Линклар

Россия диний ва сиёсий арбоблари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан барча мусулмонларга ва ҳазратнинг яқинларига ҳамдардлик билдирмоқда. Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров марҳумнинг отаси Аҳмад Қодиров билан яқин дўст бўлганини таъкидлаб, пойтахт Грозний шаҳри кўчаларидан бирига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини билдирди.

Тошкентдаги Озодлик манбалари ва Россиядаги баъзи оммавий ахборот воситаларига кўра, Рамзан Қодиров отаси устозининг жанозасида иштирок этиш учун Тошкентга сафар қилди.

Рамзан Қодиров маъмурияти матбуот хизмати хавфсизлик чоралари сабаб ушбу хабарни на тасдиқлаши ва на инкор этишини билдирди.

Шоҳидларга кўра, жаноза маросимида дунёнинг бошқа ўлкалари таниқли диний уламолари ҳам қатнашдилар.

Россия мусулмонлари ўз ҳамдардлигини билдирмоқда

Россия Федерацияси Мусулмонлар идораси, Россия ва Осиё мусулмонлари диний бошқармалари ҳамда Россия муфтийлар кенгаши шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этгани муносабати билан барча мусулмонларга чуқур таъзия билдирди.

Россиянинг барча масжид-мадрасаларида шайх ҳазратлари хотирасига дуолар ўқилди.

“Бу айрилиқ нафақат Ўзбекистондаги биродарларимиз учун аччиқ. Россия мусулмонлари жамоавий дуоларда Яратгандан бу оламни тарк этган муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ўз даргоҳига қабул қилиши ва унга Раҳмли ва Мағфиратли бўлишлигини сўраб қолади”, дейилади Россия Муфтийлар Кенгаши расмий сайтида.

Мамлакат мусулмонлари диний етакчиси, Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши шайх Равил Ғайнуддин Тошкентга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан хайрлашув маросими ва жаноза намозида иштирок этишга ўзининг биринчи ўринбосари Дамир ҳазрат Муҳиддиновни юборди.

“Устоз Муҳаммад Содиқ ўзидан юзлаб ва минглаб шогирдлар, илмий китоблар қолдирди. У умрини Исломнинг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистоннинг исломий ўқув юртларида ўқиган замонавий Россиянинг ўнлаб мусулмон арбоблари ва олимлари мавжуд. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф доимо халқ билан бирга эди, оддий диндорлардан ўзини олиб қочмасди”, деб ҳамдардлик изҳор этди Равил Ғайнуддин.

Россия Мусулмонлари диний бошқармасининг Осиё қисми бўйича муфтийси Нафиғулла Аширов Озодлик билан суҳбатда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ислом дини учун мураккаб бўлган бир даврда бевақт ҳаётдан кўз юмганини гапиради.

- Бу, албатта, биз учун жуда катта жудолик: у киши бизнинг Бухоро мадрасасидаги таҳсил олишимиз вақтидан устозимиз эди... Унинг илмий мероси кўплаб авлодлар томонидан ўрганилади. Айниқса, Исломга бўлаётган турли ҳуружлар, уни нотўғри талқини бўлаётган бир даврда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дин тўғрисида шундай тўғри тасаввурларни ҳосил қилдики, кўплаб ёшларимизни йўлга қайтарди, қанчадан-қанча ҳаётларни сақлаб қолди. Унинг кўплаб асарлари рус тилига таржима қилинмоқда ва Россия уммаси учун жуда долзарблигини сақлаб қолмоқда. Чунки бу асарлар Россия ва умуман собиқ Совет давлатлари ҳаётини яхши билган ва тушунган одам томонидан ёзилган,- деди муфтий Нафиғулла Аширов.

Муфтий яқинда, 2014 йилнинг декабрида, Москвада марҳумнинг “Ҳадислар ва Ҳаёт” тўпламидан асарлар презентацияси бўлиб ўтгани ва учрашув давомида у киши ўзининг “Тафсир Ҳилол” асарининг 10 жилдидан учтасини аллақачон рус тилига таржима қилганини айтганини эслади.

Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари муовини, “Мадрасат-ул-Зеҳра” маданий-маърифий жамғармаси президенти Илҳом Меражов шайх ҳазратлари билан бир неча маротаба бўлган учрашувларини бутун умрга эслаб қолганини Озодликка гапириб берди.

- Оллоҳ раҳмат қилсин, у киши билан мен бир неча бор ҳамсуҳбат бўлдим. Жуда олим киши эдилар – собиқ СССР ҳудудида у кишига тенг келадигани йўқ эди! Ливияда конференцияда учрашганимизда жуда яхши таассуротларни қолдирган, кўп хотирлаб тураман. Ҳар бир киши ўзини олим деб билса, у киши ундай эмас эди. У киши Россиядаги дин хизмати тўғрисида савол бердилар. Жавобимни яхшилаб эшитиб, “мен бу аргументлардан тўрттасини билар эдим, сиз яна учтасини айтингиз, хурсанд бўлдим”, дедилар,- дейди у кишининг ўта камтаринлигини эслаган домла Илҳом Мерожев.

Грознийдаги кўчалардан бирига шайх номи берилади

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотига ўз муносабатини Россия сиёсий арбоблари ҳам билдирди.

Жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг умр йўли тугагани муносабати билан Instagram даги ўзининг саҳифасида ҳамдардлик билдирди.

“Аллоҳнинг иродаси билан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёт йўли ўз интиҳосига етди. Бутун умрини Қуръони Каримни ва Муҳаммад пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларини ўрганишга бағишлаган буюк инсон боқий дунёга кетди. У ўзининг бебаҳо билимларини бутун дунёдаги шогирдларига улашиб кетди. Шайх менинг қадрли падари бузрукворим, бутун оламда таниқли бўлган дин арбоби, Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад Ҳожи Қодировнинг яқин дўсти эди. Улар ўртасидаги дўстлик отамнинг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ўқиб юрган кезларида бошланган. Муҳаммад Содиқ ҳазратлари отамнинг устозлари бўлган. Шайх отам ҳақидаги хотираларни охиригача сақлаб қолди, у бизнинг барча тадбирларимизга келар эди, оиламизнинг азиз меҳмони эди. Шайхнинг вафоти бутун ислом дунёси учун катта йўқотиш бўлди!” - деб ёзди Рамзан Қодиров.

Хабарларга кўра, Чеченистон раҳбари Тошкентдаги шайх жанозасида ҳам шахсан иштирок этган.

Чеченистон президентининг матбуот котиби Алви Каримов Озодлик билан суҳбатда Грознийдаги марказий кўчалардан бирига шайхнинг номи берилишини тасдиқлаб, бундай деди:

- Рамзан Аҳматович кеча ўз ҳамдардлигини билдирган эди. Бугун эрталабки намоздан кейин ҳам ўзининг тармоқлардаги саҳифасида у шайх Ислом динини тарғиб этишга катта ҳисса қўшган инсон эканини таъкидлаб ўтди. Кечаёқ Рамзан Қодиров Грозний шаҳри кўчаларидан бирига шайх номи берилишини айтди,- деди Рамзан Қодиров ёрдамчиси Озодликка.

Чеченистоннинг барча масжидларида ва аҳоли пунктларида ҳам ўзбекистонлик шайх хотирасига дуолар ўқилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG