Линклар

logo-print

Сайловолди кампанияси доирасида ўзи туғилиб ўсган Самарқандга борган Ислом Каримов¸ 105 яшар ҳамюртига янги ҳовли калитини топширганини телевизордан кўрган самарқандлик пенсионерлар¸ жорий ва келгуси президентларидан шундай саховат кутмоқдалар. Самарқандликлар орасида айни кунларда президент 29 март куни туғилганларга ҳам катта совға бераркан¸ деган овозалар тарқалган. Ҳокимият вакиллари бу хабарни инкор эта туриб¸ айни пайтда 29 йилда туғилган пенсионерларга “қандайдир” совға бўлиш эҳтимолига ишорат қилдилар.

Озодликка мурожаат қилган самарқандликларда бири қуйидаги хабарни текшириб кўриш учун боғланганини билдирди:

- 29 март куни биласиз¸ Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлади. Шу сайловга Ўзбекистон президенти совға қўйган¸ соврин қўйган. Кимда-ким 29 март куни туғилган бўлса¸ уй оладими¸ ëки қанақа турда бўлсин¸ машина оладими¸ 50 фоиз скидка қилиб беради. Бизнинг районда кўчада эълонлар ëзиб қўйишибди¸ агар 29 март куни туғилган бўлсангиз¸ шунақа совға бор деб. Пенсия тарқатишдаям ҳаммага айтиб чиқаяпти¸ дейди самарқандлик суҳбатдош.

Шундай расмий эълонни ўзингиз кўрдингизми¸ кимнинг номидан ëзилган улар¸ 29 март куни туғилганлар кимга¸ қаерга мурожаат қилиб¸ президент совғасини олиши мумкин¸ деган саволган жавобан бу манба¸ ўзининг Россияда эканини эътироф этди:

- Менга бир эмас¸ уч-тўрт одам телефон қилди. Мен 29 мартда туғилганманда¸ шу гап рост бўлса¸ дарров билетни тўғирлаб¸ уйга кетаман¸ деди иштихонлик муҳожир.

Озодлик халқ оғзида юрган бундай овозаларда қанчалик жон борлигини текшириш мақсадида сўз борган Иштихон туман ҳокимлиги билан боғланди.

Ҳокимлик расмийси:

- Бунақа гап эшитганим йўқ. Сайлов куни туғилганларга совға берилади¸ деган гап йўқ¸ деб гапни қисқа қилди.

Иштихондаги давлат тизимларидан бири вакили¸ халқ орасида бундай миш-миш тарқалишини президентнинг 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиши ортидан¸ 85 дан ошганлар ҳужжатларини Пенсия жамғармасига йиғиб бериш билан боғлади:

- 29 март куни туғилганларга совға ҳақида гап йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас (кулади). Лекин 1930 йилгача туғилган қариялар ҳужжатларини райсобезга топшириш ҳақида гап бор. Шундайлар бўлса¸ президент қанақадир совға берармиш. Унинг қанақа совғалигини ҳали ҳеч ким билмайди. 29 йилда туғилганларга совға бераркан¸ деган хабарни одамлар 29 мартда туғилганлар¸ деб нотўғри тушунишганга ўхшайди. Ўзингиз ўйланг¸ 29 мартда туғилган қанча одам бор¸ уларга уй ва машинани ярим пулига совға қилишга давлатнинг кучи етадими¸ деди Озодлик билан суҳбатда Самарқанддаги давлат тизимларидан бири ходими.

Қарияларга пенсия тарқатиш билан шуғулланувчи почта ходимларидан бири ҳам уйма-уй юриб на кекса¸ на ëшга “президент совғаси” борлиги ҳақида хабар берилаëтганини инкор қилди ва содда халқ телевизорда кўрганини ўзича президент ҳимматига йўяëтган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди:

- Унақамас¸ унақамас. Фақат битта хатлов қилиб олди булар (Пенсия жамғармаси). Яқинда Самарқанд шаҳримизга президент келиб¸ шахсан ўзи уйнинг калитини¸ янги коттежнинг калитини топшириб кетди. Шунга 100 дан ошганлар қидирилди. Самарқандда фақат битта шунақа чол топишибди¸ шахсан президент унга коттежнинг калитини топшириб кетди. Бошқа бунақа ҳолат аниқланмади бизда. Одамлар шуни нотўғри тушунишганга ўхшайди. Лекин “Кексаларни эъзозлаш йили”га 100 дан ошганларни қидириб кўришди. Бу дегани ҳаммага уй ëки машина совға қилинади¸ дегани эмас¸ деди самарқандлик почта ходимаси.

Самарқандликлар¸ ўз ҳамюртлари Ислом Каримовнинг яна 5 йилга президентликка қолиш олдидан катта совға улашишига умид қилаëтган айни кунларда¸ Ўзбекистон ҳукумати “Кексаларни эъзозлаш йили”да айнан пенсионерларга бир умр меҳнат қилиб эришгани қонуний пенсиясини бермасликнинг янги ва янги йўлларини ўйлаб топмоқда.

Хусусан¸ 12 март куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийси бир ойдан кўпроқ муддатга чет давлатга кетган пенсионерларнинг пенсияси қирқилиши ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

Бундан аввал ҳукумат аёлларнинг бола парваришлаш учун уйда ўтирган йиллари уларга пенсия тайинлаш чоғида тан олинган умумий иш стажидан чиқариб ташлаш ва пенсияни камайтирилган ҳолда қайта белгилашни бошлаган эди.

Ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатда бу жараëннинг бутун мамлакат бўйлаб бораëтганини Пенсия жамғармаси ходимлари ҳам, шундай масала билан шуғулланган адвокатлар ҳам тасдиқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG