Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:50

Титанлар жанги


Россия президенти Владимир Путин ўн кун деганда илк бор жамоатчиликка кўриниш берди. Бу орада президентнинг саломатлиги ва Россия ҳокимиятидаги турли кучлар ўртасида зиддият кучаяётгани тўғрисидаги гап-сўзлар урчиди.

5 мартда ғойиб бўлган Путин Қозоғистон сафарини ва Москвада ўтиши режалаштирилган бир неча учрашувни бекор қилди. Twitterда #ПутинУмер ҳештеги жуда машҳур бўлди. Россия оммавий ахборот воситаларининг баъзилари Путин юрак хуружини бошидан кечиргани ҳақида хабар тарқатишди.

Путиннинг ўзи соғ-саломат бўлиб чиқишига қарамай, унинг бошқарувидаги тузум соғлом эмас. “Коллектив Путин”, яъни норасмий рус ҳукмрон доирасида жиддий муаммолар пайдо бўлган.

27 февраль куни мухолифатчи Борис Немцов ўлдириб кетилганидан бери ҳукмрон доира бўҳрон ичида қолгандек. Норасмий қоидалар бузилди, ҳукмрон доира бошидагилар орасидаги зиддият очиқ тўқнашувга айланиб кетди.

Кремль ичида нималар бўлаётганини ташқаридагилар билолмасалар ҳам, Путиннинг ўн кунга ғойиб бўлишига икки нарса туртки бўлган бўлиши мумкин.

Путин саҳна ортида Немцов ўлдирилиши кетидан гуруҳлар ўртасида юзага келган жангни тўхтатиш устида қаттиқ ишлаган бўлиши мумкин. Ёки у чиндан хасталаниб қолиб, даволанган бўлиши мумкин.

Янги қоидалар?

Россиянинг сиёсий тизимида расмий муассасалар кучсиз ва шахсий алоқалар ўта муҳим бўлиб, тушунарсиз хатти-ҳаракатлар ва сигналлар катта аҳамиятга эга. Норасмий қоидалар ҳам муҳим рол ўйнайди. Қайсидир маънода норасмий қоидалар муҳим аҳамиятга эга бўлишга мажбур, сабаби энг юқори табақадагилар қонунга бўйсунмайди.

Шунинг учун ҳам Немцовнинг ўлдирилиши катта машмаша бўлди. Бу қадар эътиборли кишини ўлдириш, бу ҳам етмагандек, қотилликни Қизил майдон яқинида амалга ошириш қоидага зид эди.

Lenta.ru нашрининг собиқ журналисти Иван Яковина яқинда “Новое время” украин газетасида ёзганидек, “Москванинг айтилмайдиган қоидалари” бошқа етакчи сиёсатчиларни ўлдиришни маън қилади. Ҳатто аввал бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб, кейин мухолифатга ўтган Немцов каби сиёсатчиларни ҳам.

Яковинанинг айтишича, Немцовнинг ўлдирилиши “мазкур синфнинг барча вакилларига сигнал” бўлди.

Немцовнинг ўлдирилиши путинизмнинг муҳим тузукларидан бирини бузган бўлса, унинг оқибати яна бошқа қоидани бузди: элитага оид одамлар ўртасидаги тортишувлар оммага ошкора қилинмаслиги керак.

Федерал хавфсизлик хизмати Рамзан Қодировга яқин бўлган Заур Дадаевни Немцов қотиллигини уюштиришда айблаши чеченистон раҳбарига тўғридан-тўғри берилган зарба, деб тушунилди.

Қодиров кучли. Балки у Россиядаги энг кучли кишилардан биридир. Қодировнинг ўзига содиқ минглаган қуролли одами бор. Бундан ташқари, у Ички ишлар министрлигида кучли таъсирга эга ва Кремлнинг муҳим шахсларидан бири бўлмиш Владислав Сурков билан яхши алоқада. Ниҳоят, Путин Қодировни кўпдан бери қўллаб келяпти.

Аммо Қодировнинг кучли душманлари ҳам бор, жумладан, Россия президенти маъмурияти бошлиғи Сергей Иванов, президент маъмурияти бошлиғининг биринчи ўринбосари Вячеслав Володин ҳамда Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) раҳбари Александр Бортников.

Афтидан, Қодировнинг душманлари Немцовнинг ўлдирилишидан уни четлатиш ниятида фойдаланмоқдалар.

Кремлдаги вазиятни кузатиб борувчи журналист Олег Кашин яқинда берган интервьюсида Дадаев ва бошқа гумонланувчилар ФХХ томонидан қўлга олинганига ва бу ҳақида Бортниковнинг ўзи хабар берганига эътибор қаратди.

“Бундан аввал Бортников бирор кишининг қўлга олингани ҳақида омма олдида чиқиш қилмас эди. Бу ишни одатда Тергов қўмитаси раҳбари Владимир Маркин қилади”, деди Кашин.

Кашинга кўра, бу нарса “кучишлатарлар жанги”дан далолат беради. Сабаби, Дадаев Чеченистон ички ишлар вазирлиги қошидаги нуфузли батальоннинг собиқ қўмондон ўринбосари бўлган.

Журналист ва сиёсий шарҳловчи Ўрхон Жамол “Эхо Москвы” радиоси билган қилган суҳбатида “Бортников Қодировга қарши зарба берди”, деди.

Кремлнинг икки машҳур минорасини назарда тутиб “Ҳозир жанг кетяпти, Спасская Боровицкая билан курашмоқда”, деди Жамол мажозий маънода.

Титанлар жанги

Оммавий ахборот воситаларида Немцов қотиллиги юзасидан олиб борилаётган тергов ҳақида берилган хабарларда ҳам кураш аломатлари сезилади. Кремлпараст “Московский Комсомолец” газетаси Дадаев айбига қийноқ остида иқрор бўлганини таъкидлади.

Мухолифатнинг “Новая газета” нашри исми ошкор этилмаган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг Немцов қотиллигини ким уюштирганини билишлари ҳақидаги иддаоларини чоп этди. Уларга кўра, жиноятни “Майор Руслан” номи билангина маълум, Қодировга алоқаси бор чечен хавфсизлик хизмати ходими уюштирган.

ФХХ Қодировга ҳужумни Немцов ўлдирилишидан аввал бошлаган. Февраль ойида Доғистон суди чечен миллатига мансуб икки шахсни Қодировнинг рақиби бўлмиш доғистонлик сиёсатчи Сайгидпаша Умахановга суиқасд уюштиришда айблаб, тўққиз ва ўн икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бу ишга ФХХ бошчилик қилди. ФХХ расмийлари берган маълумотга таяниб, ўтган ҳафтада “Новая газета” нашри суиқасдни Қодировнинг қариндоши ва яқин дўсти Адам Делимханов буюртиргани ҳақида хабар берди.

Агар Қодиров ва ФХХ ўртасидаги кураш кучайса, бу титанлар жанги бўлади. Бу эса, ўз навбатида, Путин тизимига катта зарба бўлади.

Қодировнинг хатти-ҳаракатидан – отиш майдонига қилган сафаридан, Instagramда Путин учун ҳаётини қурбон қилишга розилигини ёзишидан – унинг хавф сезаётганини хулоса қилиш мумкин.

Брайан Уитмор қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG