Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:59

Шайх билан видолашув


11 март куни ўзбекистонликлар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан видолашди. Шайх 10 март куни Тошкентда юрак хуружидан вафот этди. Ушбу жонли блог орқали Шайхнинг жаноза маросими тафсилотлари ёритилди. Блогда Ўзбекистон тарихидаги энг катта жаноза намозидан олинган видео, аудио ва фотолар жамланган.

*****

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жанозаси Тошкентдаги Шайх Зайниддин жоме (Кўкча) масжидида пешин номозидан кейин ўқилди. Озодликнинг Тошкентдаги манбаларининг айтишича¸ Шайх Зайниддин жоме масжиди атрофи эрталабдан одамлар билан лиқ тўлган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозасидан лавҳа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:30 0:00

Шайхнинг дафн маросимида иштирок этган Озодлик мухбирига кўра, жаноза намозига марҳумнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф имомлик қилган.

Шайхнинг дафн маросимидан кейинги Қуръон тиловати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00
Бевосита линк

Жанозада иштирок қилиш учун одамларнинг деворлардан ошиб тушгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Шайхнинг жанозасидан
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:00 0:00
Бевосита линк

Озодлик муштарийларидани бирининг хабар қилишича, жаноза бир пайтнинг ўзида тўрт марҳумга ўқилган. Унинг яна ёзишича, чоршанба куни Тошкент аэропортига учта чартер самолётда марҳум шайх таъзиясида қатнашиш учун хорижликлар келишган.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Жомеъ масжидга элтувчи катта йўл бир неча чақиримга ёпилиб, автомобил ҳаракати тўхтатилган.

Масжид яқинида машиналар кўплигидан тирбандлик юзага келган:

Жаноза ўқилаëтган майдон атрофида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилгани ҳам билдирилди.

Шайхнинг жанозасидан 02
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00
Бевосита линк

Жаноза намозида иштирок этган тошкентликнинг Озодликка айтишича, намоз олдидан мавъиза қилган Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов забардаст олимнинг вафотини “бутун Ислом оламининг улкан мусибати” деб атаган.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анварқори Турсунов эса улуғ алломанинг вафотини “осмоннинг ерга қулаши”га менгзаган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийси шайх Абдулазиз Мансур Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф оламдан ўтганини Бишкекдаги анжуманда иштирок этаëтганида эшитганлигини билдирди:

Абдулазиз Мансур билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:35 0:00
Бевосита линк

Тожикистоннинг собиқ муфтийси Ҳожи Акбар Тўражонзода Ўзбекистон президенти ундан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижратдан қайтаришни сўраганини эътироф этди.

Ҳожи Акбар Тўражонзода Озодлик билан хос суҳбатда "яқин дўсти" ўлимидан шок ҳолатига тушганини айтди.

Ҳожи Акбар Тўражонзода билан тўлиқ суҳбатни қуйида тингланг:

Ҳожи Акбар Тўражонзода билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:02 0:00
Бевосита линк

Россия федерацияси Мусулмонлар идораси ва Россия муфтийлар кенгаши раиси, шайх Равил Ғайнуддин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан барча мусулмонларга ва олимнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.

“Устоз Муҳаммад Содиқ ўзидан минглаб шогирдлар, илмий китоблар қолдирди. У умрини Исломнинг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистоннинг ислом ўқув юртларида ўқиган, ҳозирда Россияда забардаст бўлган 10 дан ортиқ олим мавжуд. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф доимо халқ билан бирга эди, оддий мусулмонлардан ўзини олиб қочмасди”, дейилади Россия мусулмонлари идораси сайтида чоп этилган ҳамдардлик билдирувида.

Шайх Россия муфтийси даврасида.
Шайх Россия муфтийси даврасида.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам ҳамдардлик изҳор этаркан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг чечен халқининг ҳақиқий дўсти бўлганлигини таъкидлаб, у зотнинг хотираси учун пойтахт Грозний шаҳридаги кўчалардан бирига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини маълум қилган.

Тошкентдаги Озодлик манбалари ва Россиядаги баъзи оммавий ахборот воситаларига кўра, Рамзан Қодиров отаси устозининг жанозасида иштирок этиш учун Тошкентга сафар қилди.

Рамзан Қодиров маъмурияти матбуот хизмати хавфсизлик чоралари сабаб ушбу хабарни на тасдиқлаши ва на инкор этишини билдирди.

Шоҳидларга кўра, жаноза маросимида дунёнинг бошқа ўлкалари таниқли диний уламолари ҳам қатнашдилар.

Шайх Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг меҳмони.(Сурат Islom.uz) сайтидан олинди
Шайх Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг меҳмони.(Сурат Islom.uz) сайтидан олинди

Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқжон қори Камолиддин марҳум Шайхнинг ҳамдарсларидан биридир. У киши ўз ҳамдардлигини Озодлик орқали билдирди:

Содиқ қори Камолиддин:
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:24 0:00
Бевосита линк

***

**

****

Тошкентликларнинг айтишича, Шайхнинг жасади касалхона замбилида Ислом университети баскетбол залидан уйига олиб келгунча, унинг уйининг атрофи оломон билан ўралган эди.

Гувоҳларга кўра, майитни уйга киритишга имкони бўлмагач, қўшни уйнинг деворини бузиб, киритишга мажбур бўлишган:

Шайхнинг жанозасидан девор бузилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий сайтида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирилган хабар чиқди.

Хабарда 2015 йил 10 март куни кечқурун Тошкентда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф юрак хуружидан оламдан кўз юмгани таъкидланади.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра¸ шайхнинг Ислом университети спорт залида баскетбол ўйнаëтган пайтда афтидан юрак хуружидан оламдан ўтгани тахмин қилинмоқда.

****************************

Ўзбекистондаги энг машҳур диний уламолардан бири саналан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (ҳафизаҳуллоҳ) ҳазратлари 1952 йилнинг 15 апрель куни Андижон вилоятида таваллуд топган.

Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасида ўқиган.

Сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттирган.

Олий маъҳадни битириши биланоқ «Совет шарқи мусулмонлари» журналига ишга кирган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборган.

Марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф "Чимир ота" масжидида.
Марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф "Чимир ота" масжидида.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур факультетни 1980 йили имтиёзли тамомлаб, Ўзбекистонга қайтган.

Сўнгра Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаган шайх¸ айни пайтда Олий маъҳадда ¸ кейинчалик маъҳад мудири ноиби ва мудир лавозимларида ишлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинланган.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши арафасида СССР Олий совети депутатлигига сайланган шайх¸ мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси эди.

Шайхнинг собиқ совет иттифоқ президенти Михаил Горбачёв ҳамда Олий кенгашга собиқ совет иттифоқи мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённома тақдим этиши ортидан Горбачёв собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонлар сонини кескин ошириш ҳақида қарор қабул қилган.

Бундан ташқари, ана шу даврда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мусулмонлар тақдирини ҳал қилувчи катта миқёсдаги ишларни ҳам амалга оширган.

Хусусан¸ совет делегацияси аъзоси сифатида хориж давлатларига сафар қилган¸ президент Горбачёв таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, жиҳод қўмондонлари билан музокара олиб борган.

Мустақил Ўзбекистон ҳокимияти билан Муҳаммад Юсуф муносабатлари силлиқ кечмагани ортидан шайх бир неча йил Ливияда муҳожиратда истиқомат қилган эди.

Озодлик мухбири саволига жавоб бера туриб Ислом Каримов Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Ўзбекистонга қайтишига монеълигини йўқлигини эълон қилганидан кўп ўтмай¸ шайх ватанга қайтган эди.

Таниқли уламо ҳижратдаги ҳаëти¸ қолаверса¸ ватанга қайтганидан сўнгги бир неча йил давомида Озодлик радиосининг жума кунги исломий дастурини олиб борган ва ўзбекистонлик мусулмонларнинг Исломга оид саволларига жавоб бериб келган эди.

*******************

Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тўн кийдиргани ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган эди:

Шайх Муҳаммад Содиқ Алишер Усмоновга тўн кийдирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:23 0:00

Маккаи Мукаррамадаги «Бутун Дунё Ислом Робитаси»нинг таъсис мажлиси аъзоси бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сўнгги йилларда Islom.uz сайти¸ қолаверса¸ турли тадбирлар воситасида ўзбекистонликлар диний маданиятини ошириш фаолияти билан машғул эди.

***************

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кўп йиллар давомида Озодлик радиосида диний шарҳловчи сифатида ҳам фаолият қилган.

Марҳум 1993-97 йилларда Ливияда мажбурий муҳожиратда яшаган пайтларданоқ Озодлик билан ҳамкорлик қила бошлаган. 2007 йилгача давом этган ҳамкорлик натижасида “Қадриятлар” диний-маърифий дастури Озодлик тингловичлари эътиборига ҳавола қилинган.


Бундан ташқари, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Озодлик радиосининг сиёсий, ижтимоий лавҳа ва дастурларини тайёрлашда ҳам ҳисса қўшган.


Жумладан, 2006 йилнинг 19 февраль куни эфирга берилган Қурултой дастурининг “Ислом ва демократия” мавзусидаги сонида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф иштирок этган эди.


У кишининг 1997 йилда муҳожиратдан Ўзбекистнга қайтишида Озодлик радиосининг роли ҳам бўлган.


1997 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирокидаги матбуот анжуманида Озодликнинг ўша пайтдаги мухбирларидан бири Фурқат Яквалхўжаев давлат раҳбарига “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек олим қачонгача муҳожиратда юради, у кишининг Ўзбекистнга қайтишига қачон изн берилади”, маъносидаги саволни берган эди.


Президент Каримовнинг “ у кишининг Ўзбекистонга қайтишига қаршилигим йўқ”, деган жавоби 5 йиллик муҳожиратдан кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ватанига қайтиши учун йўлларни очиб берган эди.

*********

Озодлик таҳририяти марҳумнинг яқинларига ўз ҳамдардлигини изҳор қилади.

XS
SM
MD
LG