Линклар

Санкт-Петербургда Новороссия музейини очишмоқчи


Новороссия ғоясини қўлловчи Бошқа Россия партияси тарафдорлари намойиши.

Новороссия ғоясини қўлловчи Бошқа Россия партияси тарафдорлари намойиши.

Татьяна Вольтская

Санкт-петербурглик сартарош Украинадаги россияпараст айирмачилар шарафига музей очиш ниятида. Синглиси Украинанинг Донбасс минтақасида бўлган Галина Пучнина музейни 9 май, Россияда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини нишонлайдиган кунга қадар очишга умид қилмоқда.

Пучнинанинг айтишича, музей Новороссия ғоясига бағлишланади. Донбассдаги айирмачиларни қўлловчилар Украинанинг жануби-шарқидаги катта ҳудудни “Новороссия” деб аташади.

“Бизда фильмлар, гильзалар, портлашлар, қон, зўравонлик намойиш қилинади”, дейди Пучнина. Россияпараст айирмачиларга қарши курашаётган кўнгиллилар гуруҳларини назарда тутиб, “Ҳамма нарса аслидек бўлади – бизда гильзалар парчалари, свастикалар билан безатилган Азов батальони каскалари бўлади”, деб сўзини давом эттирди Пучнина.

Музей учун Санкт-Петербургнинг марказида жойлашган бинонинг подвали танланган. Бу бинода бир вақтлар ХХ аср шоири Александр Блок яшаб ижод қилган.

Лойиҳани ким молиялаштираётгани ёки унга расмийлар тарафидан изн берилган-берилмагани номаълум. Шундай бўлса-да, Пучнина Россия дастаклаётган айирмачилардан ёрдам олаётганини айтади.

Ҳозирча музейнинг бўлажак жойи деворларини моғор босган, қувурлари кўриниб турадиган эски подвал. У ерда ҳозир Пучнинанинг “Ота юрт” нодавлат ташкилоти Донбассга юбориш учун тўплаган қутилардан бошқа ҳеч нима йўқ.

“Мен аллақачон олти марта гуманитар ёрдам юбордим”, деб мақтанади Пучнина.

Нима учун Новориссия музейи шунча муҳимлиги ҳақида сўралганда, Пучнина жавоб беришга иккиланди.

“Қандай тушунтирсам экан? Қалбим бир нима қилиш кераклигини айтади. Бир нима қилиниши керак. Қандайдир қилиб ёрдам беришим керак. Сиз масалан, бу ерга келиб-кетиб, бирор нималар ёзасиз, тўғрими? Мен бўлса шуни қила оламан. Бир нима қилишим керак, деган фикр мени тинч қўймаяпти.”

Мемориал инсон ҳуқуқлари гуруҳининг Санкт-Петербург бўлими раҳбари Татьяна Косинова лойиҳага жиддий қарамайди, ҳатто лойиҳа ҳукуматдан бевосита ёки билвосита кўмак олган тақдирда ҳам.

“Менимча, энг яхши жавоб кулиб қўйиш. Бунинг аҳамаятини бўрттириб юбормаслик керак – бу жуда кичкина, яширин ташаббус”, дейди Косинова.

Аммо бошқалар бу музей ғояси ҳозирги кунда Россия жамиятида рўй бераётган жараёнлардан дарак беради, деган фикрда.

“Музейларнинг вазифаси ҳақиқатни, ўтмишни ҳужжатлаштиришдир”, дейди Санкт-Петербургдаги Европа университетида антропологиядан дарс берувчи Илья Утехин. Аммо бу янги музейларнинг аксари ҳужжат тўплаш ўрнига черков вазифасини ўтаяпти”.

Утехин Пучнинанинг ташаббуси совет замонини эслатишини айтади. Утехин бу лойиҳани совет даврида Владимир Ленин борган ёки умуман қадам босмаган жойларда уюштирилган, кўпроқ ибодатхона вазифасини ўтаган кўргазмаларга қиёслайди.

“Менимча, бу ҳодисанинг чуқур илдизлари бўлиб, улар совет анъаналарига жуда ўхшайди”, дейди Утехин.

Санкт-Петербург маданий ўзгаришлар рўй бераётган ягона рус шаҳри эмас.

Пермь вилоятида совет даври репрессиясининг ГУЛАГ мажбурий меҳнат лагерларига бағишланган ягона музей жойлашган. Мемориал гуруҳига кўра, музей бошқарувини яқинда қўлга олган маҳаллий расмийлар эндиликда уни Россия жазолаш маҳкамаларига бағишлаш ниятидалар.

Пермь шаҳридан 100 км масофада жойлашган бу музейда 1996 йилдан бери совет, хусусан Сталин қатағонларига доир кўргазмалар сақланиб келмоқда.

Москвада расмийлар Киев руси шаҳзодаси Владимирга эсдалик ўрнатишга рухсат беришди. Владимир 988 йилда, яъни Москва шаҳрига асос солинишидан тахминан 150 йил аввал православ насронийликни қабул қилган.

Санкт-Петербургдаги Анна Ахматова музейи директори Нина Попова Новориссия кўргазмаси ва бунинг замирида ётган маданий ўзгаришлардан хавотирда.

“Бу музейнинг мени хавотирга соладиган томони унинг шовинизм, уруш ва агрессия билан суғорилганидир”, дейди санъатшунос.

XS
SM
MD
LG