Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:34

Қирғиз махсус хизмати Марказий Осиёда ИД кучаяётганидан огоҳлантирди


Қирғизистон расмийлари кейинги пайтларда "Исломий давлат" сафига қўшилаётганлар кўпаяётганидан огоҳлантирмоқда.
Қирғизистон расмийлари кейинги пайтларда "Исломий давлат" сафига қўшилаётганлар кўпаяётганидан огоҳлантирмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) кўра, “Исломий давлат” гуруҳи каби радикал ташкилотлар мамлакат жануби ва Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида илдиз отмоқда. МХДҚ матбуот котиби Рахат Сулайманов йил бошида террорчиликда гумон қилинаётган бир неча шахс қўлга олинганини билдирди.

Россия ҳукуматига доир “Российская газета” нашри уюштирган давра суҳбатида Сулайманов қўлга олинганларнинг барчаси турли йўллар билан Суриядан келганини таъкидлади.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, МХДҚ 27 февраль куни Ўш шаҳрида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудида террор ҳаракатларини режалаштиришда гумонланаётган олти шахсни қўлга олган. Хабарда айтилишича, қўлга олинганларнинг тўрт нафари Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Сулаймановнинг айтишича, қўлга олинганларнинг мақсади “фуқароларимизни “Исломий давлат” сафига жалб қилиш бўлган. Лекин уларнинг асосий мақсади Андижон вилоятидаги Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати биносини портлатиш бўлган. Жангариларнинг бири бўлажак худкуш бомбачи эди”.

Январь ойи давомида террорчиликда гумонланувчи бир қанча шахс қўлга олинди. Булар орасида бешта қариндошини Сурияга юборган 29 ёшли эркак ва Сурияда тўрт ой муддат юрганликда айбланаётган 22 ёшли фуқаро бор.

Сулайманов террорчиликда гумонланаётган яна 36 шахс қўлга олинганини қўшимча қилди.

“Улар Сурияда махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтишган. Сўнгра Қирғизистонга қайтиб келиб, фаол иш бошлашган”, деди МХДҚ матбуот котиби.

Сулаймановга кўра, гумонланувчилар зўравонлик қилиб, одамлардан пул ундиришган. Шу йўл билан тўплаган маблағларининг бир қисмини Сурияга юбориб, қолганини Қирғизистонда одамларни ёллашга сарфлашган.

Сулайманов яна МХДҚ катта миқдордаги қурол ва ўқ-дори топганини, бу эса ўз навбатида Фарғона водийси “радикал кучларининг эътиборини борган сари кўпроқ тортаётганидан далолат беришини” айтди.

Баъзи таҳлилчиларнинг айтишича, назоратни кучайтириш учун қирғиз расмийлари “Исломий Давлат хавфини” бўрттириб кўрсатаётган бўлиши мумкин.

Британияда жойлашган Эксетер университети таҳлилчиси Эдуард Лемон Eurasianet.org сайтида эълон қилинган мақоласида МХДҚнинг “Исломий давлат” туғдираётган хавф ҳақидаги иддаоларини тасдиқлайдиган “далиллар жуда кам”, деб ёзди.

“Марказий Осиёда “Исломий давлат” ҳақида гапириб, ваҳима уйғотиш ва шу орқали эърибор қозониш кенг тус олиб бормоқда”, деб ёзди Лемон. Таҳлилчи бунга мисол сифатида қирғизистонлик диншунос Қодир Маликовнинг “Исломий давлат” гуруҳи Марказий Осиёда қатор террор хуружлари амалга ошириш учун 70 миллион доллар ажратгани ҳақидагиги иддаосини келтирди. Лемон диншунос ўз гапини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмагани ҳақида ёзди.

“Российская газета” нашри уюштирган давра суҳбатида Маликов гапини такрорлади. Фақат бу сафар мазкур маълумотни яқинда Эронда бўлиб ўтган диншунослар ва дин пешволари конференциясида эшитганини қўшимча қилди у.

Сулайманов “Ислмой давлат” гуруҳига алоқадор жангарилар Фарғона водийсида террор ҳужумлари ўтказиш ниятида эканини иддао қилган бўлса-да, вазият ўта жиддий эмаслигини айтди.

“Аммо вазият ёмонлашиши мумкинлигидан қўрқишимни яширмайман”, деб қўшимча қилди МХДҚ матбуот котиби.

“Вазият ёмонлашиши мумкинлиги” ҳақидаги хавотирлардан келиб чиқиб, Марказий Осиё матбуотида келаётган ойларда “Ислимой давлат” мавзуси кўп ёритилишини тахмин қилиш мумкин.

Марказий Осиё мамлакатларидаги хавсизлик хизмати ходимлари ва расмийлар матбуот хабарларини тарқатиш билан чекланиб қолмай “Исломий давлат” ва бошқа радикал гуруҳлар туғдираётган ҳақиқий хавф билан курашиш йўлларини топишлари керак. “Исломий давлат” жангчилари Қирғизистонда ва Ўзбекистонда террор ҳужумларини режалаштираётганини тасдиқловчи далиллар бўлмаса-да, марказий-осиёликлар Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” сафида жанг қилаётганини тасдиқловчи далиллар бор.

МХДҚ 2 март куни минтақада экстремизм ва диний радикализмга қарши курашиш йўлларини муҳока қилиш учун Марказий Осиё форуми уюштирилгани ҳақида хабар қилди. РИА Новости тарқатган маълумотга кўра, форумда давлат органлари ва илмий муассасалар иштирок этган.

XS
SM
MD
LG