Линклар

Путиннинг соғ-саломат эканлиги 16 март куни аён бўлдию лекин унинг бошқарувидаги тузум соғлом эмас. “Коллектив Путин”, яъни норасмий рус ҳукмрон доирасида жиддий муаммолар пайдо бўлган.

27 февраль куни мухолифатчи Борис Немцов ўлдириб кетилганидан бери ҳукмрон бу доира бўҳрон ичида қолгандек. Норасмий қоидалар бузилди, ҳукмрон доира бошидагилар орасидаги зиддият очиқ тўқнашувга айланиб кетди.

Кремль ичида нималар бўлаётганини ташқаридагилар била олишмаса ҳам, Путиннинг ўн кунга ғойиб бўлишига икки нарса туртки бўлган бўлиши мумкин.

Путин Немцовнинг ўлдирилиши кетидан парда ортидаги гуруҳлар ўртасида юзага келган жангни тўхтатиш устида қаттиқ ишлаган бўлиши мумкин. Айни пайтда у чиндан хасталаниб қолиб, даволанган бўлиши ҳам мумкин.

Янги қоидалар?

Россиянинг сиёсий тизимида расмий муассасалар кучсиз ва шахсий алоқалар ўта муҳим бўлиб, тушунарсиз ҳатти-ҳаракатлар ва сигналлар катта аҳамиятга эга. Норасмий қоидалар ҳам муҳим роль ўйнайди.

Қайсидир маънода норасмий қоидалар муҳим аҳамиятга эга бўлишга мажбур, сабаби - энг юқори табақадагилар қонунга бўйсунмайди.

Шунинг учун ҳам Немцовнинг ўлдирилиши жуда ғалвали бўлди. Бу қадар таниқли кишини ўлдириш, боз устига қотилликни Қизил майдон яқинида амалга ошириш қоидага зид эди.

Lenta.ru нашрининг собиқ журналисти Иван Яковина яқинда Украинада чиқадиган “Новое время” газетасида ёзганидек, “Москванинг айтилмаган қоидалари” бошқа етакчи сиёсатчиларни ўлдиришни ман қилади. Ҳатто аввал бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб, кейин мухолифатга ўтган Немцов каби сиёсатчиларни ҳам.

Яковинанинг айтишича, Немцовнинг ўлдирилиши “мазкур синфнинг барча вакилларига сигнал” бўлди.

Немцовнинг ўлдирилиши путинизмнинг муҳим қоидаларидан бирини бузган бўлса, унинг оқибати яна бошқа қоидани бузди: элита гуруҳлар аъзолари ўртасидаги тортишувлар оммага ошкора қилинмаслиги керак.

ФСБ Рамзан Қодировга яқин бўлган Заур Дадаевни Немцовни ўлдиришни уюштиришда айблаши чечен бошлиғига тўғридан-тўғри берилган зарба деб тушунилди.

Қодиров кучли. Балки у Россиядаги энг кучли кишилардан бири. Қодировнинг ўзига содиқ минглаб қуролланган одами бор. Бундан ташқари, у Ички ишлар вазирлигида кучли таъсирга эга ва Кремлнинг муҳим шахсларидан бири бўлмиш Владислав Сурков билан яхши алоқада. Ниҳоят, Путин Қодировни кўпдан бери қўллаб келяпти.

Аммо Қодировнинг кучли душманлари ҳам бор, жумладан, Россия президенти администрацияси бошлиғи Сергей Иванов, президент администрацияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Вячеслав Володин ҳамда ФСБ бошлиғи Александр Бортников.

Афтидан, Қодировнинг душманлари Немцовнинг ўлдирилишидан уни четлатиш ниятида фойдаланмоқдалар.

Кремлни кузатиб борувчи журналист Олег Кашин яқинда берган интервьюсида Дадаев ва бошқа гумонланувчилар ФСБ томонидан қўлга олинганига ва бу ҳақида Бортниковнинг ўзи хабар берганига эътибор қаратди.

“Бундан аввал Бортников бирор шахснинг қўлга олингани ҳақида омма олдида эълон қилмас эди. Бу ишни одатда Тергов қўмитаси бошчиси Владимир Маркин қилади”, деди Кашин.

Кашинга кўра, бу нарса “силовиклар жанги”дан далолат беради. Сабаби, Дадаев Чеченистон ички ишлар вазирлиги қошидаги нуфузли батальоннинг собиқ қўмондон ўринбосари бўлган.

Журналист ва сиёсий шарҳловчи Ўрхон Жамол “Эхо Москвы” радиоси билган қилган суҳбатида “Бортников Қодировга қарши зарба берди”, деди.

Кремлнинг икки машҳур минорасини назарда тутиб “Ҳозир жанг кетяпти. Спасская Боровицкая билан курашмоқда”, деди Жамол мажозий маънода.

Буюклар жанги

Оммавий ахборот воситаларида Немцовнинг ўлдирилиши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳақида берилган хабарларда ҳам кураш аломатлари сезилади. Кремлпараст “Московский Комсомолец” газетаси Дадаев айбига қийноқ остида иқрор бўлганини таъкидлади.

Мухолиф “Новая газета” нашри исми ошкор этилмаган ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг Немцовни ўлдиришни ким уюштирганини билишлари ҳақидаги иддаоларини чоп этди. Уларга кўра, жиноятни “Майор Руслан” номи билангина маълум, Қодировга алоқаси бор чечен хавфсизлик хизмати ходими уюштирган.

ФСБ Қодировга ҳужум қилишни Немцов ўлдирилишидан аввал бошлаган. Февраль ойида Доғистон суди икки чечен шахсни Қодировнинг рақиби бўлмиш доғистонлик сиёсатчи Сайгидпаша Умахановга суиқасд уюштиришда айблаб, тўққиз ва ўн икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бу ишда ФСБ бошчилик қилди. ФСБ расмийлари берган маълумотга таяниб, ўтган ҳафтада “Новая газета” нашри суиқасдни Қодировнинг қариндоши ва яқин дўсти Адам Делимханов буюртиргани ҳақида хабар берди.

Агар Қодиров ва ФСБ ўртасидаги кураш кучайса, бу буюклар жанги бўлади. Бу бўлса, ўз навбатида, Путин тизимига катта зарба бўлади.

XS
SM
MD
LG