Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

Умарали Қувватовни ўлдиришга алоқадорликда гумонланган тожикистонлик ҳибсга олинди


Туркия полицияси тожик ҳукумати мухолифи, “24 гуруҳи” раҳбари Умарали Қувватов ўлимига алоқадорликда гумон қилиб тожикистонлик 30 ёшли Сулаймон Қаюмовни ҳибсга олди. Умарали Қувватов Истанбулнинг Фотиҳ мавзесида 5 март куни кечқурун отиб кетилган эди.

Туркия оммавий ахборот воситаларининг полициядаги манбага таяниб хабар қилишича, “24 гуруҳи” раҳбари Умарали Қувватов бошидан отиб кетилишидан олдин оиласи билан меҳмондорчиликда бўлган ва кечки овқатдан заҳарланган.

Қотиллик улар касалхонага бориш учун кўчага чиққан пайтда, оила кўз ўнгида содир бўлган.

Полиция Умарали Қувватов оиласини меҳмонга чақирган тожикистонлик Сулаймон Қаюмовни ҳибсга олган. Сулаймон Қаюмов бундан уч ой муқаддам Тожикистондан келиб “24 гуруҳи”га қўшилган ва 5 март куни Қувватов оиласини вақтинча яшаб турган уйига меҳмонга таклиф қилган.

Туркиядаги “Ҳуррият” газетасининг ёзишича, Қувватов оила аъзолари билан 30 ёшли Сулаймон Қаюмов берган зиёфатда заҳарланган ва кўчага чиқиши билан Умарали отиб кетилган.

Қувватов яқинлари полицияга Сулаймон Қаюмовнинг қотилликка алоқаси бўлиши мумкинлиги ҳақида айтишган.

“Чунки кечки овқат пайтида у ўзини анча ғалати тутди, у ким биландир телефонда мунтазам гаплашиб турди”, деган Қувватов оиласи.

Турк нашрларининг ёзшича, кечки овқат пайтида Қувватовнинг хотини ва икки ўғли ўзини ёмон ҳис қила бошлаганидан кейин улар касалхонага бориш учун ташқарига чиққан. Шу пайт номаълум шахс Қувватовга орқа томонидан яқинлашиб, тожик тилида нимадир деган ва яқин масофадан бошига ўқ узиб, қочиб кетган. Ҳужум пайтида Сулаймон Қаюмов ҳам ғойиб бўлган ва бир неча соатдан сўнг полиция уни ҳибс қилган.

Қотиллик катта кўчада намойишкорона содир этилди

Хабарларда айтилишича, Умарали Қувватов Истанбулнинг Фотих мавзесидаги ошхоналардан бирида Сулаймон деган шахс билан овқатланиб бўлгач, 22.30лар чамасида кўчага чиқади. Шу пайт номаълум шахс унинг олдига келиб, тўппончадан бошига ўқ узган ва воқеа жойдан қочган. Сулаймон исмли шахс ҳам бу воқеадан кейин бедарак кетган.

Қувватовнинг сафдошларидан бири Шарофиддин Гадоев Озодлик радиоси тожик хизматига Умарали Қувватов воқеа жойида ҳалок бўлганини айтди. Гадоевнинг иддао қилишича, бундан аввалроқ Умарали Қувватовни Истанбулнинг Оқсарой мавзесидаги ошхоналардан бирида заҳарлаш ҳаракати бўлган. Қувватов билан бирга овқатланган икки ҳамроҳи ўшанда овқатдан заҳарланган, бироқ Қувватовнинг ўзи соғ қолган.

Айни пайтда қотиллик юзасидан Истанбул полициясининг террорчиликка қарши кураш бошқармаси тергов олиб бормоқда.

Умарали Қувватов.
Умарали Қувватов.

47 ёшли Умарали Қувватов бир пайтлар президент Имомали Раҳмон оиласи билан яқин алоқада бўлган. Умарали Қувватов 2007 йилда Тожикистонни тарк этган эди.

Раҳимзода: "Умарали Қувватов иқтисодий жиноятларда айбланмоқда"

Тожикистон Туркиядан расман Умарали Қувватовни Душанбега топширишни талаб қилиб келган. Мазкур талаб ортидан Қувватов ўтган йилнинг декабрида турк полицияси томонидан қўлга олинган, аммо шу йилнинг февраль ойида озод қилинган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Туркияга юборилган расмий сўровда Умарали Қувватов товламачиликда айбланиб қидирувга берилганини маълум қилган. Мухолифатчи эса ўзининг сиёсий фаолияти туфайли таъқиб қилинаётганини айтиб келган.

Умарали Қувватовнинг “24 гуруҳи” ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини ҳукуматга қарши намойишлар ўтказишга чақириб келган. Ўтган йилнинг октябрида Душанбе суди мазкур гуруҳни экстремистик ташкилот, деб қарор чиқарган эди.

Тожикистон ички ишлар вазири “24 гуруҳи”нинг саккиз аъзоси Россияда, уч аъзоси эса Тожикистонда қўлга олинганини билдирган.

Қўлга олинган мухолифатчилардан бири Умеджон Cолеҳовни Душанбе суди президентни ҳақорат қилиш, қўпорувчиликка чақириш ва фаолияти тақиқланган “24 гуруҳи” ҳаракатига аъзоликда айбдор деб топиб, шу йилнинг 4 март куни 17 йилга озодликдан маҳрум этди.

Истанбулда Абдуллоҳ Бухорий ҳам ўлдирилган эди

Ўтган йилнинг 10 декабрида эса Истанбулда Абдуллоҳ Бухорий тахаллуси билан машҳур бўлган ўзбекистонлик имом Мирзағолиб Ҳамидов мадраса эшиклари олдида отиб кетилган эди.

Туркия хавфсизлик хизмати ўқ узган номаълум шахснинг чечен миллатига мансуб Зелимхон Махтиев эканини аниқлаган. Расмий хабарга кўра, Махтиев жиноятни содир этган куниёқ қўлга олинган.

Туркия хавфсизлик ташкилоти билан биргаликда амалга оширилган амалиётлар натижасида буюртмачи экани иддао қилинган Собир Шукуров ҳам Истанбулнинг Оқсарой мавзеидаги меҳмонхоналардан бирида ушланди.

Жиноятни амалга оширишга ёрдам бергани иддао қилинган Элдар Аслан эса Анқарада ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG