Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:47

Қозондаги ёнғинда яна бир ўзбекистонлик ҳалок бўлгани аниқланди


Татаристон суд-тиббий экспертлари 11 март куни Қозон шаҳридаги “Адмирал” савдо марказида чиққан ёнғинда ўлганларнинг ким эканлиги аниқланганини хабар қилди. Ўт ўчирувчилар вайронага айланган савдо марказидан 17 кишининг жасадини олиб чиқди, яна икки киши бедарак йўқолгани айтилмоқда. 17 март куни 14 киши жасади яқинларига дафн этиш учун топширилди.

Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ойгул Салимзянова ўлганлар ва жароҳатларганлар бўйича Озодликка қуйидаги маълумотларни берди:

- Бугунга келиб Қозон шаҳри шифохоналарида турли даражадаги жароҳатлар билан 14 киши қолмоқда. Суд-тиббий экспертизаси учун ҳодиса жойидан жами 14 жасад ва 3 та ўлик қолдиқлари келтирилди – жами 17 киши. Булардан ҳаммасининг шахси аниқланди – аниқланмагани қолмади. Ҳозир қариндошларига жасадларни дафн этиш учун топшириш ишлари олиб борилмоқда: 14 киши аллақачон яқинларига берилди, деди вазирлик расмийси Ойгул Салимзянова.

Ёнаётган "Адмирал" савдо маркази
Ёнаётган "Адмирал" савдо маркази

У шахси аниқланган охирги, 17-чи ёнғин қурбони -1962 йилда туғилган ўзбекистонлик аёл эканини билдирди. Суҳбатдош Қозон шаҳрининг 7- ва 12- шифохоналарида жароҳат олганлар қаторида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлигини тасдиқлаб берди.

Озодлик сўровига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Татаристон бўйича бошқармаси вакили Андрей Родигин ўлганлар жами 17 киши экани, жумладан 9 нафари хорижлик эканини маълум қилди.

- Жами ўлганлар сони 17 киши. Улар турли мамлакат вакиллари. Бошқа ўликлар топилмади. Яна икки нафар Россия фуқароси бедарак йўқолганлар рўйхатида. Ҳозир савдо маркази вайроналарида қидирув ва тозалаш ишлари давом этмоқда. Қурбонлардан тўрт киши Ўзбекистондан, иккита - Тожикистондан, бир кишидан Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркия фуқароларидир, деди сўнгги маълумотларни берган Андрей Родигин.

Озодлик олган маълумотларга биноан нобуд бўлган Ўзбекистон фуқаролари булардир:

1. Матқурбонов Умидбек, 1996 йилда туғилган;

2. Ҳамидов Шокир, 1968 йилда туғилган;

3. Рўзалиев Бекзод, 1994 йилда туғилган.

Қозон ўзбеклар жамияти раҳбари Абдуманноб Абдусатторовдан олинган маълумотга кўра, охирги бўлиб идентификация қилинган 53 ёшли ўзбекистонлик аёл – хоразмлик Қурбонова Муборакдир.

Татаристон ҳукумати ҳалок бўлган Россия фуқароларига 1 миллион рублдан моддий ёрдам кўрсатишини маълум қилди. Шу миқдордаги ёрдам, шунингдек, икки фуқаролиги бор шахсларга ҳам берилади.

11 март куни Қозоннинг “Адмирал”савдо марказида рўй берган ёнғин оқибатида марказнинг 12 минг квадрат метр майдони ёниб кул бўлди. Қутқарувчилар вайроналар остида яна одамлар жасадлари қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ўлган 17 киши ва бедарак йўқолган яна икки кишидан ташқари 60 дан ортиқ одам турли жароҳат олгани маълум.

Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. Савдо марказидаги ёнғин қасддан содир этилган бўлиши ҳам мумкин, деган тахминлар ҳам бор.

Ўт кетган савдо марказида ижара асосида ишлаган тадбиркорларга 14 миллиард рубл миқдорида моддий зарар келтирилгани қайд этилди.

Фожеага алоқадорликда гумонланиб аллақачон Тергов қўмитаси томонидан 6 киши жиноий жавобгарликка жалб қилинди: учта йирик бизнесмен ва Давлат қурилиш назорати инспектори ҳибсга олинди, Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири - миллиардер Юрий Сёмин ва собиқ суд пристави қидирувга берилди.

XS
SM
MD
LG