Линклар

Расмийлар Саримсоқовни яна жиннихонага йўллашди


Инсон ҳуқуқи фаоллари Алиқул Саримсоқов ва Шуҳрат Рустамов.

Инсон ҳуқуқи фаоллари Алиқул Саримсоқов ва Шуҳрат Рустамов.

Жорий йилнинг 3 март куни Тошкентда бедарак кетган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов орадан 8 кун ўтгач, яъни 10 март куни Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасидан топилди. Ҳуқуқ фаолларининг билдиришларича, Саримсоқов Жиззах вилоят милицияси томонидан мажбурий тарзда жиннихонага ётқизилган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг Озодлик радиосига билдиришича, Алиқул Саримсоқов 10 март куни нотаниш телефон рақамидан телефон қилиб, ўзининг Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасида эканини айтган. Алиқул Саримсоқов ҳамкасбига “бир илож қилиб, кимларнингдир телефонидан фойдаланишга муваффақ бўлганини” айтган.

-У ўша йўқолган куни, биз соат уч яримларда ажрашган эдик. Мен маршруткага ўтириб кетганимдан кейин, уни ёлғиз қолганини кўрган Яккасарой туман милицияси жиноят қидирув бўлими ходимлари ушлаб кетган. Кейин Алиқулни Жиззах вилоят УВДсига олиб бориб топширишибди.У ерда эса уни яна Жиззах вилоят жиннихонасига олиб бориб тиқиб қўйишибди, - деди Шуҳрат Рустамов.

Озодлик 3 март куни Алиқул Саримсоқовнинг милиция томонидан ҳибсга олинган ва олинмаганини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси билан боғланган эди. Ҳар икки идора вакиллари ҳам Алиқул Саримсоқов улар томонидан ҳибс қилинганини тасдиқламаган.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, ўтган йили ҳам Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев устидан Олий Судга ариза топширган Алиқул Саримсоқов жиззах милицияси томонидан ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган экан.

-Ўтган йилнинг июнида ҳам худди мана шундай ҳолат бўлган эди. Уни УВДга чақиртиришган, кечгача олиб ўтиришиб, кейин кечқурун тўртта милиция ходими уни жиннихонага жойлаб келган. Булар бир шахсни иккинчи марта ноқонуний равишда жиннихонага ётқизаяпти. Чунки мажбурий равишда психбольницага жойлаш учун суднинг ажрими бўлиши керак. Ўтган йили ҳам, бу йили ҳам бундай суд ажрими бўлмаган. Ўтган йили Алиқул Саримсоқовни 16 кун ноқонуний равишда жиннихонада сақлашган, - деди Шуҳрат Рустамов.

Алиқул Саримсоқов 2015 йилнинг 29 январида Озодлик радиосига берган суҳбатида туман ҳокимларидан бирининг кирдикорларини фош қилгани ортидан ўзига нисбатан тақиблар кучайгани ҳақида гапириб берган эди:

- 2009 йилда Жиззах вилоят Зарбдор туманига Эргаш Ғайбуллаев ҳоким бўлиб келган. Мен 2014 йил 27 декабрда Интернетга “Зарбдор туман ҳокимининг кўринмас илдизлари” деган мақола ёзганман ва унда туман ҳокими Зарбдор туман Бўстон шаҳарчасига ажратилган 600 миллион пулни молия раҳбари билан қўшилиб ўзлаштириб юборди”, деб айтганман. Шу кунларда мана шу мақолам учун туман прокуратураси мени тухматда айблаб жиноят иши очмоқчи бўлаяпти. Мен мана шу масалада беш дақиқа олдин Жиззах вилоят ҳокимлигининг хатлар бўлими бошлиғи олдига кирдим. У менга :”Ҳамма нарсани ортга ташлаб, оёқни тўғри боссангиз, бу масала ҳал бўлиб кетади”, деб айтди. Яъни мен ўз фаолиятимдан воз кечиб, уларга ёқадиган ишларни қилишим керак экан, - деган эди Алиқул Саримсоқов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ҳамкасби сўнгги пайтда турли давлат органларидаги ноқонуний ишларни фош этиш билан шуғулланиб келганини тасдиқлаган ҳолда, Алиқул Саримсоқовнинг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилишини ўч олиш акцияси, деб баҳолайди:

-Алиқул ўзига яраша илмга эга. У барча органларнинг ноқонуний, қинғир, жиноий ишларини ўрганган, унинг қўлида бу жиноятларни исботлайдиган барча далиллар бор. Бу одам 20 йилдан бери тазйиқ остида яшаб келган.

Алиқул Саримсоқов сўнгги пайтларда Тошкентдаги президент девони олдида “Альянс” ташкилоти уюштираётган норозилик пикетларида фаол иштирок этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG