Линклар

logo-print

Альянс ўз фаолини мукофот учун Кореяга учириб юборишга муваффақ бўлди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси вакиллари Елена Урлаева (ў) ва Аделаида Ким (ч).

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси вакиллари Елена Урлаева (ў) ва Аделаида Ким (ч).

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси вакиласи Аделаида Ким Кореянинг Tji Hak-Soon жамғармаси томонидан ўз ҳамкасбларига берилажак мукофотни олиш учун Сеулга учиб кетди. Мазкур мукофот ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига 11 март оқшомида бўлиб ўтган тантанали маросимда топширилди. ​

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева маълум қилди.

Мамлакатдан чиқиш визасини ололмагани учун ўтган ой икки марта президент қароргоҳларини пикет қилган Урлаева ўзи ва Корея сафарида унга ҳамроҳ бўладиган ҳамкасби Шуҳрат Рустамовга ОВИР визаси берилмагани учун Сеулга Альянс фаоли Аделаида Кимни юборишга қарор қилганлари ва бунга муваффақ бўлганларини айтади.

- Биздан Кореяга икки киши – мен ва Шуҳрат Рустамов бориши керак эди, Аделаида Ким эса ҳар эҳтимолга қарши заҳирада турганди. Аммо менга ҳам, Шуҳратга ҳам виза беришмади. Ада Михайловна эса аввалроқ чиқиш визасини олишга муваффақ бўлганди. Корейс миллатига мансуб бўлгани учун унга Корея элчихонасида ҳам бирпасда виза қилиб беришди. Шундай қилиб у Сеулдаги анжуманга улгуриб борадиган бўлди. У киши бўлмаганда, мукофотни олиш учун биздан ҳеч ким боролмаган бўларди Кореяга, - деди Елена Урлаева.

Урлаевага кўра, Tji Hak-Soon жамғармасининг “Адолат ва тинчлик” халқаро мукофотига Альянс фаоллари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш йўлида амалга оширган ишлари учун лойиқ кўрилган. Бу мукофотга уларни ўтган йили Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини мониторинг қилишга келган кореялик ҳамкасблари кўрсатганлар.

Эслатиб ўтамиз, Елена Урлаева ва унинг бир неча ҳамкасби мамлакатдан чиқиш визасини олиш учун анчадан бери уриниб келади. Ўзига ОВИР визаси берилмаганига норозилик сифатида Урлаева ўтган ой икки марта президент қароргоҳлари олдида пикет уюштирган.

Хусусан, 12 февраль куни Тошкентдаги президент девони биноси олдида пикет ўтказган Урлаева ва тўрт ҳамкасби акция бошланганидан кўп ўтмай Тошкент шаҳар Яккасарой туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилган ва етти соатдан сўнг озод қилинган.

20 февраль куни Ислом Каримовнинг Кўксарой резиденцияси олдида пикет ўтказган Елена Урлаева у ерда 20 дақиқа ҳам туролмаган. Ўшанда ҳуқуқ фаоли Қибрай туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилган ва яна 7 соат ушлаб турилган.

Урлаевага кўра, ўзбек расмийлари унга ва Шуҳрат Рустамовга нима учун виза берилмаётгани ҳақида бирор-бир изоҳ бермаяптилар.

- Бу борада ҳеч қанақа изоҳ йўқ. Аммо бизга вақти-вақти билан “виза олиш учун берган аризангиз кўриб чиқилаяпти” қабилида жавоб бериб туришибди. Ада Михайловнанинг виза бермайдиган мансабдорларни суд бериш бўйича яхшигина тажрибаси бор. У киши Кореядан қайтиб келганидан кейин балки бу борада судга мурожаат қилармиз, - деди Елена Урлаева.

Сўз сўнгида Альянс раҳбари, Ўзбекистонда дуч келаётган қийинчиликларга қарамай, ўзи ва ҳамкасбларининг меҳнати халқаро миқёсда тақдирланганидан хурсанд эканини ва бу каби эътирофлар ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларини янада фаолроқ ишлашга илҳомлантиришини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG