Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:11

Путин эски патентлар муддатини узайтиришга рухсат берди


Россия президенти Владимир Путин 8 март куни 2014 йилда берилган “эски” патентлар муддатини узайтиришга ижозат берувчи федерал Қонунга киритилган ўзгартишларни тасдиқлади. Шу тариқа Москва шаҳрининг ўзида ўтган йилда берилган ва йил охирида бекор қилинган 800 мингдан зиёд ишга рухсатномалар қайта тикланиши мумкин. Аммо миграция соҳасидаги мутахассислар янги ўзгартиш Россиядаги меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома бериш тартибини осонлаштиришига жиддий шубҳа билдирмоқда.

8 март- байрам куни президент Владимир Путин Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларга совға улашгандек бўлди. Путин “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги 56-ФЗ Қонунига навбатдаги ўзгартишларни киритишга рухсат берди.

Кремль расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, ўтган йилги патентлар тўланган вақтигача амал қилиши, бироқ берилган вақтидан бошлаб 12 ойлик муддатгача ўз ҳақиқийлигини сақлаб қолиши қонунда белгиланди.

2014 йилда биргина Москвада муҳожирларга 800 мингдан зиёд патент берилган.

Янги тартибда 2014 йилда патент олган хорижлик ишчилар эндиликда ойига 4 минг рубль миқдоридаги тўловни амалга ошириши, айни пайтда бунинг учун ФМС ва миграция марказига бориши шарт эмаслиги белгиланди.

Озодлик янги ўзгаришлар бўйича Федерал миграция хизматининг бош идораси ва Москва шаҳар бошқармасига мурожаат қилди.

- Ҳозирча бизга қўшимча маълумот юқоридан берилмади. Биз ҳам ҳукуматнинг расмий сайтидаги сиз билган маълумотдан ортиғини билмаймиз. Яқин бир-икки кунда бу масалада расмий тушунтиришлар берилса керак, деб ўйлаймиз,- деди ўзини Виктория деб таништирган Россия Федерал миграция хизмати бош офиси ходимаси.

Москва шаҳар ФМС ҳам эски патентларнинг амал қилиши масаласи юзасидан ҳозирча бирор изоҳ бера олмасликларини Озодликка билдиришди.

“Добрососедство” халқаро алоқалар тараққиёти жамғармаси лойиҳалар директори, Москва шаҳар ФМСи қошидаги жамоатчилик кенгаши котиби Юрий Московский Озодлик билан суҳбатда ҳукуматнинг бу қарорини “йўл қўйилган хатоликларни тўғрилаш”, деб атади:

- Бу жуда ажойиб, мутлақо тўғри қарор. Ахир патент олувчилар сони жуда кўп, аммо уни қонун асосида ўз вақтида беришнинг иложи йўқ. Бу ҳукумат йўл қўйилган хатоликларни тўғрилаш. Хатонгизни тан олишга ҳам мардлик керак. Таъкидлаш зарурки, эски патент эгалари барибир яқин вақт ичида янги тартиб асосида ишга рухсатнома олишлари зарур. Бизга бу масалада жуда кўплаб мурожаатлар бўлди. Хуллас, талаб-таклифларни ҳукумат эшитди, эски патентлар муддати узайтирилди,- дейди Юрий Московский.

Суҳбатдош Москванинг Сахароводаги Миграция маркази кунига 3-4 минг кишини қабул қилишга мўлжаллангани, аслида эса у ерда кўпи билан 2 мингга яқин одамдан ҳужжат олинаётганини маълум қилди.

Айни пайтда Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупик Россиядаги мавжуд “бюрократия машинаси” тинимсиз қонунларга киритаётган майда ўзгартишлар билан миграция соҳасида тартиб ўрнатишига шубҳа билдирди:

- Бу ёлғон гап! Аввалига федерация субъекти раҳбари президент ёки ҳукуматга илтимос билан мурожаат қилиши керак экан. Устига-устак, 300 мингдан зиёд патент берилган Россия ҳудуди раҳбаригина бундай мурожаат қилишга ҳақли. Бу дегани, эски патентлар муддатлари Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург, Нижний Новгород ва Ленинград вилоятидагина узайтирилиши мумкин! Қолган Россия минтақалари жим ўтираверсин.

Иккинчи масала, мэр ва губернатор мурожаат қилди ҳам дейлик: қачон идора ёки президент кўриб чиқадию, қачон тасдиқлаб ортга қайтаради? Қачон минтақа ФМС ва ҳукумат раҳбарияти бу тасдиқ асосида қарор қабул қилади? Россияда яшаш муддати тугаётган миллионлаб муҳожирлар аҳволи бу вақтда нима бўлиши ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ – ҳукумат қизғин фаолият юритаётганини кўрсатиб туриши керакку! Декабрда 1216 рублдан тўлаганлар патентлар ҳам амалда эмас, чунки янги қонунлар бўйича улар 4 минг рублдан тўлаши зарур, дейди Валентина Чупик.

Юрист ҳозирда барча ФМС бўлимлари ҳам “юқоридан” буйруқ олмасдан патентларни узайтириб бермаслигини айтди.

“Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги 56-ФЗ Қонунига ўзгартишлар 2015 йилнинг 27 февралида Россия Давлат Думаси, 4 март куни эса Федерация Кенгаши томонидан қабул қилинган эди.

Россия ФМСи 2014 йилда берилган патентлар муддати узайтирилмаслиги ва бу ҳужжатлар жорий йилнинг март ойигача амал қилиши тўғрисида қарор қабул қилгани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG