Линклар

Россия президенти Владимир Путин Қрим яриморолини аннексия қилиш чоғида, агар ғарб давлатлари қаршилик кўрсатгудек бўлса, ядро қуролини ишга солишга ҳам тайёр бўлган. Бундай эътироф Путин тилидан якшанба куни Россия телеканали орқали кўрсатилган “Қрим. Ватан сари йўл” деб номланмиш ҳужжатли фильмда янгради.

Қарийб уч соат давом этадиган фильм Қрим аннексия қилинишининг бир йиллиги муносабати билан тайёрланган.

Путинга кўра, у Қримда воқеаларнинг энг ёмон тахлитдаги ривожига ҳам ҳозир бўлган. Россия президенти ўша пайтда уни Қримдаги ҳодисаларга аралашишдан тийилишга чақирган ғарблик ҳамкасбларига Қрим “бизнинг тарихий ватанимиз, у ерда руслар истиқомат қилади, улар хавф-хатар остида қолдилар, биз уларни шундоқ ташлаб қўёлмаймиз” деганини айтди.

Владимир Путин фикрича, унинг жавоби шунақа “очиқ ва дангал” бўлгани учун бирор-бир мамлакат жаҳон урушини бошлашга журъат қилолмаган.

15 март куни намойиш этилган фильмда Россия президенти эндиликда Қрим мустаҳкам қалъага айлантирилганини айтиб мақтанди.

Путиннинг фикрича, Украинада ўтган йили содир бўлган воқеалар чоғида собиқ президент Виктор Янукович ҳаёти учун хавф туғилган, Киевда давлат тўнтаришини амалга оширган инқилобчилар уни ҳатто жисмонан йўқ қилишга қасдланганлар.

Ўтган йили Россия томонидан Қримнинг аннексия қилинишини жаҳон ҳамжамияти кескин қоралаганди. Бу ҳодиса ортидан Ғарб Россияга нисбатан қатор санкциялар жорий қилган.

XS
SM
MD
LG