Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:31

Немцовнинг ўлдирилишини Путин телеканаллари қандай ёритди?


Россиялик мухолифатчи Борис Немцов 27 февраль куни Кремль яқинидаги кўприк устида отиб кетилганди.
Россиялик мухолифатчи Борис Немцов 27 февраль куни Кремль яқинидаги кўприк устида отиб кетилганди.

Авваллари Немцов ҳақида лом-мим демаган рус телеканаллари у ўлдирилганидан кейин ниҳоят тилга кирди. Йиллар давомида давлат каналлари назаридан четда қолиб келаётган собиқ бош вазир ўринбосари ўлимидан кейин бирданига машҳур бўлиб кетди.

27 февраль куни содир бўлган қотилликдан кейин бу мавзу рус телеканалларида қандай ёритилганини кузатиш жуда қизиқ бўлди.

Томошабинлар аввалига воқеани барча каналлар ёрита бошлаганидан ҳайрон қолишди. Қизиғи, телебошловчи ва мухбирларнинг ҳар бири “Немцов рус сиёсатида муҳим рол ўйнамагани”ни тинмай таъкидларди.

Телетомошабинлар мавзунинг кенг ёритилиши Немцовнинг муҳим шахс бўлганидан далолат, деб ўйлашлари мумкин эди. Аммо бу ерда бир савол туғилади: у ҳолда нега аввалги йилларда Немцов ҳукумат телеканалларида умуман кўрсатилмаган?

Рус умуммиллий телевидениеси ҳеч нимани “шунчаки” қилмаслиги, бирор мавзуда бекордан-бекорга соатлаб ток-шоу бермаслиги ҳаммага аён.

Қотилликдан кейинги илк кунларда берилган хабарларни таҳлил қилар экансиз, уларнинг мақсади томошабинларнинг онгига Немцов ғарб мамлакатларининг “қурбони” бўлди қабилидаги фикрни сингдириш бўлган, дея хулоса қилишингиз мумкин. Бундай фикрнинг фойдали томони бор эди: мабодо Немцовнинг қотиллари топилмайдиган бўлса, омма бунга тайёрланган бўлар эди. Ахир ғарб жосусларини топиш осон иш эмас.

Илк кунлардаги хабарларда яна Немцовни ўлдиргани айтилаётган жосуслар 1 мартга белгиланган видолашиш маршини давлат тўнтарилишига айлантириш ниятида экани таъкидланди ҳамда томошабинлар Россиянинг ҳийлакор душманлари ёлғонларига ишонмасликка чақирилди. Баъзи олиб борувчилар ҳатто Немцов хотираси учун ўтказиладиган маршни бекор қилишга чақиришди. Марш тинч-тотув ўтганидан кейин айнан ўша олиб борувчилар рус оммасини хавф-хатар ҳақида олдиндан огоҳлантиришганини айтиб, ўзларини табриклашди, жамиятнинг чет эл жосуслари томонидан парчаланишига йўл қўймаган халқни мақташди.

Ҳукумат телевидениеси ходимлари Немцов Путинга қарши бўлгани ёки Украинадаги урушни танқид қилгани учун ўлдирган бўлиши мумкин, деган фикрни рад қилишга астойдил уринишди. Яна улар Немцов “бешинчи колонна”га нисбатан нафрат қурбони бўлгани мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларни ҳам рад этишди. Шу ўринда айтиш жоизки, “бешинчи колонна”га бўлган нафратнинг шаклланишида ҳукумат каналлари муҳим роль ўйнаган.

“Тасаввур қилинг-а, улар ҳатто мени шундай “об-ҳаво” яратишда айблашмоқда! Мени-я!” деди Россия телеканали олиб борувчиси Владимир Соловьёв.

Аммо Немцовни ёвуз ғарб кучлари қурбони сифатида олқишлаш узоққа чўзилмади. Ғарб мамлакатлари уюштириши керак бўлган тўнтариш ҳақидаги хавотирлар камайганидан кейин Россия умуммиллий телевидениеси ўз йўналишини ўзгартирди ва марҳум ҳақида яхши эмас, ёмон оҳангда гапира бошлади. Хусусан, энди эътибор Немцовнинг никоҳсиз фарзандлари, бир неча аёли, шубҳали ўйнашлари, пули ва ҳоказолари бўлганига қаратилди.

НТВ канали Наталья исмли қўшиқчини олиб чиқди. Қўшиқчи аёл Немцов уни бокираликдан маҳрум қилганини айтди. Қора чарм шим ва чарм куртка (мотам кийимлари, афтидан) кийиб олган Наталья Немцов билан дунёнинг кўп шаҳрида, жумаладан, Вашингтонда учрашганини айтиб берди. Гап орасида қўшиқчи Немцов билан курортларда ҳордиқ чиқарганини ҳам қистириб ўтди.

Телеканал яна бир ҳуқуқшуносни кўрсатди. Немцовга қанақа алоқси борлиги номаълум бўлса-да, ҳуқуқшунос марҳум сиёсатчи тўрт фарзандига қолдирган ишонч фондлари ҳақида гапирди.

Россия каналининг “Жонли эфир” дастурида Немцов ўзининг 23 ёшли ҳамроҳи Анна Дурицкая билан “бутун танасини мой билан уқалатгани” ҳақида айтилди. Олиб борувчи Немцов уқалаш пайтида кўп ҳазил қилгани ҳақида сўзлади.

Немцовнинг аёллари ва фарзандлари кўп бўлгани, марҳум уларнинг барчасини яхши кўргани ҳақида кўп ва хўп гапирилди. Гап орасида Немцов бир ўғлини етти ёшга тўлгунича тан олмагани, алиментни мунтазам тўламаганини иддао қилишди. Унинг Дурицкаяни Швейцарияда аборт қилишга мажбурлаганини, бунинг учун 2 300 доллар тўлаганини ҳам таъкидлашди.

Россия каналининг дастурларида негадир Немцовнинг аёллари, фарзандлари ёки дўстларидан бирортаси ҳам иштирок этмади. Шунинг учун эски материаллардан фойдаланишларига тўғри келди, маъсум чеҳрали олиб борувчи эса Немцовнинг мудҳиш гуноҳларини ўзи айтиб ўтишга мажбур бўлди. Олиб борувчи баъзи гапларини тасдиқлаш учун исми ошкор қилинмаган массажистларни манба сифатида айтиб ўтган бўлса, қолган гапларини тасдиқлаш учун манба ҳам келтириб ўтирмади.

Теледастурни ажратилган вақтга чўзиш муаммоли бўлди. Томошабинлар орасидан бир шахс ўзини “Юрий Кот, украиналик жамоат арбоби” деб таништирди ва Немцовнинг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеани мустақил равишда ўрганаётганини айтди. Кот сўзини одамларни ғарб тарғиботига ишонмасликка ва эрта хулоса чиқармасликка чақиришдан бошлади. Кейин Кот миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президентига маслаҳатчи бўлиб ишлаган Збигнев Бжезинский АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ҳамда Украинанинг хавфсизлик хизматини айблаганини, ўзи буни тўлиқ қўллашини айтди. Ҳамма тасдиқлаб бошини чайқади. Аммо ҳеч ким, ҳатто олиб борувчи ҳам, бу гап ижтимоий тармоқлардан олинган ёлғон гаплиги, унинг ёлғонлиги аллақачон исботлангани ҳақида ҳеч нима демади.

Студияда ўтирганлар турли фикрларни билдиришди: “Украиналик модель жосус бўлган”, “Бу воқеадан англо-саксонлар ҳиди келаяпти”, “Видолашув маршида уларнинг ҳаммасида Украина байроғи бор эди. Нега? Уларнинг мақсади фурсатдан фойдаланиб маршни сиёсийлаштириш эди”, “Украина билан бизнинг ўртамизда виза тартиби йўқ! Қотиллар осонликча поездга мина олган. Улар аллақачон Украинада” кабилар шулар жумласидандир.

Бироздан кейин ҳамма кеча мавзуси Немцовнинг шубҳали характери эканини эслаб қолди.

“Қаердадир Немцов саентологияга қизиқиши ҳақида ўқигандим”. “[Украина бош вазири] Яценюк ҳам саентолог экани қизиқ эмасми?”

Шунча гапдан кейин олиб борувчи камерага қараб, Немцовнинг онаси ва бошқа яқинларига таъзия билдирди. Студия аста қоронғулашди. Томошабинларга айтилмаса-да, уларнинг ҳаммаси бирданига ўринларидан туриб, сукут сақладилар.

Улар ҳозиргина ўзлари тайёрлаган шоуни Немцовнинг онаси ҳеч қачон кўрмасин, деб дуо қилишдимикин-а?

Елена Риковцева қаламига мансуб мазкур мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG