Линклар

Бир неча йил аввал француз режиссёри Манон Луазо Грознийга янги ҳужжатли фильм олиш учун борганида шаҳарни танимади.

Луазо аввал ҳам Чеченистонга бир неча марта сафар қилган ва Россиянинг сепаратчиларга қарши олиб борган икки урушининг оқибатлари ҳақида тўртта кўнгилни бузадиган ҳужжатли фильм олган эди.

Аммо Луазо сўнгги сафарида кўринишидан уруш хотираларини унутган халқни ҳамда баланд иморатлару савдо марказлари қад кўтарган ва қачонлардир асосий душман бўлган шахс - Владимир Путиннинг портретлари билан безатилган шаҳарни кўрди.

“Бу газак олган шизофрения”, дейди Луазо. Мен у ерда биринчи уруш пайтида ва иккинчи - “конституцион тартибни тиклаш” деб номланган даврда бўлганман. У пайтда чеченлар “Ё ўлим, ё озодлик!” қабилида гапирар эдилар. Энди бўлса катта йўлга Путин номини беришибди. Унинг туғилган кунини ҳам нишонлашади”.

Луазо ҳис қилган шизофрения унинг “Чеченистон: Изсиз уруш” деб номланувчи энг охирги ҳужжатли фильмида уфуриб туради. Бу фильмда Рамзан Қодиров бошчилигидаги урушдан кейинги Чеченистонда рўй бераётган зўравонлик ва қўрқитишлар акс этган.

Фильм илк бор Женева ва Прагада бўлиб ўтган инсон ҳуқуқларига бағишланган кинофетивалларда, 3 март куни эса ARTE фаранг-олмон каналида намойиш қилинди.

Сўнгги пайтларда Қодировнинг Путин билан жуда яқин экани кўпчиликнинг эътиборида. Ўтган ҳафтада Қодировни Владимир Путин Ҳурмат ордени билан тақдирлади.

Орден мухолифатчи Борис Немцовнинг ўлдирилишида Қодировга яқин кишилар айбланаёган бир пайтда берилди.

Луазо Немцовни чеченлар ўлдирган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан йироқ, деб ҳисоблайди. Аммо бу билан Қодировнинг қўлидан бундай иш келмайди, демоқчи эмас. Қодировда кучли хавфсизлик хизмати бор. Бу хизмат ходимлари бир қанча хунрезликларда, жумладан маҳаллий кишиларни ўғирлашда ва қийноққа солишда айбланиб келади.

“Чеченистон: Изсиз уруш” фильмини суратга олиш жараёнида Чеченистода яшаб туришни режалаштирган Луазо унинг изига тушишганини пайқаганидан кейин фикрини ўзгартирди ва мамлакатдан чиқиб кетди. Сўнгра ҳаммаси бўлиб ўн икки марта қисқа муддатга Чеченистонга борди. Сафарлари давомида яширин тарзда мумкин қадар материал ёзиб олди.

“Фильмни одамларни хавф-хатарга қўймасдан олиш учун жуда топқир бўлишга тўғри келди”, деди Луазо. Кузатувдан қочиш муоммоларнинг биттаси эди, холос. Луазонинг айтишича, йиллар давомида кучайиб бораётган босимлар сабаб чеченларнинг аксари, ҳатто режиссёр 15-20 йилдан бери танийдиган дўстлари ҳам камера қаршисида журналист билан суҳбатлашишдан жуда ҳайиқишади.

“Улар ҳозир уруш пайтидагидан ҳам кўпроқ қўрқишади. Чунки ҳозир уларни ўзларининг одамлари ўлдиряпти. Рус армияси уларни бомбардимон қилаётгани ёки душмандан тозалаш амалиётларини олиб бораётгани йўқ. Аммо чеченлар чеченларни ўлдиряпти”, деди Луазо.

“Ҳамма ўзининг қўшнилари ёки ҳатто қариндошлари чақимчилик қилишидан қўрқади. Ҳар кеч кимдир келиб эшикларини қоқиши мумкинлигидан қўрқувда яшашади. Шунинг учун бу “изсиз уруш”дир. Уруш ҳанузгача давом этяпти”, деб сўзини давом эттирди фаранг режиссёри.

Луазо фильмида 2013 йили машина ювиш шохобчасида ишлаётган икки аёлнинг ўғирлаб кетилиши каби яқинда содир бўлган воқеалар тасвирланган.

Шохобча бошчиси аёлларнинг қичқирганини эшитган ва чиқиб қон кўлмакчаларини кўрган. Аммо айбдорлар топилмади. Аёлларни топишга беҳуда уринган укасига агар у опаларини излашда давом этадиган бўлса, уларнинг ўлимида айбланиб қамалишини айтишди.

Фильмнинг яна бир манзарасида Горзнийда белгиланмаган умумий қабрларни излаётган аёллар акс эттирилган. Чеченистон ҳудудида ўнлаган шунақа қабр борлиги айтилади. У ерларга рус қўшинлари томонидан қийноқларга солинган ва сўнгра ўлдирилган юзлаб шахс ҳеч бир маросимсиз кўмилган.

Йўқолган одамлар масаласи билан шуғулланувчи кам сонли гуруҳларнинг бири бўлмиш Чечен оналари қўмитасига кўра, уруш пайтида 18 мингга яқин одам бедарак йўқолган. “Бу оналар бундай хотираларни ёддан чиқармаган охирги одамлар эканликларини, бу нарсани кейинги авлодга еткизишлари кераклигини айтишди. Улар биздан кейин бу ерларда содир бўлган нарсаларни ҳеч ким эсламайди, деган фикрдалар”.

Луазонинг айтишича, Қодиров “яқин дўсти” Путинга илтифот қилиб Чеченистоннинг яқин тарихини хариталардан ўчиряпти. Ҳозирда чечен урушларини ошкора муҳокама қилиш мумкин эмас. Грознийда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳеч қандай ёдгорлик йўқ. Урушнинг “чеченлаштирилиши” сабаб эндиликда маҳаллий халқ руслар ўрнига чеченлардан қўрқади.

Ўтган йили Қодиров миллий хотирани ўчириш йўлида яна бир қадам ташлади: Сталиннинг 1944 йилда юз минглаган чечен ва ингушларни Ўрта Осиёга депортация қилганини хотирлаб ҳар йили ўтказиладиган тадбирларни бекор қилди.

Ўтган йили бу тадбирлар 23 февралга, Сочида Қишки Олимпиада ўйинлари бўлаётган пайтга тўғри келди.

“Қодировнинг ўз оиласи сургун қилинган! Аммо у Сталин чеченларни депортация қилиб тўғри қилган, дейишгача борди. Бу жуда кўп чеченни ранжитди. Путин Қодировдан шу ишни қилишини сўрамаган, деб ўйлайман. Буни Қодировнинг ўзи қилган, Путинга қандай яхши шогирд эканини кўрсатиш учун”, деди Луазо.

Қодировнинг қарорига қарши чиқиб депортацияни муҳокама қилиш учун кичик конференция уюштирган фаол Руслан Кутаевни тез орада қўлга олишди. Қўлга олинганидан кейин қийноққа солингани айтилган фаолни тўрт йилга қамашди.

Кутаевнинг ҳимоясини уюштирган қийноқларқа қарши чечен қўмитаси Горзнийдаги офисига атайин ўт қўйилганидан кейин ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу қўмита бедарак йўқолганларнинг оила аъзоларига ёрдам берадиган охирги манбалардан эди.

Луазо фильм европаликларни Чеченистонда давом этаётган қийноқлар ва зўравонликлардан хабардор қилишидан умидвор. Унинг айтишича, афсуски “бунданда қора кунлар ҳали олдинда”.

“Чеченистонлик бир киши улар [Путин ва Қодиров] натижасини кўриш учун чеченлар устидан тажриба ўтказишаётганини, кейин бу нарсани бутун Россияга татбиқ қилишларини айтди”, деди Луазо.

“Менимча бу нарса ҳали Россияда амалга оширилгани йўқ, аммо бундай қилиш йўллари аллақачон ишлаб чиқилган. Мен яхши билган Анна Политковская Чеченистондаги конфликт рус жамиятининг барча соҳасига кириб борганини айтган эди. Украинада бўлаётган ҳодисаларнинг ҳам бунга алоқаси бор”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG