Линклар

К.Саломатин: Донбассда одамлар урушдан чарчаган


Дебальцевода гуманитар ёрдам тарқатгани келган украин солдати.

Дебальцевода гуманитар ёрдам тарқатгани келган украин солдати.

Украина шарқидаги хизмат сафаридан қайтган Россиялик таниқли фотомухбир, мустақил журналист Константин Саломатин Донецк ва Луганскнинг туб аҳолиси урушишга мутлақо иштиёқи йўқлиги, отишма ва уруш ҳаракатлари “учинчи кучлар” томонидан қўзғатилиб турганига гувоҳ бўлганини гапиради. Фотомухбир ҳар қандай урушда энг катта талафотлар оддий фуқароларга етказилишига яна бир бор амин бўлиб келганини Озодликка сўзлаб берди.

Константин Саломатин февраль ойининг 11 кунини Украинанинг уруш ҳаракатлари бўлаётган ҳудудларида ўтказди.

Ўз хоҳиши билан Домбассга борган фотосуратчи Донецк, Луганск, Горловка, Дебальцево, Пески ва жанглар авж олган бошқа шаҳар-қишлоқларда бўлиб қайтди.

Озодликка вазиятнинг қанчалик мураккаблиги, одамлар охирги бир йил ичида урушдан қанчалик чарчаганини тасвирлар экан, у оддий одамлар ҳам, Украина қўшинлари ҳам сепаратчилар снарядлари қурбони бўлганини айтади.

Константин Саломатин Донецкда

Константин Саломатин Донецкда

- Донецкликлар бошиданоқ урушиш иштиёқида бўлмаганини тушундим. Икки тарафни бири-бирига “учинчи томон” гиж-гижлаб турган. Икки фронтга ажралиб кетган у ердаги ҳарбийлар ўқ отишдан олдин ҳатто бири-бирига телефон қилиб:“Ўртоқ, мен ҳозир сенга артиллериядан ўқ отаман, кейин сен эгаллаб турган позицияни олишим керак”, дер экан. Кейин, украинлар ташлаб кетган позицияни бироз эгаллаб, “буйруқни бажариб”, улар яна ортга қайтиб келаверар экан – икки тарафдан ҳам талафот йўқ. Асосан урушганлар Украина ғарбидан келган миллатчилар, гвардия аскарлари ҳамда Россиядан келган “кўнгилли”лар эканини айтишди менга, - дейди фотомухбир.

Саломатин "уруш ва отишма кетаётганига қарамасдан, Донецкда театр, кафе ва жамоатчилик транспорти ўз ишини давом эттираётганига гувоҳ бўлдим", дейди.

“Кўп ҳолларда одамлар қаерда нима бўлаётгани тушунмайди: оламни ҳар ким қайси телевидениени кўраётган, қайси радиони эшитаётган бўлса, худди ўшандек тасаввур қилмоқда”, дея давом этади Константин.

- Тасаввур қилинг: шаҳарнинг ўртасида гуманитар ёрдам тарқатилаяпти, бир гала одам, ерда кўлмак бўлиб қолган қон... Шу ердан узоқ бўлмаган жойдан тинимсиз миномётлар “бум-бум” қилиб, ишлаб ётибди. Мен ДНРчи аёллардан “Нега одамлар олдидан армиянгиз отиб ётибди? Ҳозир жавоб қайтаришадику?”, деб сўрасам, “Қаердан биласан бу ДНР минометлари эканини – бу диверсантлар бўлиши мумкин”, деяпти. Ахмоқлик-ку! Украина армиясини ҳам мен ҳимоя қилиш ниятим йўқ, сабаби одамлар яшаётган аҳоли пунктлари улар томонидан ҳам доимий ўққа тутиб турилди: ҳар куни шаҳарда бир нечта тинч аҳолидан одам ўлди, - дейди Константин.

Суҳбатдош одамлар ойлаб бола-чақаси билан ертўлаларда жон сақлагани, шаҳар ичкарисида тарқатилаётган озиқ-овқатни ҳатто олиб келишга имкони йўқлигига гувоҳ бўлганини билдирди. У бутун шаҳар бўйлаб у ёки бу ерда портламаган снарядлар ва миналарни кўриш мумкинлигини айтади.

(Фотолар Константин Саломатин томонидан Озодликка тақдим этилди)

Константин Саломатин шаҳарнинг ҳамма жойида ҳам ертўла ва бомбапаноҳлар йўқлиги сабабли шаҳарликлар биноларнинг ичкарироғига кириб яширинаётгани, чунки у ерда ишлатилаётган снарядлар бир неча қават деворларни тешиб кириб келаётганини кўрган.

У Донецк шаҳрининг ўзида бир анча рус солдатларини учратдим, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа вагонлаб Россиядан киритилаётганини маҳаллийлардан эшитдим, дейди.

- Россияликларни кўп бўлмаса-да, бир-икки кишини учратдим. Дебальцевога кетаётган эдим. Уларни жуда осон ажратиш –юзига ниқоб тақиб олган. Кейин билсам , улардан бири бурят экан! Блокпостларда ва шаҳар ичкарисида асосан маҳаллийлар бўлгани учун, рус солдатлари кўзга унча ташланмайди. Қизиғи, бутун дунёда Волновахада автобусда оддий йўловчилар ўлганини кўрсатишди. Бу ерда эса бундай “волновахалар” деярли ҳар куни бўлди, минглаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлди. Мен журналист сифатида ҳар қандай можаро ёки келишмовчилик тинчлик йўли билан ҳал этилиши кераклигига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим,- дейди фотограф.

Константин бронежилет ва каскаси бўлишига қарамасдан, қурбонларнинг асосий қисми майда ўқотар қуролдан эмаслигини аниқлаганини айтади.

“Урушга тўсатдан тушиб қолган одам сифатида сени энг ҳайратга солгани нима бўлди?” саволимизга у:

- Мен ҳеч қачон урушда бўлмаганман, отишма кўрмаганман. Аммо мени ҳайратга келтирган нарса – сен доимий қўрқув остидасан. У ерда одамларни асосан артиллериядан ўлдиришди. Бу уруш артиллерия уруши бўлди – мен ҳатто “калашников”дан ҳимоялайдиган яхши бронежилетда, каскада, аммо 152 миллиметрли гаубицанинг учиб келган снарядидан ажраган парча одам калласини бир зумда узиб кетиши мумкинлиги одамни доимо сергак бўлиб юришга ундар экан...

Иккинчиси, ҳатто энг даҳшатли урушда ҳам ҳаёт давом этаверар экан: Донецк шаҳрида отишмалар остида болалар балет мактабида машқлар бўлаётгани, ресторан, барлар, магазинлар ишлаётгани, отишмадан кейин калта юбка кийиб олган қизлар кучуклари билан шаҳар кўчаларига чиқиб, портламаган снарядларни ёки ўликларни олиб кетишаётганини томоша қилишини суратга олдим, - деб жавоб берди.

Суҳбат сўнгида Саломатин маҳаллийлар билан суҳбатдан асосан руслардан иборат донецкликлар Украина таркибида мухторият тузишга ишонаётганини англаганини айтди.

Фотограф Константин Саломатин Украина ва тан олинмаган “Новороссия” ўртасида Минскда сулҳ имзоланганидан бир кун ўтиб Россияга қайтиб келди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG