Линклар

Россиянинг Брянск вилоятида 15 март куни содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлган 16 нафар меҳнат муҳожирини Ўзбекистонга юборишга маблағ йиғилмоқда. Россиядаги ўзбеклар жамиятлари фаоллари жасадларни Брянскдан Домодедово аэропортига олиб келишни ўз зиммасига маҳаллий суғурта компаниялардан бири ўз зиммасига олгани, бироқ аэропортдан ўз юртларига жўнатишга маблағ етишмаётганини гапирмоқда.

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ Россиядаги ўзбек жамиятлари фаоллари 15 март куни Брянск вилояти автотрассасида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар Брянск шаҳридаги суғурта компаниялардан бири ҳисобига Москва шаҳрининг Домодедово аэропортига келтирилишини маълум қилди.

- Бироқ, ўлганлар сони кўп бўлгани ва уларни Ўзбекистонга юбориш учун бирдан катта миқдорда маблағ зарурлигини ҳисобга олиб, Россияда, Ўзбекистонда ва хориж мамлакатларида яшаётган ҳамюртларимиздан жасадларни дафн этиш учун Ўзбекистонга жўнатишга кўмаклашиб юборишларини сўраймиз. Брянск ташкилотларидан бири ихтиёрий равишда жасадларни мўмиёлаш ва Москвага юборишни ўз ҳисобидан қилишини маълум қилди, деди исмини ошкор қилмаган кўнгилли фаоллардан бири.

У молиявий кўмак кўрсатиш истагида бўлганлар QIWI электрон ҳамёни орқали +7 903 725 8480 рақамига истаган миқдорда пул ўтказишлари мумкинлигини айтди: пул жўнатмаси албатта "Брянск" ёзуви билан жўнатилиши сўралди.

Хориждан ёки QIWI орқали пул ўтказиш имконига эга бўлмаганлар uzbdiaspora@gmail.com электрон почтасига хат юборишлари ва ўз контакт маълумотларини қолдиришлари мумкин: диаспора вакиллари ўзлари алоқага чиқишлари айтилди.

Жасадларни Россиядан Ўзбекистонга жўнатиш ишлари билан шуғулланаётган ўзбек жамияти фаоллари ўтказилган барча маблағ ҳисоблаб борилиши ва зарурат туғилса, йиғилган ва сарфланган маблағ тўғрисида ҳисобот бериб борилиши кафолатланишини билдирди.

Россиянинг Брянск вилояти Почепский туманида ўтган якшанба куни оқшом соат 11лар атрофида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлган ўзбеклар сони 16 кишига етгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россиядaги консули бу aвтоҳaлокaтдa кўз юмгaн ўзбекистонликлaр ҳужжaтлaрини рaсмийлaштириш жaрaёнини тезлaштириш учун Брянск шaҳригa келгани хабар қилинган эди. Бироқ, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ёрдами тўғрисида бирор ортиқча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Муҳожирлар Россия ҳудудида юриш муҳлатини чўздириш учун Украина чегарасига бориб, қайтаётган бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари авария жойида 15 йўловчи ҳалок бўлгани ва олган 4 киши тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилганини Озодликка маълум қилганди. Ҳайдовчидан ташқари машина салонида бўлган қолган йўловчилар Ўзбекистон фуқаролари экани айтилди.

Ҳодиса содир бўлган кун тонгда шифохонада Ўзбекистон фуқароси, 44 ёшли Мирзаева Саодатнинг жони узилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG