Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

Рамзан Қодиров Немцов қотиллиги бўйича гумонланувчини ҳимоя қилмоқда


Кремль танқидчилари Немцовнинг ўлдирилишига исломий эксремизмнинг алоқаси борлигини эҳтимолдан йироқ, дея баҳоламоқда.
Кремль танқидчилари Немцовнинг ўлдирилишига исломий эксремизмнинг алоқаси борлигини эҳтимолдан йироқ, дея баҳоламоқда.

Россия мухолифати етакчиси Борис Немцов қотиллигига алоқадорликда гумонланган икки шахсга айблов эълон қилинди. Якшанба куни Москванинг Басманний туман судига олиб келинган беш нафар гумонланувчининг барчаси ҳибсга олинди. Айбланувчилардан бири Чеченистондаги нуфузли ҳарбий бўлинманинг собиқ қўмондони экани аниқлангач бу республиканинг президенти Рамзан Қодиров уни ҳимоя қилиб чиқди. Айни пайтда, Россия матбуотининг душанба куни хабар қилишича, Чеченистонда яна икки киши қотилликка алоқадорликда гумонланиб, ушланган.

Басманний туман суди матбуот вакили Анна Фадеева 8 март куни гумонланувчилар Заур Дадаев билан Анзор Губашевга “Борис Немцовни ўлдирганлик айблови эълон қилинди, яна уч киши гумонланувчи мақомида қолмоқда”, дея маълум қилди.

- Немцовнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланаётган шахсларга нисбатан қамоққа олиш чорасини қўллаш тўғрисида бешта ариза келиб тушди. Бу гумонланувчилар Москва шаҳар Басманний туман судига олиб келинди, дея билдирди суд расмийси.

Россия хабар агентликлари судья Наталья Мушникованинг Дадаев қотилликка алоқадорлигини тан олди, деган сўзларидан иқтибос келтимоқда.

Лекин Россиядаги расмий ва мустақил агентликларнинг маълум қилишича, Дадаев суд залида ўзига нисбатан қўйилган айбловларни рад қилган. Яна бир гумонланувчи Анзор Губашев ҳам айбини тан олмаган.

Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасидан бўлган беш нафар гумонланувчининг барчаси суд қарори билан 28 апрелга қадар қамоққа олинди.

Гумонланувчиларнинг уч нафари Шагид Губашев, Рамзан Бахаев ва Тамерлан Эскехановларга нисбатан айблов эълон қилингани йўқ. Шагид Анзор Губашенинг укасидир, Бахаев ва Эстерханов эса Дадаевга қариндош экани айтилмоқда.

Расмийларга кўра, Дадаев билан ака-ука Губашевлар 7 март куни Ингушетияда ҳибсга олинган. Қолган икки гумонланувчи Москва яқинидаги шаҳарчалардан бирида 8 март куни қўлга олинди.

Айни пайтда, Интерфакс агентлигининг Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб хабар қилишича, 7 март куни кечқурун, пойтахт Грознийда полициячилар билан қарама-қаршилик пайтида ўзини портлатган шахс ҳам Немцовнинг ўлдирилишига алоқадор, деб кўрилмоқда. Полиция уни қўлга олгани келганида гумонланувчи битта гранатани уларга қарата отган, иккинчиси билан ўзини портлатган, дея хабар қилди Интерфакс.

Шунингдек, душанба куни Немцовнинг ўлдирилишига алоқадорларни аниқлаш жараёни давом этгани хабар қилинмоқда. Россия матбуотининг душанба куни хабар қилишича, Чеченистоннинг Шелковской туманида яна икки киши қотилликка алоқадорликда гумонланиб, ушланган. Лекин ҳозирча уларни ҳибсга олиш тўғрисида қарор қилингани йўқ.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари қамоққа олинган беш нафар гумонланувчининг айби борлигига ишонишларини иддао қилмоқда, лекин улар Немцовнинг ўлдирилишига қай тарзда алоқадор бўлганига доир тафсилотларни очиқламаётир.

РИА Новости агентлигига кўра, Дадаев Чеченистон ички ишлар вазирлиги қошидаги нуфузли батальоннинг собиқ қўмондон ўринбосари бўлган. Губашев эса Москвадаги хусусий қўриқлаш фирмасида ишлаган.

Гумонланувчилардан бири Чеченистон ҳуқуқ-тартибот идораларига алоқадор бўлгани аниқлангач, Кремльга содиқ президент Рамзан Қодиров ўзининг Instagram тармоғидаги саҳифасида Дадаевни ҳимоя қилиб чиқди. Чечен президенти айбланувчи Дадаевни “Россиянинг ҳаққоний ватанпарвари” ва “ўта тақводор инсон” сифатида шахсан танишини ёзди. Рамзан Қодировнинг иддао қилишича, Дадаев Франциянинг Charlie Hebdo журнали Муҳаммад Пайғамбар карикатураларини эълон қилишидан жуда қаттиқ ранжиган.

Дадаевнинг айбдор ёки айбсиз экани тўғрисида бир фикрни билдирмаган Қодиров, айни пайтда Дадаев ўз мамлакати учун жонини ҳам аямайдиган одам сифатида “Рассияга қарши ҳаракат қилмас эди”, дея ёзди.

Айни пайтда, Чеченистон ҳукумати мутасаддиларига Дадаевнинг бу ишга қандай аралашиб қолганини текширишни буюрган Рамзан Қодиров душанба куни Россия Президенти Владимир Путин тарафидан, “кўп йиллик хизматлари учун”, Ҳурмат ордени билан тақдирланди.

Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Борис Немцов 27 февраль куни кечқурун Москва марказида, Кремль ёнидаги Катта Москворецкий кўпригида отиб кетилган эди.

Россия Тергов қўмитаси қотилликнинг эртасигаёқ исломий экстремизмни Немцов ўлдирилиши мотивларидан бири сифатида илгари сурган эди. Тергов қўмитаси ўз ихтиёрида Немцовнинг Париждаги Charlie Hebdo журналига исломий жангарилар амалга оширган ҳужум борасида “билдирган позицияси туфайли” унга таҳдид қилинганига доир далиллар борлигини иддао қилган эди.

Кремль танқидчилари бу версияни эҳтимолдан жуда йироқ, деб баҳоламоқда.

Терговчилар шунингдек, қотилларнинг мақсади Россия Ғарб билан Совуқ урушдан бери энг кескин қарама-қаршиликка бориб турган бир вазиятда, мамлакатни янада беқарорлаштириш бўлган, дея иддао ҳам қилган эди.

Тергвочилар, бундан ташқари Борис Немцов Россиянинг Украина бўҳронидаги ролини танқид қилгани учун ўлдирилди, деган версияни ҳам кўраётган эди.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Михаил Федотов қотилликни бевосита амалга оширганлар билан биргаликда буюртмачиларни ҳам қўлга олиш муҳим, дея баён қилди.

Немцов ўлдирилган пайтда у билан бирга бўлган қаллиғи Анна Дурицкаянинг адвокатига кўра, ҳозирда Украинада бўлган мижози гумонланувчилар қўлга олингани боис, тергов ҳаракатлари учун Москвага чақиртирилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG