўриниш.
Тошкент аэропортидаги кўриниш.

Тошкент аэропортидаги оворагарчиликлар туристлар оқими камайишига олиб келади. Наманганда қишлоқ врачлик пунктлари таъмирида катта миқдорда маблағ ўмарилган. Молини нон билан боқаётганларга қонуний чора кўриш таклиф этилди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Фуқаролар давлат хизматлари порталига 3,5-4 баҳо қўйган”

Ўзбекистон фуқаролари my.gov.uz давлат хизматлари портали орқали асосан Ички ишлар, Адлия вазирликлари, “Ўзархив” агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мурожаат қилмоқда (“Оила даврасида”, 5 март).

Газета хабарига кўра, фуқаролар уйидан чиқмай давлат идораларига юқоридаги сайт орқали шикоят ва ёки мурожаатлар йўллаши мумкин.

Интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлмаган фуқаролар эса 1060 ёки 8-800-200-18-18 рақамлари орқали мурожаат этиши мумкин.

Маълум қилинишича, электрон ҳукумат лойиҳаси доирасида яратилган my.gov.uz сайтига 500 дан зиёд давлат идораси уланган. Мурожаатларга давлат идораларининг муносабат аҳоли томонидан 3,5-4 баллда баҳоланган.

“Украина фуқароси: Тошкент аэропортидаги оворагарчиликлар туристлар оқими камайишига олиб келади”

Тошкент аэропортидаги оворагарчиликлар мамлакатга келаётган туристлар оқими кескин камайишига сабаб бўлади (“Новий век”, 5 март).

Киев шаҳрида яшовчи Ольга Звоновага кўра, паспорт назорати ва юк олиш пайтидаги узундан-узоқ навбатлар Ўзбекистон ҳақидаги ижобий тасаввурларни бузади.

Украиналик меҳмон Тошкент аэропортида 1,5 соат қолиб кетгани ва паспорт назорати ҳамда юк олиш 4,5 соатлик парвоздан ҳам оғирроқ кечганини ёзади.

Киевлик О.Звонова Ўзбекистонга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш учун аввало аэропортда сифатли хизматни ташкил қилиш лозимлигини урғулайди.

“Вилоятларда ҳам интернет кафелар ишини соат 21 гача чеклаш таклиф этилди”

Ўзбекистондаги барча маҳаллий ҳокимликлар Тошкент шаҳри ҳокими каби интернет кафелар фаолиятини тартибга солиш борасидаги ҳужжат қабул қилиши лозим (“Даракчи”, 5 март).

Газета яқинда вилоятлардан бирида 18 ёшли қиз отасини ўлдириб 10 йилга қамалгани, мазкур жиноятга эса асосий вақтини интернет кафеларда ўтказган қизга берилган танбеҳ сабаб бўлганини эслатиб ўтади. Газетага кўра, маҳаллий давлат ҳокимият идоралари интернет фаолиятини тартибга солгач, бу каби жиноятларнинг олди олинади.

Жорий йил 24 февралдан Тошкент шаҳар ҳокимининг интернет кафелар фаолиятини тартибга солувчи қарори кучга кирди. Унга мувофиқ, вояга етмаган ёшларнинг дарс пайтида ва тунги соатларда ота-онаси ҳамроҳлигисиз интернет кафеларга кириши тақиқланган. Ушбу муассасалар соат 21 гача ишлаши белгиланган.

“Наманганда қишлоқ врачлик пунктлари таъмирида катта миқдорда маблағ ўмарилган”

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги бир қатор қишлоқ врачлик пунктларини (ҚВП) таъмирлаш жараёнида жуда катта миқдорда маблағ ўмарилгани аниқланди (“Диёнат”, 5 март).

Хусусан, Охунбобоев ҚВП биносини таъмирлашда 36,6 миллион сўм, Нанай ҚВП таъмирида эса 75 миллион сўм ўзлаштирилган. Ҳар икки ҳолатда врачлик пунктлари мудирлари “Осиё авзал қурилиш савдо” жамияти раҳбари А.Турсуновга бажарилмаган ишларни “бажарилди” дея имзо қўйиб берган.

Бундан ташқари, яна бир қанча врачлик пунктлари иссиқлик тизимини таъмирлашда ҳам маблағ ўмарилган. Қайд этилишича, жамият раҳбари А.Турсуновга 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима тайинланган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар, хусусан, врачлик пунктлари мудирлари тақдирига оид маълумотлар келтирилмаган.

“Молига нон бераётган исрофгарларга қонуний чора кўриш керак”

Ўзбекистонда тўқликка шўхлик қабилида чорва моллари ҳамда паррандаларини нон бериб боқаётганлар учрамоқда (“Инсон ва қонун”, 3 март).

Мақолага кўра, 1650 сўм турадиган буханка нонни чорва ва паррандаларига бераётганлар азиз неъмат саналган нонни исроф қилмоқда, боз устига, деҳқон ва новвойларнинг меҳнатига ҳурматсизлик қилмоқда.

“Тўю маъракаларда нон исроф бўлишини кўриб эзиламан. Баъзан эшитиб қоламан: айрим одамлар молларини нон билан боқаркан. Бундай одамларга нафратим чексиз. Уларга қонуний чора кўриш керак!” дейди “Тошкент-нон” уюшмаси раиси ўринбосари Руслан Мусретов.

Мақолада ношукрлик ва исрофгарлик қилишдан аввал дунёдаги 840 миллион киши тўйиб овқатланиш имконидан маҳрум эканини ёдга олиш уқтирилади. Шу билан бирга, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қурғоқчилик давом этаётгани, бу эса ғалла нархи кўтарилишига сабаб бўлиши қайд этилади.

“Ўзбек матбуоти: дарахтни тепса... қиз тўкилмайди”

Ўзбекистонда аёл ва эркак нисбатида аёллар сони камайиб бормоқда (“Адолат кўзгуси”, 5 март).

Давлат статистикаси қўмитаси маълумотига қараганда, мамлакатда 2014 йилда ҳар 1000 эркакка 996 та аёл тўғри келган. 1989 йилда эса ҳар 1000 эркакка 1025 та аёл тўғри келган. Газетага кўра, аҳвол шу тахлит давом этса, ўзбек халқининг машҳур нақлини ўзгартиришга тўғри келади. “Совчиликка қиз қидираётган оналаримиз энди

“Дарахтни бир тепсанг, қиз ёғилади” деб айта олмай, тилини тишлаб қолиши ҳеч гап эмас” деб ёзади “Адолат кўзгуси” нашри.

“Ўзбекнинг Алпомиши ва корейсларнинг Жумонги кўп жиҳатдан ўхшаш”

Ўзбекларнинг Алпомиш ва корейсларнинг Жумонги кўп жиҳатдан муштарак ва ўхшаш жиҳатларга эга, деб ҳисоблайди кореялик олима О Ин Кёнг (“Ўзбекистон овози”, 5 март).

Яқинда Тошкентда ушбу мавзуда докторлик диссертацияси ҳимоя қилган корейс олимаси “Алпомиш” ва “Жумонг” достонлари илдизи Марказий Осиёда яшаган қадимги туркийларнинг анъаналарига бориб тақалади, деган фикрда.

“У (яъни Алпомиш) 7 ёшида Алпинбий бобосидан қолган ўн тўрт ботмонлик ёйдан отиб, ҳаммани ҳайратга солади. Шундан сўнг тўқсон алпнинг бири сифатида тан олиниб, Алпомиш номини олади.

Жумонг ҳам мерганликда тенгсиз эканини исботлай олган қаҳрамон. Аслида унинг исми “камонни яхши отувчи одам” маъносини англатади” дейди кореялик доктор.

XS
SM
MD
LG