Линклар

logo-print

ОВИР ўзбекистонликка чет элда юргани учун жарима солишга оид “фармон”ни тан олмади


12 март куни ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони”, деган иддао билан бир “ҳужжат” матни эълон қилинди.

Чет давлатларда юрган ҳар қандай ўзбекистонлик мазкур матн билан танишар экан, ваҳимага тушиб қолиши аниқ.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси расмийси тилга олинган “ҳужжат”нинг амалда мавжуд эмаслигини қатъий ишонч билан айтганига қарамай, масаланинг ижтимоий аҳамияти катталигидан келиб чиқиб, бу мавзуни ёритишга қарор қилдик.

Матн мазмуни

Лотин ёзувида O'zbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi O'zbekiston Respublikasi Prezidentining "Fuqarolarning chet elga chiqish va kirishini tartibga solish to'g'risida"gi farmoni, деб сарлавҳаланган матн муқаддимадан ташқари 6 банддан иборат.

“Фармон”да мана бундай ваҳима уйғотувчи меъёрлар белгилаб қўйилган:

…1 yildan (12 oy) 5 yilgacha (60 oy) chet el davlatlarida bo'lgan O'zbekiston fuqarolari eng kam oylik ish xaqining 65 baravarida jarima to'lashlari belgilab qo'yilsin.

… Suriya Islom Respublikasi, Saudiya Arabistoni, Xitoy Xalq Respublikasi, Turkiya Jumhuriyati, Janubiy Koreya Respublikasi, Qirg'iziston Respublikasi, Tojikiston Respublikasi) davlatlariga chiqish uchun "Visa" tartibi joriy qilinsin.

… O'zbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish va kirish muddati tugagan xujjat asosida chet el davlatlari xududida yashashi taqiqlansin.

… Chet ellardagi O'zbekiston Respublikasi fuqarolari muddati tugagan yoki hech qanday ruhsatnomasi bo'lmagan hollarda 2015-yilning 31-avgustiga qadar O'zbekiston Respublikasi xududiga qaytishlari ta'minlansin.

Фармоннинг қалбакилиги белгилари:

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “фармон” матнида уни имзолаган шахснинг исм-фамилияси ва у имзоланган сана йўқ;

матн унвонида O'zbekiston Respublikasi Prezidentining... сўзлари олдидан O'zbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirli, деб ёзилган, вазирлик, ҳатто ташқи ишлар вазирлиги бўлса ҳам, Президентнинг "устида турмайди";

матн идора тилида ёзилган, лекин қуйидаги ғализликлар унинг қалбакилигига навбатдаги далиллардир: O'zbekiston Respublikasi xududidan chet el davlatlariga chiqib noma'lum muddat asosida yani 1 yildan (12 oy) 5 yilgacha (60 oy)...

Агар 1 yildan (12 oy) 5 yilgacha (60 oy) бўлса, унда нима учун noma'lum muddat дейилаяпти?

Ёки ...davlatlariga chiqish uchun "Visa" tartibi joriy qilinsin, деган гап устида ўйлаб кўринг – у ёки бу мамлакат раҳбари битта фармон билан davlatlarga chiqish uchun "Visa" tartibi joriy қилолмайди – бу икки томонлама шартномалар билан жорий қилинадиган тартибдир;

Интернетдаги ресурслардан на фармон матни, на бундай ҳужжат тўғрисида хабар топилди;

“Фармон”нинг қалбакилигига шубҳаларимиз кучли бўлишига қарамай, ҳар эҳтимолга қарши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси (халқ тилида ОВИР) билан боғландик.

Озодлик мухбири тўлиғича ўқиб берган матнни тинглаб расмий:

- Қаердан олдингиз буни? Мен бунақа ҳужжат борлигини билмайман¸ деб жавоб берди.

ОВИР расмийси жавоблари

Хуллас,

O'zbekiston Respublikasi Prezidenti "Fuqarolarning chet elga chiqish va kirishini tartibga solish to'g'risida"gi farmon имзолаган эмас. Ҳар ҳолда 2015 йилнинг 12 мартигача бундай ҳужжат мавжуд эканлиги тўғрисида маълумот йўқ.

Бас, шундай экан, ижтимоий тармоқда тарқаган бу “деза”ни эътиборсиз қолдирсак, ҳам бўлар эди.

Лекин Ўзбекистонда амалда бўлган баъзи тартиблар, масалан, фуқаронинг чет элга чиқиш учун тегишли идоралардан рухсат олиш мажбурияти (“чиқиш визаси” аталмиш изн) ёки пенсия тўлаш тартибига оид куни кеча қабул қилинган йўриқнома каби ҳужжатлар фонида ўзбекистонликлар ҳар қандай ёлғон маълумотни рост, деб қабул қилиш эҳтимоли каттадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG