Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:15

Гулноранинг собиқ дўконларидан айримлари очилмаслиги мумкин


Прокуратура тафтиши боис ёпилган Тошкентдаги бутикларнинг айримлари 9 мартдан бошлаб қайта иш бошлади. Лекин "Mango", "Geox", "S.Oliver", "New Millennium" ва "Zara" каби дўконларда солиқ ва валютага оид текширувлар давом этмоқда. Озодлик манбаларига кўра, ушбу дўконларнинг айримлари умуман қайта очилмаслиги мумкин.

Тошкентда хотин-қизлар байрами арафасида ёпилган жаҳоннинг таниқли ширкатлари маҳсулоти билан савдо қилувчи бутикларнинг айримлари душанба кунидан бошлаб қайта иш бошлади.

Ушбу бутиклар Тошкент шаҳар прокуратуаси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан бошланган тафтиш боис 5 мартдан бошлаб ёпилганди.

Бутиклар билан боғлиқ вазиятни ўрганган Тошкентдаги мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, дўконларда АҚШ долларида савдо қилинишига оид шикоят ортидан тафтиш ўтказилган:

"Mango" дўкони 5 мартдан буён ёпиқ турибди
"Mango" дўкони 5 мартдан буён ёпиқ турибди

​- Айрим бутикларда хорижий валютада савдо қилинаяпти, деган ахборотлар билан ва солиқдан қочиш жиноятлари бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги солиқ ва валютага оид жиноятга қарши кураш департаменти (Тошкент шаҳар прокуратуаси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти- таҳр.) текширувлар ўтказилган. Шу ойнинг 5- ва 6- саналарида уларнинг фаолияти тўхтатилган. Бугун амин бўлишимча, кўпчилигининг фаолияти қайта тикланибди,- деди Ташанов.

Тафтиш боис ёпилган айрим бутиклар очилди
Тафтиш боис ёпилган айрим бутиклар очилди

Озодлик манбалари аниқлаган маълумотга кўра, айрим бутикларда 9 март куни ҳам прокуратура текшируви давом этган.

Бутиклар билан боғлиқ вазиятдан хабардор тошкентлик Тошбекка кўра, пойтахтнинг Дарҳон даҳасида жойлашган бутиклар қайта очилмаслиги мумкин:

- Манго, Миллениум спорт деган бутиклар ишламаяпти. Улар марказда жойлашган магазинлар. Улар умуман очилмайди, деган гап-сўз бор. Ҳамид Олимжон метросининг олдидаги Манго дўкони очилмайди, дейишаяпти. Ўша қаторда Миллениум спорт деган катта бир бутик бўларди. Унинг вивескалари умуман олиб ташланган. Яъники, ёзув турадиган жойлари умуман йўққа чиқарилган. Униям умуман очилмайди, яъни ўрнида бошқа нарса бўлади дейишаяпти,- деди Тошбек.

Журналист Ташанов қайта очилмайдиган бутиклар қаторига яна биттаси қўшилиши мумкинлигини айтади:

- Зара деганини ҳам ёпган. Зара деган европейский компания бор-ку. Қозоғистон кинотеатри ёнидаги бўлими ёпилган,- дейди Ташанов.

Икки йил аввалги тафтишдан сўнг Тошкентдаги бутиклар Каримова назоратидан чиққани айтилади
Икки йил аввалги тафтишдан сўнг Тошкентдаги бутиклар Каримова назоратидан чиққани айтилади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани айтилаётган ушбу дўконлар 2013 йилнинг кузида ҳам Ўзбекистон Божхона қўмитаси қошидаги Контрабандага қарши кураш бошқармаси ва МХХ терговчилари тарафидан муҳрланиб, бир ой давомида ёпиқ турган эди.

Ўша пайтда "New Millennium", “New Millennium Kids”, “New Millennium Sport”, “Levi's”, “Geox”, “S.Oliver”, “Adventure”, “Mango”, “Levis”, “Benetton”, “Antonio Moratto”, “Chicco” каби 14 дўконда кирим қилинмаган катта суммадаги валюта Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси текширувчилари тарафидан мусодара қилинганди.

Қўмитанинг матбуотга сиздирган маълумотларида айтилишича, бу дўконларда “қўшбухгалтерия” тизими юритилиб, ходимлар асосий ойликни конвертларда олишган ва оз миқдорда маош олдим, деб тўлов қоғозларига имзо қўйишган. Расмий маълумотга кўра, бу дўконларда давлат назоратини четлаб ўтиб, даромад қилишнинг кенг қамровли жиноий тизими яратилган.

Озодлик манбаларига кўра, мазкур бутиклар 2013 йилги текширувдан сўнг Гулнора Каримова "тасарруфи"дан олиниб, тадбиркорларга берилган.

Каримова хоним 2013 йилнинг декабрида Туркиянинг "Ҳуррият" газетасига берган интервьюсида бу маълумотларни қисман тасдиқлаган.

Гулнора Каримованинг ўша пайтда турк нашрига айтишича, собиқ эри Мансур Мақсудий билан бирга 1995 йилда Тошкентда ташкил қилган “Levi's” ва “Benetton” дўконларидаги улушини сотиб юборган.

XS
SM
MD
LG