Линклар

ИИВ: Норинлик терговчининг оиласи буюртма қотиллик қурбони бўлмаган


Терговчининг оиласини ўлдирганликда гумонланиб, ҳаққулободлик тўрт киши ҳибсга олинган.

Терговчининг оиласини ўлдирганликда гумонланиб, ҳаққулободлик тўрт киши ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Жиноят қидирув бўлими терговчисининг Намангандаги оиласи буюртма қотиллик қурбони бўлмаган. Асли норинлик 30 яшар терговчининг рафиқаси, онаси ва ўғлини чавақлаб, сойга ташлаб кетганликда гумонланиб ушланган тўрт киши бу хонадонга ўғирлик мақсадида тушганини бўйнига олгани хабар қилинди.

Ўзбекистон ИИВ Жиноят қидирув бўлими терговчисининг Наманган вилояти Ҳаққулобод шаҳарчасида яшаган 61 яшар онаси Зарифа Ботирова, рафиқаси 27 яшар Наргиза ва 4 яшар ўғли жорий йилнинг 22 февраль куни ваҳшиёна тарзда ўлдирилиб, Андижонсойга ташлаб кетилганди.

Терговчининг оиласига қилинган суиқасд буюртма экани тахмин қилинган.

Маҳаллий матбуот қотиллик терговчининг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиб, ундан қасд олиш мақсадида амалга оширилгани ҳақида ёзди.

Озодликнинг Ҳаққулободдаги манбалари ҳам терговчининг оиласини буюртма қотиллар ўлдиргани ҳақидаги тахминни билдиришган:

“Тошкентда ишлайдиган ўғлининг ишидан норози бўлганлар оиласини заказ қилишган, дейишаяпти”, деганди ҳаққулободлик манба.

Ички ишлар вазирлиги бу тахминни инкор қилиб, 30 яшар терговчининг оиласи хонадонга ўғирликка тушган босқинчилар томонидан ўлдирилганини билдирди.

Терговчининг оиласини ўлдирганликда гумонланиб, ҳаққулободлик тўрт киши ҳибсга олинган.

Наманган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ҳибсдаги тўрт киши терговчининг уйига ўғирлик мақсадида бостириб кирганини бўйнига олиб, ўғирликка ҳалақит қилган хонадон эгаларини ўлдиришга мажбур бўлишгани ҳақида кўрсатма беришган.

Ҳибсга олинганлардан бирининг уйида терговчининг хонадонидан ўғирланган нарсалар топилгани айтилмоқда.

Дастлаб ушбу қотиллик тафсилотларидан хабардор Ҳаққулободдаги манбалар терговчининг уйидан ҳеч нарса ўғирланмагани ҳақида айтишганди.

Ҳозирда мазкур қотиллик бўйича очилган жиноий ишни Наманган вилоят Миллий хавфсизлик бўлими ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари Тошкентдан келган терговчилар гуруҳи билан ҳамкорликда ўрганмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG