Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:21

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш эски усулларга қайтиши мумкин


Россиядан пўл жўнатмалари ҳажми қисқарди

Мутахассислар Россиядаги пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши 2009 йилги иқтисодий инқироздан буён биринчи маротаба кузатилаётганини таъкидламоқда.

2014 йилда Россиядан қўшни мамлакатларга, жумладан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 2013 йилга қараганда 10 фоизга камайди.

Бу рақамлар Россия Марказий банки, Молия вазирлиги ва ҳукуматнинг бошқа идоралари статистика маълумотлари асосида пайдо бўлган¸ дейди Озодлик билан суҳбатда CONTACT пул ўтказиш тизими расмий вакили Александр Жаббаров:

- Пул ўтказмалари бозори қисқаришни бошлагани рост. Бу қисқариш 2014 йилнинг иккинчи ярмидан – доллар курсининг кўтарилишидан бошланди. Айниқса, пасайиш ўтган йилнинг тўртинчи кварталида кўзга ташланди. Биз келтирган рақамлар нафақат CONTACT, балки бошқа пул ўтказиш тизимларига ҳам тегишли, чунки тадқиқотларимиз бу тизимлар бўйича ҳам олиб борилди, дейди CONTACT таҳлилчиси Александр Жаббаров.

Суҳбатдош бу ҳақдаги аниқроқ рақамлар Россия Марказий банки томонидан шу ой оxирларида эълон қилиниши кутилаётганини ҳам билдирди.

Тадқиқот натижаларида 2014 йилда жисмоний шахслар томонидан Россия пул ўтказмалари бозорида 25 миллиард доллар ҳажмида маблағ ўтказилгани акс этган (бир йил олдин бу рақам 27,6 млрд. долларни ташкил этган). Айни пайтда, тадқиқотчилар пул ўтказиш амалиётлари – трансакциялар сони мутлақо ўзгармагани, шунчаки ҳар бир пул ўтказмаси ўртача ҳажми 2013 йилда 521 доллардан 2014 йилда 472 долларга тушганини қайдга олди.

Шунингдек, ўтган йил давомида Россиядан ташқарига 20,9 млрд АҚШ доллари миқдорида пул олиб чиқилган бўлиб, унинг асосий қисми – 18,3 миллиард қўшни мамлакатларга жўнатилган.

TMT Консалтинг: “Доллар курси ошиши ортидан миграция оқими камайди”

Тадқиқотни олиб борган TMT Консалтинг агентлиги бош директори Константин Анкилов Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари юбориш умумий кўрсаткичнинг қарийб 33 фоизни ташкил этишини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда таҳлилчи Россиядан пул жўнатмалари ҳажми камайганини¸ асосан¸ иккита сабаб билан изоҳлади:

- Ўзгаришлар динамикасига таъсир этаётган сабаблар кўп бўлсада, асосийси – иккита: улар ҳам 2014, ҳам 2015 йилда ўз таъсирини сақлаб қолади. Биринчиси, доллар курсининг ошиб бориши ва иккинчиси – пул қадрсизланиши ортидан миграция оқимининг камайиб бориши. Аслини олганда, 2015 йил бошида Россияда хориж фуқаролари сони ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда 2 фоизга ошган ва ҳозир 11 миллион кишини ташкил этмоқда! Аммо, унда таркибий ўзгаришлар рўй берди. Мигрантлар сонининг ошишига¸ энг аввало¸ Украинадан келган қочқинлар жиддий таъсир кўрсатди: 2014 йил давомида Украинадан 858 минг одам кириб келган! Бундан хулоса қилишим мумкинки, Россияга пул ишлагани келаётган одамлар сони сезиларли даражада камайди, дейди Константин Анкилов.

Маълум бўлишича, Россия пул ўтказмалари бозори 2009 йилдан буён тинимсиз ривожланиб келган ва 2013 йилнинг ўзида қарийб 30 фоизли ўсишни кўрсатган.

“Миграция қонунларининг кескинлашиши бозоримизга салбий таъсир қилмоқда”

Иқтисодий таҳлилчи Константин Анкилов пул жўнатмалари пасайишига ноқонуний муҳожирликка қарши Россия ҳукуматининг жорий этган янги тартиб-чоралари ҳам жиддий таъсир қилганини айтади.

- Биз яқин келажакда долларда даромадлари кескин тушиб кетган қўшни мамлакатлардан келаётган ишчилар сони камаяди, деб тахмин қилаяпмиз. Шунингдек, Россияда легал ҳолатда меҳнат қилиш учун жорий этилаётган миграция тўсқинлари ҳам бозоримизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Россиянинг юқори малакали мутахассисларни саралаб олишга имкон очилмоқда. Бошқа томондан, кўплаб меҳнат муҳожирлари учун ўз юртларида иш йўқлигини ҳисобга олишимиз зарур. Улар нима қилади? Россиядан бошқа қаерга бориб ишлай олиши мумкин? Бошқа вариантлар йўқ: қандай йўллар билан бўлмасин, улар Россияга кириб келишга ҳаракат қилади, дейди TMT Консалтинг агентлиги бош директори Константин Анкилов.

ТМТ Консалтинг бош директори Константин Анкилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:44 0:00
Бевосита линк

“Меҳнат муҳожирлари “афғон банкинг”ини танламоқда”

Суҳбат сўнгида Константин Анкилов рублнинг қадрсизланиб бориши¸ айниқса ¸Ўзбекистон муҳожирларини “афғон банки” номи билан машҳур бўлган ота-боболаримиздан қолган қадимий пул ўтказиш усулларининг яна кенг тарқалишига олиб келишини ҳам айтиб ўтди:

- Пул жўнатишнинг яна қандай усуллари мавжуд? Қариндошлар ва таниш-билиш орқали бериб юбориш – бу усулнинг ўзига яраша хавфли томонлари мавжуд. Кейингиси – криминал схемалар ёрдамида “афғон банки” хизматларидан фойдаланиш, яъни кимгадир сиз у ёрда пул берасиз, юртингизда муайян хизмат ҳақига¸ бошқаси уйингизга ўша суммани олиб келиб беради. Бу операциялар норасмий тузилмалар томонидан амалга оширилади, солиқ тўланмайди, даромад ҳам катта. Юз йиллаб мавжуд бу схема яқин вақтда америкаликлар эътиборини тортган. Чунки улар айнан шу схема орқали халқаро террорчилик молиялаштирилганини тахмин қилган. Бундай тузилмалар қонун томонидан сиқувга олинган мамлакатлардагина тараққий этиши турган гап, деб хулоса қилди таҳлилчи Константин Анкилов.

Айни пайтда, мутахассислар жорийда йилда Россияда муҳожирлар сони 8 фоизга камайиши, бу мамлакатдан ташқарига пул ўтказмалари ҳажми эса 25-30 фоизга камайишини башорат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG