Линклар

logo-print

OzodlikOnline: Ўзбекларни ким ва нима кўчага чиқара олади?


Шайх жанозасига тўпланган издиҳом.

Шайх жанозасига тўпланган издиҳом.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозасига мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган катта оломоннинг тўпланиши жамоат бўлиб тўпланишдан чўчиб қолган ўзбекистонликларни уюштириши мумкин шахс ва ғоялар мавжудлиги ҳақида баҳс туғилишига сабаб бўлди. Сизнингча¸ қандай етакчи ва қандай ғоялар бугун ўзбекистонликларни уюштириш ва майдонларга олиб чиқишга қодир?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Сиëсий ҳуқуқлар” деб номланган VIII бобининг 33-моддасида:

- Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар¸ йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ëки тақиқлаш ҳуқуқига эга¸ деб ëзилган.

Кейинги 34-моддада эса:

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига¸ сиëсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш¸ оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиëсий партияларда¸ жамоат бирлашмаларида¸ оммавий ҳаракатларда¸ шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари¸ эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас¸ деб ëзиб қўйилган.

Бу конституция қабул қилинганидан бери орадан ўтган қарийб 23 йиллик яқин тарих давомида ўзининг ушбу конституцион ҳаққидан фойдаланишга уринганлар қамоққа ташланиб¸ сургунга чиқарилганидан сўнг¸ 2015 йилга келиб аксар халқ Конституцияда ўзига шундай ҳақ берилганини ҳам унутаëзди.

Оқибатда¸ оммавий ҳаракатга уюшиш ва уюштириш¸ митинг¸ йиғилиш ва намойиш ўтказиш ва унда қатнашиш ўзбекистонликлар зеҳниятида “конституцион тузумга тажовуз” деб баҳоланадиган оғир айб ўлароқ қабул қилинадиган ëхуд Ўзбекистондаги тинчликни кўролмайдиган¸ уни Афғонистон¸ Ироқ ва энди Украинага айлантирмоқчи душманлар фитнаси, деб талқин этиладиган бўлиб қолди.

Ўз ҳаққини сўраб кўчага чиқиш жиноятга тенглаштирилиши ортидан ўзбекистонликлар кундалик маиший ҳаëт (газ ва свет йўқлиги)дан токи сиëсий коррупция зулмига қарши чиқиш ва на бундай қаршиликка журъат топганларни қўллаш¸ улар ëнида уюшиш инстиктини йўқотаëзди.

Кузатувчилар ўзбекларни оммавий тарзда уйидан кўчага олиб чиқувчи кучли омиллар рўйхатининг:

- текин ош (тўю ҳашам);

- футбол (пуллик ëки бепул томоша);

- арзон нарсалар савдоси (шакар¸ ëғ¸ ун ва ҳоказо) билан тугаши, бу рўйхатга на сиëсий-иқтисодий ва на диний-маънавий ҳақ сўраш кирмаслигини айтадилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотидан сўнг бу рўйхатга расмийлар монеълик қилмайдиган жаноза маросими ҳам қўшилган бўлди.

Айни пайтда¸ ўлимидан сўнг шайхга нисбатан чексиз муҳаббати ва эҳтиромидан баҳс этаëтган бу мухлислар шайх ва унинг каби юз минглаб мухлиси бўлган Абдували қори Мирзаев ва Обид қори Назаров каби диний уламолар ëхуд Хайрулла Ҳамидов каби ишқибозлари кўп танилган шахслар ҳибс этилганда¸ ғойиб бўлганда ëки сургун бўлиб¸ суиқасдга учраганида ўз маънавий етакчилари ҳимояси учун конституцион ҳаққидан фойдаланиб¸ кўчага чиқмаган эди.

Сизнингча¸ 25 йилдан бери “кўчага чиқиш”ни Жаслиққа йўлланма деб қабул қиладиган бўлиб қолган ўзбекистонликлар шуурини бундай қўрқувдан озод қилиш ва уларни ўз конституцион ҳаққидан фойдаланишга қандай ўргатиш мумкин?

Улар зеҳниятига бу ҳақни ким, қандай қилиб сингдириши ва ким, қандай қилиб бу ҳақдан фойдаланишга ўргатиши мумкин?

Шахсан Сиз қандай йўлбошчи ва қайси ғоя-талаблар учун кўчага чиққан бўлардингиз?

Сизни ўз ҳақ ва эркинлигингиз учун кўчага чиқишдан қўрқитаëтган энг катта омил нима?

Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни душанба¸ 16 март куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар давом этадиган жонли суҳбатимизда жамоатчилик билан ўртоқлашинг.

Суҳбатга қўшилиш учун OzodSkype, OzodlikOnline ва OzodOvoz Skype манзилларига жонли эфир мобайнида қўнғироқ қилинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG