Линклар

logo-print

OzodMaktub: Барака топ, ўзбегим!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозасига йиғилган мусулмонлар, Тошкент, 2015 йил 11 марти.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанозасига йиғилган мусулмонлар, Тошкент, 2015 йил 11 марти.

Бухорою Самарқанд билан фахрланадиган, қаерга борса, ўзини мусулмон дунёсининг илм марказларидан бўлганлиги ҳақида етти оламга жар соладиган расмийлару раҳбарлар Шайхни эслашмади. “Ҳақиқий Ислом бизнинг юртда” деб даъво қиладиган расмийлару раҳбарлар Шайхни ёдга олишмади…

Ўзбекистонга баҳор келди.

Ҳар йилгидек.

Дилларда гўё баҳор шукуҳи…

8 март билан мақтову ширин сўзнинг гадоси булган аёлларимизни табрикладик. Телевидение, радио, ойномаю-рўзномалар суҳандону мухбирларнинг ширин-шакар ваъзхонликлари ва табриклари билан тўлиб тошди. Бу байрамни бизга тортиқ қилиб кетган Роза Люксембургдан бошладик эслашни, буёғи 135 ёшга кирган момомиз ҳам қолмадилар.

Ха, барака топ, ўзбегим!

Байрам эстафета таёқчаси Наврўзни нишонлаш учун топширилди.

Ҳар йилгидек ҳоким бувалару ҳар хил юмшоқлик, катталик ва оғирликдаги кресло эгалари эгниларидаги бир-биридан енгил, аммо-лекин иссиқ, чет элда тикилган қимматбаҳо чопонларини ечиб, енг шимариб, ҳайё-ҳув деб, ишга киришиб кетишди.

Ёзувчи-шоирлар шон-шарафга тўла навбатдаги мадҳияларни бошлашди. Бунақанги таърифлар, бунақанги мақтовларни “Минг бир кеча” эртагидан ҳам тополмайсиз – бекорга қидириб овора бўлиб ҳам ўтирманг.

Кимдир бу йил ҳам қўлига бўёқ олиб, арчаларни яшил рангга бўямоқда. Анъана бўлиб қолди-я шу иш ҳам!

Яна бири қоғоздан гул ясаб, муҳтарам Президентимизнинг ташрифи муносабати билан йўл четидаги чўпларга ёпиштириб чиқяпти. Ўтиб кетаётган машинадан қарасангиз, худди ростакам дарахт гуллаб турганга ўхшайди. Ёпирай! Хоҳласангиз ўрик гули, хоҳласангиз шафтоли гули, э, агар истасангиз, авокадо-банан-манго гулларини ҳам ясаб, дарахтга “пайванд” қилиб беришади. Устаси фаранг бўлиб кет-е!

Агар муҳтарам Президентимиз машиналаридан тушиб, яқинроқдан кўриб қолсалар борми… Худо асрасин!

Ҳамманинг юзида табассум.. ҳақиқийми, ясамами - нима фарқи бор? “Ўлмаган қул баҳорга чиқди” деганларидек…

Ҳа, барака топ, ўзбегим!

Аммо…

Аммо…

Шу ҳафта бир инсон оламдан ўтди.

Бир Шайх оламдан ўтди.

Умрини Ислом динига бағишлаган Шайх эди…

Ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар ёзган, Қуръон маъноларини ўзбек тилига таржима қилган, йиллаб Ватандан узоқда, ҳижратда яшашга мажбур бўлган буюк бир аллома эди…

Бир ярим миллиардлик Ислом дунёсида агар 100 та кўзга кўринган уламо бўлса, шулардан бири эди...

Мазҳабидан қатъий назар, дунёқарашидан қатъий назар Ислом дунёсининг назарига тушган Инсон эди…

Юзлаб шогирд тайерлаган, Ислом динини ҳар хил булмагур бидъату-хурофотдан тозалаш учун сидқидилдан меҳнат қилган Инсон эди…

Бизнинг юртдошимиз эди…

Ўзбек миллатига мансуб эди…

Ҳа, барака топ, ўзбегим!

Жанозага икки юз минг одам келди, деб ёзишди…

Ҳатто бегона юртлардан ҳам етиб келишди.

Асов феълию чўрткесарлиги, бебошлиги билан дунёга танилган Рамзан ҳам етиб келди… Кўз ёшларини яшириб ҳам ўтирмади… Ўз юртидаги кўчалардан бирини Шайх номига қўйишини эълон қилди.

Жанозага етиб боролмаганлигидан, эшитмай колганидан, билмай қолганидан қанча одам афсусда қолди…

Агар етиб кела олишганда, билмадим, жанозада қанча одам саф тортарди…

Шайхга бутун дунёдан 300 хатми Қуръон багишлашди... 300!!!

Ҳа, барака топ, ўзбегим!

Фақат…

Фақат…

Юрт расмийларидан, раҳбарлардан ҳеч ким Шайхни эсламади.

Бухорою Самарқанд билан фахрланадиган, қаерга борса, ўзини мусулмон дунёсининг илм марказларидан бўлганлиги ҳақида етти оламга жар соладиган расмийлару раҳбарлар Шайхни эслашмади.

“Ҳақиқий Ислом бизнинг юртда” деб даъво қиладиган расмийлару раҳбарлар Шайхни ёдга олишмади…

Интизорлик билан неча кундан бери кутаман – мадҳия ва қасида, мақтову шон-шарафларга тўлиб тошган ойномаю-солномаларда бирон-бир хабар беришмади…

Кичкина бир таъзияни расмиятчилик учун фақат Диний қўмитанинг сайтида эълон қилишди…

Ана холос!!!

Ҳой ўзбегим!

Жон ўзбегим!

Меҳнатда қўли қадоқ булган, қадди букилган, пешонасига ажин тушган ўзбегим!

Бола-чақам деб, ўзини ўтга-чўққа урадиган ўзбегим!

Мол-дунё ғамида бутун дунёга сочилиб кетаётган ўзбегим!

Баландроқ иморат солишу қимматроқ машина олиш дардида кечалари ухлай олмайдиган ўзбегим!

Кимўзар ўйнаб, манманлик ботқоғига ботиб, сочи оқараётган ўзбегим!

Биласанми, энди қачон юртингга бунақа Шайх яна келади?

Биласанми, энди ўз юртида қадр-қиммат тополмай, аламзада бўлиб юрган фарзандларингни ҳар хил одамлар келиб, “жиҳод”га чорлаганда, ким уларни йўлдан қайтаради?

Биласанми?!!

Ҳой расмийлар!

Жон расмийлар!

Қийинмиди, замонавий тил билан айтганда, битта “некролог” ёзиш?

Қийинмиди битта телеканалда таъзия ва ҳамдардлик билдириш?

Одамлар чет эллардан етиб келишди-я!

Сиз эса шу ерда туриб, шу юртнинг вакили бўла туриб, шу юртнинг нонини еб, тескари қараб турдингиз…

Амалдан тушиб қолармидинглар?

Ёки уялдингларми?

Мен уялдим. Ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим бунақанги муносабатдан. Жаноза, дафн пайтидаги “селфи”лардан… Мақтанчоқлик учун “папарацци”га ўхшаб югуриб юрган ёшларимиздан…

Лекин гапнинг пўсткалласи - бундек муносабатни биринчи марта кўраетганимиз йўқ. Буюк юртдошимиз Имом ал-Бухорийдек шахсни ҳам амирнинг саройига келиб, унинг малайваччаларига дарс беришдан бош тортганлари учун Бухорои Шарифдан бадарға қилишган экан…

Буюк Имом Самарқанд яқинида ғарибликда ҳаётдан кўз юмган эканлар.

Бундан хабар топган Халифа Бухоро амирини сазойи қилиб, таёқ билан калтаклатиб, эшакка тескари ўтқазиб, юзига қора суртиб, чўлу биёбонга ҳайдаган экан.

Бугун у нонтепки амирнинг ўзини ҳам, исмини ҳам эслашмайди… Имом Ал-Бухорийни-чи?

Лекин вақт ва тарих гувоҳ - ҳар бир калондимоғ амалдор учун, эртами-кечми, унга аталган “эшак” барибир топиларкан…

Жуда бўлмаса, Шўро давридан қолган бир “яхши анъана” бор – раҳбар ўлиб кетгандан кейин унинг гўрига ғишт қалашади. Пес-моховга чиқаришади. Ҳамма китобларини тақиқлашади. Ҳатто, керак бўлса, мозорини кўчириб юборишади. Гарчи раҳбарнинг жасадини ўз вақтида тўп отиб, мушакбозлик қилиб кўмган бўлишса ҳам…

Аммо Шайхлар халқ хотирасида барибир қолар экан. Расмийлар ва раҳбарлар эсламасалар ҳам…

Барака топ, ўзбегим!

Барака топ!

Мухлис

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG