Линклар

Россияда рўй берган икки автоҳалокатда 18 ўзбек муҳожири нобуд бўлди


Полициянинг Озодликка билдиришича, 14 киши воқеа жойида ҳалок бўлган.

Полициянинг Озодликка билдиришича, 14 киши воқеа жойида ҳалок бўлган.

Россиянинг Брянск вилоятида бир кунда рўй берган иккита аварияда 18 нафар ўзбекистонлик муҳожир ҳалок бўлди. Муҳожирлар Россия ҳудудида юриш муҳлатини чўздириш учун Украина чегарасига бориб, қайтаётган бўлган. Полиция хабарига кўра, Мерседесда бўлган 19 йўловчидан авария жойида 15 киши нобуд бўлган, 5 киши оғир аҳволда тез ёрдам машинасида олиб кетилган. Бугун эраталаб яна бир ўзбек аёли маҳаллий шифохонада жон бергани маълум бўлди. Бу фожеадан олдинроқ шу трассада бўлган тўқнашувда яна уч киши нобуд бўлгани ва олти нафари жароҳатлангани айтилди. Ҳайдовчидан ташқари ўлган муҳожирларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинмоқда.

"Нобуд бўлганларнинг деярли барчаси ўзбекистонликлардир"

Россиянинг Брянск вилояти Почепский туманида якшанба куни оқшом соат 11лар атрофида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлганлар сони 16 кишига етди: 16 март куни эрталабга яқин Почепский туман шифохонасида операция вақтида автоҳалокат жойидан келтирилган Ўзбекистон фуқароси, 44 ёшли Мирзаева Саодатнинг жони узилди.

Қутқарувчилар микроавтобус ёнида

Қутқарувчилар микроавтобус ёнида

WhatsApp тармоғи орқали номаълум тингловчи томонидан бу ҳодиса ҳақида Озодликка юборилган хабарда “ўзбеклар чегарадан Москвага қайтиб кетаётган” бўлгани айтилади.

Озодликнинг вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси сўзларига кўра, аварияда ҳалок бўлган 15 йўловчи ва тан жароҳати олган 3 киши - ўзбекистонлик муҳожирлардир.

Брянск вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари Озодликка йўл-транспорт ҳодисаси ўзбек муҳожирларини олиб кетаётган Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси қарши йўлга чиқиб, Renault русумли юк машинаси билан тўқнашиши натижасида рўй берганини билдиришди.

- “Брянск-Новозибков” автомобил йўлининг 65 километрида Москвадан Брянск тарафига кетаётган Mercedes автомашинаси ҳайдовчиси йўлнинг қарама-қарши тарафига чиқиб кетиб, Renault фураси билан тўқнашиб кетди. Микроавтобус ҳайдовчиси ва салонда бўлган яна 14 киши ҳалоқат жойида нобуд бўлди. Юк машинаси ҳайдовчилари шифохонага олиб келинди. Ҳодиса кечки 22:40ларда содир бўлди,- деди Брянск вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарининг муовини Игорь Фомиченко.

Автоҳалокат ўзбек муҳожирлари Россияда юриш муҳлатини чўздириш учун кириш-чиқиш муҳрини бостиргани Украина чегарасига бориб, ортга қайтаётган пайтда содир бўлган. Полиция расмийси микроавтобус ҳайдовчиси Дмитрий Касьяненко рулда ухлаб қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Автоҳалокатга учраган микроавтобус

Автоҳалокатга учраган микроавтобус

Брянск вилоят Федерал миграция хизмати вакиллари “Брянск-Новозибков” автомобил трассасида нобуд бўлганларнинг Ўзбекистон фуқароси эканлигини ҳозирча тасдиқлаб бера олмасликларини билдиришди.

Аммо, Брянск вилоят полиция бошқармасидан олинган рўйхатда келтирилган исм ва фамилиялардан автоҳалокатда ўлганлар ўзбеклар эканини тахмин қилиш мумкин.

1. Имонқулова Зилола;

2. Шарипова Азиза;

3. Ҳакимов Қобилжон;

4. Искандаров Санжар;

5. Қорабоев Аслиддин;

6. Мирзаев Абдулҳамид;

7. Саидхўжаев С.;

8. Саломов Озод;

9. Ашурова Рохатой;

10. Соатов Ибодулла;

11. Исмоилов Хуснуддин;

12. Абдулҳамитова;

13. Ҳасанов.

14. Искандаров Эркин.

15. Касьяненко Дмитрий, 1965 йилда туғилган — микроавтобус ҳайдовчиси;

Бундан ташқари яна тўрт киши турли оғирликдаги жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилган.

1. Покупко Николай, 1950 йилда туғилган — юк машинаси ҳайдовчиси.

2. Абдуллоев Завқидин, 1972 йилда туғилган (Ўзбекистон фуқароси).

3. Бойматова Диля, 1971 йилда туғилган (Ўзбекистон фуқароси).

4. Ҳайдаров Б., 1991 йилда туғилган (Ўзбекистон фуқароси).

5. Мирзаева Саодат 1970 йилда туғилган (Ўзбекистон фуқароси) – шифохонада операция пайтида жон берди.

(Озодликка берилган рўйхатдаги айрим фамилия ва исмларда ходимларнинг русчасига талаффуз қилишга қийналгани боис хатоликлар бўлиши мумкин).

Яна бир автоҳалокатда уч ўзбекистонлик нобуд бўлган

Ундан аввалроқ айни шу трассада рўй берган яна бир тўқнашувда уч киши нобуд бўлгани ва олти нафари жароҳатлангани айтилди. Ҳайдовчидан ташқари ўлган муҳожирларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси экани тахмин қилинмоқда.

Ҳалокатга учраган микроавтобусда 19-та ўзбек йўловчиси бўлган

Ҳалокатга учраган микроавтобусда 19-та ўзбек йўловчиси бўлган

Первомайский қўрғони ёнида содир бўлган бу ҳалокатда тирик қолганлар Почепский туман шифохонасига олиб келинган. Шифохонанинг травматология бўлими врачи улардан икки нафари жуда оғир аҳволда эканини Озодликка тасдиқлаб берди.

- Реанимацияда оғир аҳволда икки киши, травматологияда тўрт киши ётибди. Мирзаева Саодат дегани нобуд бўлди. Реанимацияда ётганлар Юсупов ва Абдуллаев, дейди ўзини таништирмаган шифокор.

“Бизга берилган рўйхатда нега Юсупов фамилияси йўқ?”, дея берган саволимизга врач:

- Чунки кеча иккита катта авария бўлган: эрталаб битта авария ва кечга яна бир катта ҳалокат рўй берди. Сиз айтаётган автоҳалокатда 15 киши, кеча эрталабкисида яна уч киши ўлган эди. Барчаси Ўзбекистон фуқаролари,- дея аниқлаштирди врач.

Маълум бўлишича, 15 март куни эрталабки 7:20-ларда айни шу А-240 трассасида “Шевроле” ва “ВАЗ-2115” автомобиллари тўқнашуви оқибатида уч нафар йўловчи ўлгани ва яна олти йўловчи жароҳат олган.

Эрталабки тўқнашувда ўлган ва жароҳатланган ўзбек муҳожирлари ҳам Россияда меҳнат қилиш учун рухсат берувчи миграция карталарини мамлакат чегарасидан ташқарига чиқиб, янгилаб келаётган бўлгани аниқланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG