Линклар

Польша “ўғирланган” расм юзасидан россиялик картинафуруш билан тортишмоқда


Александр Хочинский.

Александр Хочинский.

АҚШ расмийлари Польша илтимосига биноан россиялик санъат асарлари сотувчисини қўлга олишди. Польша савдогарни Иккинчи жаҳон урушида ҳам фашистлар Германияси, ҳам Совет армияси томонидан “ўғирланган” санъат асарини яшириб олишда айбламоқда.

2006 йилда фаранг файласуфи Вольтернинг Россия қироличаси Екатерина II га юборган мактубларини сотиб олиб ном чиқарган Александр Хочинскийнинг айтишича, АҚШ федерал агентлари уни 26 февраль куни Манхэттендаги квартирасида қўлга олишган. Унинг қўлга олинишига Польша томонидан юборилган экстрадиция сўрови сабаб бўлган.

Уй қамоғида сақланаётган 65 ёшли Хочинский телефон орқали берган интервьюсида “Уй шиппаги кийиб олган бўлишимга қарамасдан, мени қаҳратон совуқда ташқарига олиб чиқишди”, деди.

АҚШ Адлия министрлиги матбуот котиби Питер Карр Хочинский Польша сўровига кўра қўлга олинганини тасдиқлади. Аммо котиб бундан бошқа маълумот беришдан бош тортди.

Польша расмийларининг таъкидлашларича, Хочинский пруссиялик рассом Антуан Пен 1754 йили яратган “Кабутар ила қиз” деб номланувчи картинага ноқонуний эгалик қилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши даврида олмон ва совет кучлари Польшада минглаган санъат асарларини талон-тарож қилгани айтилади. Польша Маданият министрлиги 63 минг атрофидаги “йўқолган” жисмлар каталогини тузган бўлиб,бу каталогдан “Кабутар ила қиз” картинаси ҳам жой олган.

Польша қонунларига биноан “муҳим маданий аҳамиятга эга” мулкни ноқонуний орттирган, сотган ёки яширган шахс ўн йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Польша Маданият вазирлиги расмни қайтариш учун АҚШ Федерал қидирув бюросининг мамлакатдаги вакиллари билан ҳамкорлик қилаётганини билдирди. Мазкур картинани Польша ғарбидаги Познань шаҳрида жойлашган Катта Польша музейи 1931 йили сотиб олган.

Вазирлик расмийларининг айтишларича, расмни олмонлар 1943 йили “музейдаги энг қимматбаҳо бошқа ишлар билан биргаликда олиб кетган” ҳамда “Учинчи Рейх ичкарисига жўнатиб юборган, у ерда эса асарлар Қизил армия қўлига тушган”.

2009 йилдан бери Нью-Йоркда яшаб келаётган Хочинский расм ўзининг қўлида эканини рад этмайди. Унинг айтишича, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган отаси картинани фронтдан олиб келган.

“Расм унинг қўлига қандай тушиб қолганини аниқ билмайман, сабаби уруш 1945 йили тугаган. Мен бўлсам 1951 йилда туғилганман. Биз ўзимиздан ҳечам: “Анави стул қаердан келган? Стол қаердан келган? Картина қаердан келган? Гилам қаердан келган?” деб сўрамаганмиз.

Хочинскийнинг айтишича, отаси 1991 йилда вафот этганидан кейин унга мерос бўлиб қолган расм ҳозирда Москвада. Санъат асарлари сотувчиси Варшавани расмни қайтариш бўйича муросага келиш учун қилаётган ҳаракатларини кескин рад қилишда айбламоқда.

Уй қамоғида бўлгани учун қўлига қаердалигини текшириб турувчи электрон билагузук тақиб олган Хочинский бу иш бўйича навбатдаги маҳкама тингловлари 5 майга белгиланганини айтди.

Қайтариш масаласи

Мазкур тортишув 2010 йили бошланган. Хочинскийнинг айтишича, у ўша йили Польша ҳукумати “Кабутар ила қиз” расмини излаётганидан хабар топган.

Шундан сўнг Хочинский Москвадаги польшалик дипломатлар билан алоқага чиқиб, ундаги расм Польша ҳукумати излаётган картина бўлиши мумкинлигини айтган. Хочинский Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан аввал онасига тегишли бўлган Польшадаги кўчмас мулк эвазига картинани қайтариб беришни таклиф қилган.

Хочинскийнинг айтишича, онаси жануби-шарқий Польшада жойлашган Пшемисль шаҳрида яшаган. Уруш пайтида олмон кучларидан шарққа қараб қочган. Хочинскийга кўра, онаси оиласининг бошқа аъзолари Холокост қурбони бўлган.

Фашистлар истилоси ва урушдан кейин коммунизм даврида мулки талон-тарож қилинган яҳудийларга ва уларнинг авлодларига товон тўламагани учун Польша халқаро ҳамжамият танқидига учраб келмоқда. Шуни эътиборга олиб, Хочинский расмни йўқотилган мулкка алмаштириш адолатдан бўлар эди, деб ҳисоблайди. Аммо польшаликлар унинг таклифига рози бўлишмаган.

2010 йилнинг июль ойида Польша Познандаги Европа расмлари гелереяси сақловчиси Пётр Михаловскийни картинани текшириш учун Москвага юборган. Михаловский расм асл нусха, деган хулосага келган.

Озодлик радиоси билан суҳбатда Михаловский “Расмда имзо топдим, Антуан Пеннинг ҳақиқий имзосини, унинг санаси ҳам бор эди”, деди.

Аммо Хочинскийнинг айтишича, Михаловский асарнинг ҳақиқийлигини аниқлаш учун барча тестларни қилиб кўрмагани учун унинг хулосасини якуний хулоса, деб айтиб бўлмайди.

Вақт ўтиши билан икки тараф ўртасидаги алоқа ёмонлашди. Польша Маданият вазирлиги вакилларининг айтишларича, Хочинский уларнинг Москвадаги Польша элчихонаси орқали 2011 йил февралида юборилган расмни қайтариш талабига жавоб бермаган. Хочинский эса буни рад этади.

Шундан кейин маданият вазирлиги расмни қайтариш учун халқаро юридик ёрдам сўраб ҳуқуқшуносларга мурожаат қилган.

Хочинскийнинг айтишича, 26 февраль куни АҚШ федерал агентлари ташриф буюришидан аввал у Польшадан икки йил давомида расм ҳақида ҳеч қандай хабар олмаган.

Хочинский расмни қайтариш унинг қўлидаги иш эмаслигини қўшимча қилди.

“Бу ҳукуматлараро иш. Битта шахс, бу расмга бир неча ўн йилликдан бери эгалик қилиб келаётган фуқаро ҳал қиладиган масала эмас. … Мен расмга очиқча эгалик қилиб келмоқдаман. Яширинганим йўқ, расмни беркитганим йўқ, эгалик қилаётганимни ёки талабларимни яширганим йўқ”.

Кучли шубҳалар

Ўғирланган ва йўқолган маданий буюмларни кузатиб борувчи Лондондаги Art Lost Register хусусий фирмаси тадқиқотчиси Ванесса вон Колпинскийнинг айтишича, Польша “Иккинчи жаҳон урушида маданий ашёлар талон-тарожидан энг кўп жабр кўрган мамлакатдир”. Колпинскийга кўра, фашист ва совет истилоси давомида Польшадан 516 минг дона маданий буюм олиб кетилган.

Совет армияси учун “келиб чиқишидан қатъий назар, маданий ашёларни олиб кетиш СССР бошидан кечирган қийинчиликлар ва молиявий азоб учун ўч олиш ҳуқуқи сифатида кўрилган”, деди Колпинский. Тадқиқотчи совет ҳукумати урушдан кейин ўғирланган санъат асарларини Польшага қайтариб бериш учун ҳаракат қилганини қўшимча қилди.

Михаловскийнинг айтишича, Познандаги Миллий музей “Қиз ила кабутар” расмини қайтариш иштиёқида ёнишига сабаб мазкур картина Биринчи жаҳон урушигача музей бисотидаги Пен қаламига мансуб ягона асар бўлган. Бундан ташқари, бу расм Пеннинг бошқа ишларидан ажралиб туради.

“У асосан киши расмларини, расмий портретларни чизган. Бу эса турмуш манзарасини акс эттирган расмдир. Шунинг учун, менимча, бу асар қизиқарлироқ”, деди Михаловский.

Хочинский Польша расмийлари билан ўзи алоқага чиқмаганида улар расмнинг қаердалиги ҳақида хабар топмаган бўлишларини айтади.

“Улар ҳамма нарсани мендан билишди, ўзларида ҳеч қандай маълумот бўлмаган”, деди Хочинский.

Хочинский Нью-Йоркда ўтган биринчи маҳкама тингловида судья Жед Ракофф Польша ҳукуматининг экстрадиция талабига сабаб бўлган асослар ҳақида “кучли шубҳалари” борлигини айтганини қўшимча қилди.

Бу ишда қораловчилик қилаётган америкаликлар билан алоқага чиқиб бўлмади.

Ғойиб бўлган мактублар

Хочинский биринчи марта халқаро эътиборга тушгани йўқ. У 2006 йилда Парижда бўлиб ўтган аукционда иштирок этиб, Вольтернинг 1768-1777 йилларда Екатерина II га юборган мактубларини 583 200 еврога сотиб олганди.

Ўша пайтда Хочинский кимнинг номидан савдо қилганини ошкор қилмаган эди. Уч йилдан кейин Нью-Йорк Таймс газетасига берган интерьвюсида у хатларни Россия президенти Путинга совға қилиш ниятидаги миллиардер номидан сотиб олганини айтди.

Хочинский мактубларни ҳукумат бошқарувидаги Биринчи канал телевидениесига берганини таъкидлади. Унинг айтишича, телеканал мактубларнинг Путинга тақдим қилиниши ҳақида теледастур тайёрламоқчи бўлган. Кейин эса хатлар ғойиб бўлган.

Хочинский мактубларнинг йўқолишида Биринчи канал директори Константин Эрнстнинг ҳам қўли бор, деб ҳисоблайди. Эрнст эса буни рад этади. Нью-Йорк Таймсда ёзилган ҳисоботга кўра, Путиннинг матбуот котиби: “Президент бу мактубларни ҳеч қачон кўрмаган, ҳеч ким унга бунақа нарса бермаган ёки бермайди”, деб таъкидлаган.

Карл Шрек қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

XS
SM
MD
LG