Линклар

logo-print

Ўзбек қачонгача бузуқ ном билан яшайди?

  • Сарвар Усмон

Ўзбек рассоми Даврон Йўлдошевнинг "№22 композиция" номли асари (фрагмент)

Ўзбек рассоми Даврон Йўлдошевнинг "№22 композиция" номли асари (фрагмент)

“Бахор келди. Ташкентда кунла исип колди. Бодамлар гулай, гулай дип колди”. Ўқиганингиз учта жумлада 10 дан ортиқ хато бор. Уларни ўқир экансиз, асабингиз қақшади, “ёзмай қўлинг синсин”, деб қарғашга-да улгурдингиз.

Лекин қуйидаги исм-фамилияларни ўқисангиз, “Ҳа, энди паспортида шундай ёзилгандирда...”, деб қўяқоласиз:

Кобилов Рустам Ражаббойевич,

Кетмонов Хатамжон Абдурахмонович,

Мирзаев Кахрамон Эльмуратович,

Назиркулов Атхам Ахаткулович,

Насиров Кабил Эркинович,

Насыров Джамол Шухратович,

Полванов Шухрат Тагаймуратович...

Булар тўқима ёки оддий ўзбекларнинг исм-фамилиялари эмас, балки Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи олий идораси – Олий Мажлис депутатлариникидирки, уларни парламентнинг расмий сайтидан олдик.

Рўйхатга қайтиб, уни яна бир марта ўқишингиз, хатоларни ўзингиз санашингиз мумкин.

Депутатлардан яна бирининг исми мана бундай экан: Туляков Элдор Собиржонович.

Элдор аканинг бобоси “Туляк”, яъни “тулалик” (Россиянинг Тула шаҳридан) бўлмаса керак.

Элдор аканинг бобоси исми Тўлак бўлган бўлса керак...

Исм-фамилиялари келтирилган депутатлар мендан хафа бўлмасинлар: айб уларда эмас, айб қачонлардир уларга метрика ёзган мулозимда, айб исм-фамилияни тўғри ёзишни талаб қилмаган ота-оналарида.

Депутатлар рўйхатида Ниёзова Жамила Абдуқодировна, Тожиев Козимжон Ўктамович каби тўғри ёзилган исм-фамилияларни ҳам учратдим.

Лекин исм-фамилияси тўғри ёзилган ўзбек оз.

Хўш, нима қилиш керак?

Билмайман. Исмлари юқорида келтирилган қонун чиқарувчи депутатлар билсин буни.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор.

Гап шундаки, ўтган ҳафтада қўшни Қирғизистон парламенти аъзоларидан бири қирғизча фамилиялардан русча -ов, -ев қўшимчаларни олиб ташлаш, уларнинг ўрнига қирғизча “тегин” қўшимчасини қўллаш ташаббуси билан чиқди.

Депутатнинг ташаббусини ҳамкасблари қўллайдими-йўқми – номаълум. Лекин қатор постсовет миллатлар ўз иззат-нафсларини ўйлаб бу соҳада ҳаракат қилаётганига анча бўлиб қолди: ҳеч йўқ, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Имомали Раҳмон бўлиб олганини эсланг.

Қозоқларда ҳам бу ҳаракат кучли.

Фақат ўзбекда сезилмайди бундай ҳаракат.

Ҳаракат сезилмайдию лекин ўзбек депутатлари рўйхатида ўзбекча исм-фамилия ҳам кўрдим: Зиё Азамат Хамид ўғли.

Балки Азамат ака кўтарар исм-фамилияларимизни тозалаш, уларни ўзбекчалаштириш ташаббусини?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG