Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:04

Шерали Жўраевнинг тўнғичига қўшиқ айтиш расман тақиқланди


Шоҳжаҳон Жўраев
Шоҳжаҳон Жўраев

Ўзбекистонлик машҳур хофиз Шерали Жўраевнинг ўғли, 28 яшар Шоҳжаҳон Жўраевга 17 мартдан бошлаб "концерт фаолияти ва қўшиқ куйлаш" расман тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистонлик қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевга қўшиқ айтиш ва концерт ташкил қилиш ҳуқуқини берадиган лицензия “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг махсус қарори билан 2015 йилнинг 17 мартидан бошлаб бекор қилинди.

“Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг қарори акс этган ҳужжат Озодликка келиб тушди.

Ҳужжатда “Хонанда Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли томонидан Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарори ва лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар бузилгани сабабли хонандага 2015 йилнинг 6 январида берилган АА 1747 сонли лицензия 2015 йилниг 17 мартидан бошлаб тўхтатилгани” таъкидланади.

"Ўзбекнаво" ҳужжати
"Ўзбекнаво" ҳужжати

​Айни қарорда “Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қарорларини бажариш ҳар бир хонанданинг бурчи экани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистонлик қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевнинг лицензияси бекор қилинганлигини “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг исмини айтмаган мулозими ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тасдиқлади.

Мулозимнинг айтишича, Шоҳжаҳон Жўраев “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан изн олмасдан Россияда концерт берган.

Бундан ташқари, мулозимнинг иддао қилишича¸ Шоҳжаҳон Жўраев "бир ҳафта олдин “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг вакилларидан бирини ҳақорат қилган яна бирига эса қўл кўтарган".

- Бу жанжал каттайиб милиция ҳам чақирилди. Шоҳжаҳон Жўраев манманлиги¸ такаббурлиги ҳамда жанжалкашлиги боис ҳақли равишда жазоланди. Бу жазо бошқа санъаткорларга ҳам дарс бўлиши керак деди¸ исмини айтмаган мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ Шоҳжаҳон Жўраев бундан олдин ҳам жанжаллар марказида қолгани боис “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан огоҳлантириш олган:

- Масалан, ўтган йили Шоҳжаҳон Жўраев бўйнига "пулчамбар" таққан видео тарқалди. Шоҳжаҳон Ўзбекистондаги тўйлардан бирида бўйнига пулдан бўлган чамбарак тақиб қўшиқ айтган. Ўзбекистон миллий валютаси саналган сўмни чамбарак қилиб бўйинга осиш пулга ҳурматсизлик саналади ва қонунда миллий валютага ҳурматсизлик учун жазо мавжуд. Илгари санъаткорларга гуллар тақдим этилар эди. Охирги пайтларда бу одат бироз бошқачароқ тус олаётгандир-да! Буни қарангки, тўй эгасининг пулчамбар тақиб қўйгани Шоҳжаҳонга ҳам ёқиб тушган шекилли, ечгиси ҳам келмапти. Биз ўз вақтида Шоҳжаҳонга санъаткорнинг санъати пул билан эмас, олқиш билан ўлчаниши керак деб тушунтиришга ҳаракат қилдик, аммо насиҳатлартимиз кор қилмади¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик машҳур хофиз Шерали Жўраевнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраевга 17 мартдан бошлаб концерт бериш ва қўшиқ айтиш расман тақиқлаб қўйилгани унинг шу йил 20 февралда Россияда концерт бергани ҳам сабаб ўлароқ келтирилди.

Хонанда Шоҳжаҳон Жўраев Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун бепул хайрия концерти бергани билдирилган эди.

Рязандаги концертда қизиқчи Валижон Шамсиев ҳам чиқиш қилгани айтилган.

Озодликка маълум бўлишича¸ Валижон Шамсиев ҳам "Ўзбекнаво" тарафидан огоҳлантирилган аммо унинг лицензияси бекор қилинмаган.

Шоҳжаҳон Жўраевнинг жанжаллар марказида қолгани борасидаги иддаоларни Ўзбекистондаги шоу-бизнес муаммоларини ëритадиган яна бир журналист ҳам исми айтилмаслик шарти билан тасдиқлади.

Ўзбекистонлик машҳур хофиз Шерали Жўраевнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраев “Гулнора”, деб номланган қўшиғи билан ëш томошабинлар олқишини олган эди.

Шоҳжаҳон Жўраев томонидан ижро этилган “Биринчи бўса”, “Лайли”, “Аё соқий” каби қўшиқлар мухлислар томонидан яхши кутиб олинган эди.

Шоҳжаҳон Жўраевнинг отаси 68 ёшли ўзбек хофизи Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.

Озодлик манбаларининг айтишича, Шерали Жўраевнинг катта саҳнада қўшиқ куйлашига юқоридан “норасмий тақиқ” қўйилган.

Бугунга келиб Шералининг ўғли расмий тақиққа ноил бўлди.

Шоҳжаҳон Жўраев "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан жазоланган илк санъаткор эмас.

"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан ўз вақтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг ҳам "номақбул ҳулқи" боис лицензияларининг амал қилиш муддати тугатилган эди.

XS
SM
MD
LG