Линклар

Қирғизистонда ўзбекча тест йўқотилишидан кимга фойдаю кимга зиён?


Ўшдаги ўзбек мактабларидан бири.

Ўшдаги ўзбек мактабларидан бири.

Ўтган ҳафта янгиликларни ўқиб ўтирарканман, Қирғизистондаги умуммиллий тест синовларидан ўзбек тилининг олиб ташланишини ижобий қадам ўлароқ ёритилганига гувоҳ бўлдим. Аммо бу хабарлар мени хурсанд қилгани йўқ. Мен каби Қирғизистонда туғилиб-ўсган, сувини ичиб, тузини тотган ўзбек қардошимни ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим. Оғир бўларкан...

Ўзбек тилини умуммиллий тест синовидан олиб ташлашдан мақсад нима эканини қанча ўйлансам ҳам тушунолмаяпман. “Бунинг фойдасидан кўра зиёни кўпроқмикин” деган ҳадик ҳам йўқ эмас менда.

Бу нима - маблағ тежашми? Ахир тест синовларини ўтказаётган ташкилот давлатнинг эмас, бошқа манбаларнинг моддий ёрдами билан фаолият юритадиди-ку. Пул кетса, ўша ташкилотнинг чўнтагига зиён, давлатникига эмас. Бундан давлат бюджетига иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам... Ортиқча пул кетган тақдирда ҳам, у қанча бўлиши мумкин? Қирғиз-ўзбек дўстлиги билан ўша пулни тарозига қўйсак, бу арзимаган чақа бўлиб қолади-ку.

Ёки бу ишдан мақсад қирғиз тилини ривожлантиришми? Агар бу қадам ортида шундай мақсад турган бўлса, унда ташаббускорлар “фойда келтирамиз” деб, зиён томон йўл очишмаяптимикин? Чунки бу билан ўзбек қардошлар учун ўз она тили билан боғлиқ чеклов киргизиб, уларга ноқулайлик яратамиз ва бу йўл билан қирғиз тилини ўрганишга ҳавас уйғотолмаймиз.

Хўп, буни қирғиз тилини ўрганишга эҳтиёж яратиш ҳаракати ҳам дейлик. Лекин бу иш амалга ошадими? Чунки бу ишдан кейин улар ўйланмасданоқ тест топшириш учун рус тилини танлашади. Агар чиндан ҳам қирғиз тилини ўрганишга эҳтиёж яратиш истагида бўлсак, унда тест синовларидан рус тилини ҳам олиб ташлаш лозим эди.

Таълим вазирлиги тест синовларини “ўзбек тилида топширишни истаган ўқувчилар сони жуда оз бўлгани учун” шу қарорга келганини таъкидлабди. Аммо бу ўзбекча тест топширишни истаганлар умуман йўқ дегани эмас-ку? Агар бир киши тестни ўзбекча топширишни истаган тақдирда ҳам унинг ҳуқуқи ҳимояланиши лозим, менимча. Минг кишиники каби бир кишининг ҳам ҳуқуқи бор ахир.

Мени ўйлантирган жиҳати шуки, мен бунинг ортида бирдамликка, дўстликка эмас, бўлинишга олиб борадиган қоронғу йўлни кўряпман. Айро йўлни кўряпман. Одатда, битта нотўғри қадам ортидан иккинчиси ҳам ташланиши сир эмас. Бошида билинмагани билан мактабни эндигина тамомлаб, не-не орзу-умидлар билан келажакка қадам қўймоқчи бўлган қирғизистонлик ўзбекнинг фикр-хаёли худди ўша “айро йўл”га тушиб қолиши мумкин.

Кўп миллатли Қирғизистон учун бирдамлик, дўстлик ҳаво ва сувдай зарур. Миллатлараро бирдамликни ривожлантиришнинг минглаган йўли бор. Бизнинг динимиз, тилимиз бир (туркий тилда гапирамиз), ошиёнимиз бир (Қирғизистон), мақсадимиз бир (тинчлик ва тотувлик). Санаб чиқадиган бўлсам, бир хил бўлган жиҳатимиз мингга етади.

Нурайим Исмайил қизи.

Нурайим Исмайил қизи.

Шу ўринда сизга ўзим гувоҳ бўлган бағрикенгликнинг ажойиб намунаси ҳақида айтиб бергим келди. Сингапурда одам кўп йиғиладиган жойларга, транспорт, кўчаларга эълонлар тўрт тилда – инглиз, хитой, малай ва ҳинд тилларида ёзилади. Маҳаллий халқ асосан хитойлар ва малайлар. Инглиз тили ҳалқаро тил бўлиб ҳисобланади. Мени лол қолдиргани эълонларнинг ҳинд тилида ҳам ёзилишидир. Сингапурда ерли ҳиндлар деярли йўқ. Аммо иш излаб келган ҳиндистонлик муҳожирлар ва улар аҳолининг бор-йўғи 3 фоизини ташкил этади. Қаранг, пул топиш учун борган ҳиндларни иззат қилиб, инсоннинг тақдирини ҳал қиладиган давлат имтиҳони у ёқда турсин, оддий эълонларни ҳам уларнинг она тилида ёзиб беришяпти. Мана шуни бирдамликни мустаҳкамлаш ҳаракати деса бўлади. Қирғизистонимизда эса ўзбеклар аҳолининг 15 фоизини ташкил қилади-ку.

Сўз сўнгида айтмоқчи бўлганим – (тест бўйича) қарор қабул қилиниб қолди, энди ҳеч бўлмаганда қирғиз тилида тест топширган ўзбеклар учун олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар яратилиб берилса, яхши бўларди.

Шу кунда Абу-Даби шаҳрида муваққат истиқоматда бўлган қирғиз миллатига мансуб Нурайим Исмайил қизи ёзган мазкур блог Санжарбек Эралиев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG