Линклар

logo-print

Тошкентда диний экстремизмга қарши “Сотқин” фильми тақдим қилинди


"Сотқин" фильми эълони

"Сотқин" фильми эълони

Таниқли киночи 43 яшар Рустам Сагдиев ўзбек киносининг отахони Рихсивой Муҳаммаджонов сценарийси асосида суратга олган “Сотқин” фильмини киномунаққидлар ҳукмига ҳавола қилди.

Икки соат давом этадиган ва islamic western жанрида олинган бу фильмда жиҳод йўлини танлаган аканинг дунëвий давлат тарафдори бўлган журналист укани ўлдиришга қасд қилгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Давлат буюртмаси асосида суратга олинган бу фильм режиссёри Рустам Сагдиевнинг Озодликка айтишича¸ ушбу асар ëшларни “огоҳликка даъват” қилиш мақсадини кўзлаган:

- Айни пайтда бу жўн плакат тарзидаги тарғибот киноси эмас¸ балки Ўзбекистондаги оилаларнинг ҳаëтини жаҳаннамга айлантираëтган диний эктремизм ҳақидаги фожеадир¸- дейди фильм режиссёри Рустам Сагдиев.

Озодлик мухбирининг "Бу кино Андижонда 2005 йили юз берган исëн воқеаларини қайта мушоҳада қилишга уриниш эмасми?" деган саволига жавоб берган Сагдиев “Ушбу фильм диний радикализмга берилган ўғил жабри боис қадди букилган она ҳақида. Андижон воқеаларига фақат зоҳирий ишоратлар бор” дея жавоб берди.

Рустам Сагдиев Ўзбекистонда суратга олинган ўнлаб маиший мавзудаги фильмларнинг муаллифидир.

Рустам Сагдиев ўзбек киносининг отахони Рихсивой Муҳаммаджонов билан ҳамкорлик қилиш жараëнидан фақат ютганлигини таъкидлади.

“Чинор остидаги дуэль”¸ “Суюнчи” ва “Армон” каби фильмларнинг сценарий муаллифи сифатида ном чиқарган “ўзбек поэтик киноси” деб аталган йўналишни тамсил қилган драматург Рихсивой Муҳаммаджонов бу фильмда бир ëқлама талқиндан қочишга уринганлигини таъкидлади:

- Мен бир тарафни қоралаб иккинчи тарафни оқлаш каби тенденциоз ëндашувдан мумкин қадар қочишни истадим. Бу асарда мен бир оила фожеасини тўлақонли акс эттиришга уриндим¸- дейди суҳбатдош.

Фильмда доимо дарғазаб юрадиган ота ролини таниқли актёр Матëқуб Матжонов ижро қилган.

Ўзбекистонда жиҳод қилиб Каримов режимини ағдармоқчи бўлган ўғил ролини эса Жавоҳир Зокиров ўйнаган.

Дунëвий давлат тарафдори бўлган журналист ука ролини ўйнаш эса Фарруҳ Соипов зиммасига тушган.

Шунингдек, фильмда Улуғбек Қодиров, Сайёра Юнусова, Юлдуз Ражабова, Райҳон Уласенова ва бошқалар иштирок қилган.

Одатда қайнона-келин можаролари ҳақида мелодрама фильмлар суратга олинадиган “Ўзбекфилъм” студиясида кейинги пайтда давлат мафкурасини ҳимоя қилишга қаратилган тарғибот фильмлар ҳам ишланмоқда.

Ўтган йили ''Ўзбеккино'' Миллий агентлиги буюртмасига кўра, режиссёр Ҳилол Насимов “Гумроҳлар” фильмини суратга олган эди.

Ўзбекистон ташқарисида туриб Каримов режимига қарши курашаëтган мухолифат ва журналистлар қораланган бу фильм тақдимотида сўзга чиққан Ўзбекистон ҳалқ артисти Эркин Комилов:

''Ота-онасининг дуосини олмаган, ўзга юртларда дайдиб, ўз Ватанига тош отганлар ''гумроҳлар''дир. Бундайларни кечириб бўлмайди'', дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати қарашларини ифода қилувчи тарғибот фильмларини суратга олиш 2013 йилнинг март ойидан 2014 йилнинг декабрига қадар "Ўзбеккино"га раҳбарлик қилган Жаҳонгир Қосимов даврида бошланганди.

Айни пайтда бундай тарғибот киноларини давлат маблағи асосида суратга олиниши асносида молиявий муаммолар ҳам юзага чиққани кузатилган.

Жаҳонгир Қосимовнинг вазифасидан олиниши "Ўзбеккино"да молиявий текширувлар бораётган бир пайтда рўй берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG