Линклар

Шайх ўлимидан қайғуга тушган мухлис жанозада вафот этди


Жаноза намозига йиғилганларнинг кичик бир гуруҳи.

Жаноза намозига йиғилганларнинг кичик бир гуруҳи.

Учинчи кундирки аксар ўзбекистонликлар оғзидан тушмаëтган воқеа - таниқли уламо Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти ҳақида на расмий матбуот ва на телерадиоканаллар хабар бергани йўқ. Бу хабардан портлаш даражасига етган ижтимоий тармоқларда эса энди шайх жанозасида юрак хуружидан ўлиб қолган мухлис ҳикояси кенг тарқамоқда.

Жазавали жаноза - муфтийнинг мухлиси у билан жон берди

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни сўнгги йўлга кузатиш учун 11 март куни мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган оломон тўпланди.

Жанозада қатнашганлардан бири - "Авалон" ширкати бош директори Мурод Назаров исмлик шахснинг ўз Facebook саҳифасида ҳикоя қилишича¸ ўта ҳиссиëтли ва талотўпли ўтган бу видолашувда¸ қайғусига юраги дош бера олмай шайхнинг кекса муриди масжиддаëқ жон берган.

“Бугун дунёга машҳур ўзбек диний уламосини сўнгги йўлга кузатиш учун беҳисоб халқ Шайх Зайниддин жомеъ масжидига тўпланди. Одамлар масжид ҳовлисига маросим бошланишидан икки соат олдин йиғила бошлашди.

Мен ҳам марҳумни ерга қўйишдан олдин сўнгги марта кўриб қолиш иштиёқида маросимга бордим. Масжидга кирганимда, атрофимда йиғлаб турган одамларни кўрдим. Лекин баъзилар шу даражада жазавага тушардиларки, улар маросимнинг боришига халал бера бошлашди. Одамлар марҳумнинг тобутини қўйиб юборишни исташмас, бошқалар тобут томон талпинишар эди. Яқинда турган имомлар бу оломондан тартиб сақлашни сўрашар, лекин қоидабузарлар уларнинг сўзларига қулоқ солмас эди.

(www.islom.uz га тегишли бу видео YouTube порталидан олинди)

Натижада, бунга чора сифатида Қуръони Карим оятлари айтила бошланди. Бу ўз самарасини кўрсатди ва одамлар секин-аста тинчлана бошлади.

Бироз ўтиб, Анвар қори дуо қила бошлади:

“Ё Аллоҳ, ўзинг билгувчисан, қайсимиз қанча яшаймиз, лекин биз бугун шайхимизга озор бердик. Одамлар! Тинчланинг! Ҳазратимиз тинчликни хуш кўрар эди. Уни азобламанг, уни қийнаманг. Сизлардан илтимос қиламан”.

Шундан кейин мен бизни қандай одам ташлаб кетганини янада чуқурроқ англадим.

Шунда тўсатдан ёнимда турган кишилардан бири, чамаси 65-70 ёшли кекса киши ерга қулади. Унинг қўл ва оёқлари ғалати қимирлаб, оғзидан кўпик кела бошлади. Тез етиб келган шифохона ходимлари унинг ҳаётини сақлаб қола олишмади. Унинг юраги хуруж қилганди.

Дафн маросими тугагандан кейин қалбим бўм-бўш бўлиб қолди. Дунёнинг нақадар ўткинчилиги ҳақида ўйларга берилдим. Тўсатдан вафот этган бу кишига ҳавас қилдим, у бу дардни кўтара олмади, лекин шайхимиз билан бирга кетишга мушарраф бўлди”, деб таржима қилди Kun.uz сайти Муродхон Назаровнинг ўз Fasebook саҳифасида рус тилида эълон қилган қайғули ҳикоясини.

Медиа ҳамон Оқсаройдан буйруқ кутмоқда...

Тошкент маркази ўн минглаган таъзиячилар билан қайнаб тошиб турган¸ бу жанозада Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ходимлари¸ ҳатто улар мутасаддилари ҳам қатнашганига қарамай¸ давлат ва хусусий теле-радиоканаллар бу ўлим ҳақида хабар қилмади.

Журналист Абдураҳмон Ташанов буни Оқ уйдаги матбуот кураторларидан тегишли фармон берилмагани билан изоҳлайди:

- Уч кундан бери атайлаб ўзбек телеканалларини кузатиб турибман. Бирортаси бир оғиз хабар қилгани йўқ. Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайтида шайх вафоти муносабати билан таъзия билдирилди¸ лоақал шуни ҳам ўқиб қўйишмади.

Радиода ишлайдиган болалар бу ҳақда тақиқ йўқлиги¸ лекин тепадан кўрсатма ҳам берилмаганини айтишди. Бунақа буйруқ одатда давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бошчилигидаги матбуотни назорат қилиш идорасидан тушади. Маҳаллий медиа бунақа буйруқ келмаса¸ ўзича бирор хабарни беролмайди¸ дейди журналист.

Матбуотга ҳожат қолмади...ми?

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев ҳам ўзбек медиаси шайх ўлими ҳақида лом-мим демаганини тасдиқлай туриб¸ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўлими хабари водийда яшин тезлигида тарқаб улгурганини айтади:

- Ўзбекистон телеканаллари бир оғиз ҳам гапирмади бу ҳақда. Кўпчилик SMS олибди¸ шайхнинг муридлари тарқатган шекилли. Бу гап оғиздан-оғзига ўтиб¸ кеча фарғоналиклар Тошкентга жанозага ҳам бориб келишди. Жуда кўпчилик борибди. Ҳозир халқ оғзидаги асосий янгилик шу энди. У кишининг¸ айниқса¸ водийда эътибори баланд эди¸ ихлосмандлари кўп эди. Одамлар қайғуда энди¸ дейди фарғоналик кузатувчи Абдусалом Эргашев.

Интернетсизлар эшитмай қолди...

Хўжаободлик Зайнобиддин ота шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ҳам¸ унинг отасини ҳам яхши билган. Булоқбоши деган туман тузилгунга қадар Зайнобиддин ота ҳам¸ шайх ҳам хўжаободлик саналган¸ шайхнинг отаси Хўжаободдаги ягона масжидга 45 йил имомлик қилган¸ Зайнобиддин ота ҳам¸ унинг отаси ҳам бу масжид намозхоналаридан бўлган. Зайнобиддин ота Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ота уйида ҳам¸ Қорақамишдаги ҳовлисида ҳам бир неча бор бўлган¸ суҳбатлар қурган.

Аммо ўзбек медиасининг сукунати боис Зайнобиддин ота шайхнинг вафоти тўғрисидаги хабарни Озодлик мухбиридан эшитиб¸ ҳайрон қолди:

- Йўқ¸ йўқ¸ эшитмадим. Телевизордан¸ радиодан бир оғиз ҳам айтмаса¸ қаердан эшитайлик? Мен у одамни яхши танийман¸ Тошкентдаги уйига ҳам уч-тўрт марта борганман. Отаси Мамаюсуф акани ҳам яхши танирдим. Бизнинг масжидимизга 45 йил имомлик қилган¸ отам билан яхши алоқада эди. Жуда илмли одамлар булар. Ëш эди ҳали¸ эшитсам жанозага борардим. Энди сиздан эшитдим таъзияга бораман энди Тошкентга¸ дейди 70 дан ошган Зайнобиддин ота.

Каримов жанозаларни ëқтирмайди...

Озодликнинг айрим манбалари¸ ëши 77 га бориб¸ саломатлиги ҳақида ҳар хил миш-мишлар тез-тез тарқаб турадиган Ислом Каримов ўлим хабарини ëқтирмаслигини айтадилар.

Журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам бундай гап-сўзлардан хабари борлигини айтади:

- Каримовга ўлим ҳақидаги хабарлар ëқмаслиги ҳақида ҳам гап-сўзлар бор. Тенгдошлари¸ салафлари ўлганини эшитиб¸ кайфияти бузилса керак. Шунинг учун шайхга ўхшаган расмий матбуотдан узоқлаштирилган одамлар эмас¸ умрини Каримов хизматига бағишлаганлар¸ Каримов ўзи "Ўзбекистон Қаҳрамони" қилганлар ўлса ҳам медиа бу ҳақда на хабар¸ на таъзия беради¸ дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

Яқин тарихда ўзбекистонликлар орасида овоза бўлган таниқли Халқ артистлари Фахриддин Умаров¸ Камолиддин Раҳимов¸ машҳур сухандон Раҳматилла Мирзаев¸ шунингдек ўз пайтида Каримовнинг "серий кардинали" саналган собиқ давлат маслаҳатчиси Тимур Алимовлар ўлими ҳақида ҳам ўзбек оммавий ахборот воситалари оғиз очмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG