Линклар

Исломга қайтгани шарафига чилла ўтиришни ният қилган Россия раҳбари чилланинг биринчи даҳасини 5 мартдан 15 мартгача ўтирди.

Биринчи даҳа мобайнида Владимир Путин чилёсин ўқиттирди.

Қуръони Каримнинг муборак “Ёсин” сурасини 10 кун давомида ҳар куни 4 мартадан Чеченистон муфтийси Салоҳ хожи Межиев хатм қилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Владимир Путин, аввалига чиллани тўла ўтириб, сўнгра ишга чиқишни ният қилган эди. Бироқ жамоатчиликка кўринмай қолгани туфайли гап-сўзларнинг кўпайиб кетгани ҳамда Россиянинг муҳим стратегик партнери – Қирғизистон президенти билан 16 март куни учрашиш мажбурияти Путинни чилланинг биринчи даҳасидан сўнг танаффус олишга мажбур қилди.

Шундай қилиб, 1 апрелдан бошқа куни эълон қилиб бўлмайдиган бу хабаримиз нафақат Путиннинг 10 кун мобайнида кўринмагани сабабини тушунтиради, балки у киши кўринмаган кунларда сарғимтил, сариқ ва сап-сариқ сайтларда урчиб кетган “Путин Исломни қабул қилди” эпопеясига яна бир боб бўлиб қўшилуви аниқдир.

Мен ҳозир ўша эпопея шарҳи билан вақтингизни олмоқчи эмасман. Лекин бу эпопеянинг камида 10 йил олдин бошланганини айтиб қўймоғим зарил.

“Агентство русской информации” аталмиш сайт 2005 нинг 13 декабрида “Путин тайно принял ислам и стал Имамом”, деган сарлавҳа остида икки қаричли материал берган ва унда, жумладан, мана бундай гаплар борийди:

… Владимир Владимирович тайно принял ислам, все последние годы учился в засекреченном кремлёвском медресе и вот сейчас замыслил открыться остолбеневшему народу решив, что он и есть тайный Имам Махди.

Россия раҳбарининг Исломга қизиқуви 2005 дан ҳам олдинроқ – 2002 да бошланган, у киши ўшанда муслимоннинг номуслимондан тафовути унинг олатида (пардон) эканлигини билишини ошкор қилганди.

Ўша йили бўлиб ўтган Россия-Европа Иттифоқи саммитидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида журналистлардан бирининг Чеченистонда эркинликнинг бостирилаётганлиги тўғрисидаги саволига жавобан Путин бундай деганди:

“Агар ашаддий радикал исломчига айланишга ва бир жойингизни кестиришга тайёр бўлсангиз, Москвага келинг. Мен дўхтирларга айтиб қўяман, қайтиб ҳеч нарса ўсиб чиқмайдиган қилиб кесиб ташлашади”.

Путиннинг бу гапи вербал агрессия бўлгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ҳаммани Путин исломни қабул қилган-қилмагани қизиқтиради.

Путин мустақилликни орзулаган Чеченистонни бостирар экан, 100 мингдан ортиқ тинч аҳоли – муслимонларни қириб ташлаб, ҳар қандай ашаддий радикал исломчидан кам эмаслигини намоён қилгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ҳаммани Путин исломни қабул қилган-қилмагани қизиқтиради.

Путин руснинг қон-қардоши – украиннинг Қримини босиб олгани, бу ердаги муслимонлар – қримтатарлар лидерларини турмага тиқаётгани, қувғин қилаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ҳаммани Путин исломни қабул қилган-қилмагани қизиқтиради.

Орадан бир йил ўтгач, Украина шарқида нобуд бўлганлар сони 5 минг нафардан ортган бир пайтда, Қримда қилинган босқинчиликнинг ҳар бир детали устида шахсан ўзи бош қотиргани тўғрисида мақтанишини тамшаниб томоша қилади ҳамма ва унинг исломни қабул қилган-қилмаганига қизиқади.

Бу қизиқишни кейинги кунларда сарғимтил, сариқ ва сап-сариқ сайтлар қондириб бўлди.

Путиннинг юқорида эслаганимиз матбуот анжуманидаги гапи кўпчиликда бошқа қизиқишни уйғотиши, ўша қизиқиш мана бу саволларни пайдо қилиши мумкин:

А) Путин ашаддий радикал исломчими?

B) Путин радикал исломчими?

C) Путин исломчими?

D) Путин просто муслимонми?

E) Путин муслимон эмасми?

Бу саволга ҳозирча, ҳатто Дмитрий Песков ҳам жавоб беролмайди.

Бу савол жавобини, вақти келиб, патологоанатом айтиб бериши мумкин.

...

Ҳа, айтганча, Дмитрий Песковнинг Озодликка берган эксклюзив информациясига кўра, Путин яқин кунларда яна узлатга кетмоқчи, бошлаб қўйгани чилланинг қолган ўттизини ўтирмоқчи.

Фақат, Песков бу информацияни 1 апрель куни эълон қилишни тайинлади.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG