Линклар

Қирғиз зобити Донбассдан ҳафсаласи пир бўлиб қайтди


Украина шарқидаги айирмачилар сафида жанг қилган қирғиз зобити Манас.

Украина шарқидаги айирмачилар сафида жанг қилган қирғиз зобити Манас.

Украина шарқидаги айирмачилар сафида бир неча ой жанг қилган қирғизистонлик зобит Россия телеканаллари ташвиқотига учиб Донбассга борганидан пушаймон. Таътил баҳонаси билан Қирғизистонга келган энди у жойларга қайтиб бормоқчи эмас.

Ўзини Манас деб таништирган заҳирадаги зобит Донбассга кўнгилли бўлиб кетишига Россия телеканаллари ташвиқоти сабаб бўлганини айтади.

- Мен у ёққа 2014 йилнинг августида бордим, аммо шартномани ноябрь ойида туздим. У ёққа кўнгилли бўлиб кетдим. Россиянинг Биринчи канал, РТР ва бошқа каналларини кўрардим. Бобом 1941 йилда урушда вафот этган, шунинг учун бу нарса мен учун муҳим эди. Мен у ёққа айнан аҳлоқий тамойилларим ундови билан кетдим. Телеканаллар у ёқда фашистлар, миллатчилар бош кўтараётганини айтишар, свастикаларни намойиш қилишарди, - деган Манас ана шундай кайфият билан аввал Россиянинг Самара шаҳрига боргани, кейин эса рус-украин чегарасидан ўтиб, Луганскка етиб борганини айтади.

Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида ўз вақтида Симферополь ҳарбий-сиёсий билим юртини битирган бу зобит Украина шарқига борганидан кейин у ердаги аҳвол рус телеканалларидан тамоман бошқача бўлиб чиққанини эътироф этади.

- Мен у ерда фашистлар бор, деб ўйлагандим. Аммо биз Украинанинг мунтазам армияси билан жанг қилдик, - деган Манас аввал-бошда Донбассда ҳар икки томондан маҳаллий жиноий тўдалар жанг қилганини, кейинроқ Россия ва бошқа жойлардан кўнгиллилар келиб қўшилганини айтади.

Қирғиз зобитига кўра, ўзи билан жанг қилган кишилар орасида руслардан ташқари, серблар, чеченлар, осетинлар ва қозоқлар бўлган. Хориждан келган кўнгиллиларга 1500 минг доллардан маош ваъда қилишган. Аммо маҳаллий аҳоли вакили бўлган аскарларга ойига 400 доллардан, зобитларга эса 500 доллардан пул бериб туришган.

Манаснинг таъкидлашича, Кремлнинг Донбассдаги воқеаларга аралашмаётгани ҳақидаги даъволари мутлақо ёлғон. У ўзларини “Луганск халқ республикаси” ва “Донецк халқ республикаси” расмийлари деб атаётган шахслар бевосита Россия ҳукумати аппарати раҳбари Владислав Сурков топшириғи асосида иш олиб боришини иддао қилди. “Луганск ҳам, Донецк ҳам Россиядан мунтазам равишда молиявий ва ҳарбий-техник дастак олиб туради” дея иддао қилаётган қирғиз зобитига кўра, Россия оғир ҳарбий техникаси Донбассга асосан сунъий йўлдош ва радарлар илғамайдиган туманли пайтларда киради ҳамда улар заводларнинг бўшаб қолган омборхоналарида сақланади.

Шу билан бирга, Манас донбассликлар кейинги пайтларда Кремлнинг сиёсатидан ҳафсаласи пир бўла бошлагани, айниқса, яқинда Минскда эришилган келишувлардан сўнг “Путин бизни чув туширди” деб айта бошлаганларини қайд этади.

Қирғиз зобитининг айтишича, Донбасс Украина таркибида қолиши маълум бўлганидан кейин урушда кўнгилли сифатида иштирок этган маҳаллий кишиларнинг кўпи бошқа мамлакатларга кета бошлаган. Улар бу ердаги можаролар тинчиганидан кейин Украина хавфсизлик хизмати уларни тинч қўймаслиги мумкинлигидан хавотирдалар.

Манас ҳозир Донбассдаги жангларда асосан биринчи ва иккинчи чечен урушида иштирок этган россиялик ҳарбийлар етакчилик қилаётгани, уларни кўрганидан кейин ўзининг адашганини тушунгани, Россия чиндан ҳам Украина мустақиллигига таҳдид солаётганини қўшимча қилди.

Озодликнинг Бишкекдаги идорасига “Луганск халқ республикаси” ҳарбий мундирида келган қирғиз зобити билан рус тилида олиб борилган суҳбатни қуйида тинглаб, томоша қилишингиз мумкин:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG