Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:05

Енгилтабиат аёлни ўлдирган сартарош, “тўнаб” кетилган хонанда


Қулликка солинган мигрантларнинг тана аъзолари сотилмоқда. Президентликка номзод Кетмонов дори-дармон рекламасини чеклаш муҳимлигини айтди. Улуғбек Раҳматуллаевнинг қўшиғини арман хонандаси ўғирлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Президентликка номзод Кетмонов – дори-дармон рекламасини чеклаш тарафдори”

Ўзбекистон президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Кетмонов дори-дармон рекламасини чеклаш муҳим масала деб ҳисоблайди (“Ўзбекистон овози”, 12 март).

“Дори-дармоннинг реклама орқали танланиши баъзи бир салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, реклама дори воситалари нархларининг ошишига ҳам таъсир қилмоқда”, деган Қашқадарёдаги сайловчилар билан учрашган Ҳ.Кетмонов.

Халқ демокракик партияси номзоди шу билан бирга тиббий хизматни яхшилаш борасида гапириб, қишлоқ врачлик пунктлари шароитини янада яхшилаш, малакали тиббий ходимлар тайёрлаш зарурлигини айтган.

“Самарқандда енгилтабиат аёл ва унинг яқинларини ўлдирган сартарош 23 йилга қамалди”

Самарқандда уч нафар фуқарони ўлдирган сартарош йигит 23 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 12 март).

Қайд этилишича, енгилтабиатлиги билан ном чиқарган аёл сартарош йигитдан қарз олиб, қарзни унинг жинсий шаҳватини қондириш билан қайтарган. Шу тариқа аёл ва сартарош йигит учрашиб юрган.

Кейинроқ аёл йигитни шантаж қила бошлаган, 6000 доллар бермаса, ҳуқуқ идораларига “Мени зўрлади” деб ёзиб бераман дея қўрқитган.

Шундан кейин йигит аёлнинг уйига келиб уни бўғиб ўлдирган. Воқеага гувоҳ бўлиб қолган онаси ва опасини эса пичоқлаган.

“Бу воқеа катта шов-шув бўлди. Қотилликнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар ким ҳар хил таҳлил қилди”, деб ёзади Самарқанд вилояти прокуратураси терговчиси Акмал Икрамов. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

“Наманганда экинга мўлжалланган ерни уй қуришга берган фермер жазоланди”

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги “Сатимбой Ачахон Абдулхай” фермер хўжалиги раҳбари Абдулҳай Ҳакимов ердан ўзбошимчалик билан фойдаланишда айбланди (“Диёнат”, 12 март).

Қайд этилишича, фермер хўжалиги раҳбари олти нафар фуқарога жами 50,3 сотих экин майдонини уй-жой қуриш учун ноқонуний равишда бериб юборган.

Ер олган фуқаролар эса ўзига уй қурган. Жиноят ишлари бўйича Косонсой тумани суди фермер хўжалиги раҳбари Ҳакимовга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ушлаб қолиш шарти билан 2,6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган. Ўзбошимчалик билан берилган ерда қурилган уй-жой тақдирига ойдинлик киритилмаган.

“Қулликка солинган мигрантларнинг тана аъзолари сотиб юборилмоқда”

Чет элга ишлаш учун бориб одам савдоси қурбони бўлаётган мигрантлар тана аъзосидан трансплантация операцияларида донор сифатида фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда (“Оила даврасида”, 12 март).

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шўъба мудири Зулфия Нуримова маълум қилади. Агентлик расмийси аёллар чўри каби хўрланаётгани, жинсий эскпулатациясига учраётганини ҳам қайд этган.

“Ўзбекистон фуқаролари хусусий меҳнат контрактлари бўйича фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган рухсатномалар асосида чет элда меҳнат қилиши мумкин”, дейди З.Нуримова.

Қайд этилишича, 2007 йилдан буён агентлик орқали биргина Жанубий Кореяга 20 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилгани юборилган.

“Ўқувчилардан йиғиб олинган 30 миллион сўм қаерга ғойиб бўлди?”

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2-академик лицей маъмурияти ўқувчилардан турникет ўрнатиш важи билан 30 миллион сўм пул йиғиб олгач, ваъдасини бажармаётир (“Новий век”, 12 март).

“Турникет солиғи” 1500 нафар ўқувчи бошига 20 минг сўмдан тўғри келган. Пул ўқув йили бошида йиғиб олинганига қарамай, ҳозиргача бу борада амалий чора кўрилмаган.

Ота-оналардан бири газета орқали 30 миллион сўм маблағ қаерга ғойиб бўлгани, умуман, ота-оналар ҳисобидан турникет ўрнатиш қанчалик тўғри экани борасида мутасаддиларни саволга тутади.

“Телефонидан эктремистик материаллар чиққан йигит қўлга олинган”

Санкт-Петербург–Тошкент йўналишидаги поездда Ўзбекистонга қайтган 22 ёшли ғиждувонлик йигит қўлга олинган (“Инсон ва қонун”, 10 март).

Навоий темир йўл вокзалига келиб тушган йигитнинг қўл телефонида диний экстремизм ва ақидапарастлик руҳидаги материаллар борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ғиждувонлик йигит ҳуқуқ идоралари вакилларига ислом динига қизиқиши туфайли бу материалларни интернетдан кўчириб олганини айтган. Исми ошкор этилмаган йигит диний экстеримистик руҳдаги материалларни контрабанда йўли билан олиб киришда айбланган.

“Ўғрини қароқчи урди: Улуғбек Раҳматуллаевнинг қўшиғини арман хонандаси ўзлаштирди”

Арманистонлик таниқли хонанда Григорий Вонц ўзбекистонлик хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Соғиниб” номли қўшиғини арман тилида куйлаб чиқди (“Даракчи”, 12 март).

Улуғбек Раҳматуллаев бу ҳолатни хотиржам қабул қилиб, арман хонандаси қўшиғини ўғирлаганига эътирози йўқлиги билдирган. Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Раҳматуллаев бундан аввал бир неча марта хориж хонандаларидан қўшиқ ўғирлаб куйлашда айбланган.

Масалан, хонанданинг “Бемор”, “Лайлойимсан” каби таниқли қўшиқлари ўғирлаб куйланган.

XS
SM
MD
LG