Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик машҳур хофиз Шерали Жўраевнинг ўғли, 28 яшар Шоҳжаҳон Жўраевга 17 мартдан бошлаб "концерт фаолияти ва қўшиқ куйлаш" расман тақиқлаб қўйилишига сабаб бўлган воқеалар тафсилотларини унинг маъмури Шуҳрат Усмонов очиқлади.

Маъмурнинг айтишича¸ ҳақиқатан ҳам Шоҳжаҳон Жўраевнинг концерт фаолияти 17 мартдан бошлаб тўхтатилган. Суҳбатдошга кўра, Шоҳжаҳон Жўраев саҳнага кўпи билан олти ойдан кейин қайтиши мумкин.

Озодлик билан суҳбатда Шуҳрат Усмонов Шоҳжанҳон лицензиядан маҳрум қилинаётган пайтда жанжал-тўполон қилмагани ва “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг барча эътирозларига "ҳўп", деб рози бўлиб, "айбига иқрорлик тилхатини ëзиб берганлигини" таъкидлади.

Суҳбатдошнинг айтишича, Шоҳжаҳон Жўраев “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан изн олмасдан Россияда концерт бергани боис лицензиядан маҳрум қилинган:

- Аслида, бу Шоҳжаҳоннинг эмас, балки маъмур сифатида менинг айбим. Россияда концерт беришдан 10 кун олдин “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан изн олмаганман. Аслида, Россияда концерт ҳам бўлмаган. Шоҳжаҳон Жўраев Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун бепул хайрия концерти берган эди холос¸ деди суҳбатдош.

Усмоновнинг фикрича, тилга олинган концертдан пул тушмаган, демак бу ҳолатда “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан изн олишга зарурат ҳам бўлмаган.

Шунга қарамасдан Ўзбекистонлик қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевга қўшиқ айтиш ва концерт ташкил қилиш ҳуқуқини берадиган лицензия “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг махсус қарори билан 2015 йилнинг 17 мартидан бошлаб бекор қилинди ва шу куниёқ бу ҳақдаги ҳужжат нусхаси Озодликка келиб тушган эди.

18 март куни “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг сайтида расмий билдириш сифатида Шоҳжаҳон Жўраевнинг лицензиядан мосуво қилинганлиги эълон қилинди.

Эълонда “Хонанда Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартларни бузганлиги сабабли, хонандага 2015 йил 6 январь куни берилган АА-1747-сонли лицензиянинг амал қилиши “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24 моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан, 2015 йил 17 мартдан амал қилиш муддати тугатилганлиги ” маълум қилинади.

​Айни қарорда “Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабини бажариш ҳар бир хонанда ва санъаткорнинг бурчи” экани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистонлик қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевнинг лицензияси бекор қилинганлигини “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг исмини айтмаган мулозими ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тасдиқлаган эди.

Мулозимнинг айтишича, Шоҳжаҳон Жўраев “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан изн олмасдан Россияда концерт берган.

Суҳбатдошга кўра¸ Шоҳжаҳон Жўраев бундан олдин ҳам жанжаллар марказида қолгани боис “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан огоҳлантириш олган:

- Масалан, ўтган йили Шоҳжаҳон Жўраев бўйнига "пулчамбар" таққан видео тарқалди. Шоҳжаҳон Ўзбекистондаги тўйлардан бирида бўйнига пулдан бўлган чамбарак тақиб қўшиқ айтган. Ўзбекистон миллий валютаси саналган сўмни чамбарак қилиб бўйинга осиш пулга ҳурматсизлик саналади ва қонунда миллий валютага ҳурматсизлик учун жазо мавжуд. Илгари санъаткорларга гуллар тақдим этилар эди. Охирги пайтларда бу одат бироз бошқачароқ тус олаётгандир-да! Буни қарангки, тўй эгасининг пулчамбар тақиб қўйгани Шоҳжаҳонга ҳам ёқиб тушган шекилли, ечгиси ҳам келмапти. Биз ўз вақтида Шоҳжаҳонга санъаткорнинг санъати пул билан эмас, олқиш билан ўлчаниши керак деб тушунтиришга ҳаракат қилдик, аммо насиҳатлартимиз кор қилмади¸ деган эди суҳбатдош.

Жўраевнинг жанжаллар марказида қолгани борасидаги иддаоларни Ўзбекистондаги шоу-бизнес муаммоларини ëритадиган яна бир журналист ҳам исми айтилмаслик шарти билан айтган эди.

Шоҳжаҳон Жўраевнинг маъмури Шуҳрат Усмонов тўйда ашулачига пулдан тўн ясаб кийдирилгани боис танбеҳ олганлигини Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

***

Шоҳжаҳон Жўраевнинг маъмури Шуҳрат Усмоновнинг Озодлик саволларига берган жавоблари матни билан танишинг:

Озодлик: 17 мартдан бошлаб лицензия тўхтатилгани ҳақида бизда ҳужжат нус[аси бор, қолаверса, “Ўзбекнаво“ сайтида ҳам билдирги турибди. Шундай бўлса ҳам Шоҳжаҳон Жўраев баъзи нашрларга суҳбат бериб лицензиядан мосуво бўлганлиги воқеасини ҳаспўшлашга уринган. Агар лицензия тўхтатилмаган ва Шоҳжаҳон бемалол қўшиқ айтмоқда, дея раддия берсангиз марҳамат:

- Йўқ, раддия нимага бераман мен? Бўлган факт бўлиб турибдику. Жанжалли нарса бўлгани йўқку. Шунақа нарса бўлди, бўлди.

Озодлик: Ўзбек кўнгилочар матбуоти айбни сиз томонга ағдаряпти. Сизнинг хатойингиз билан Россиядаги концертга рухсат олинмаган. Шунақами?

- Ҳа. Билмагандик уни.

Озодлик: Мавжуд қонунчиликни билмагансиз, қўшиқчи 10 кун олдин бориб рухсат олиши кераклиги ҳақидаги талабдан бехабармидингиз ?

- Ҳа. У битимни мен ҳам, Шоҳжаҳон ҳам билмаганмиз. Концерт йўқ эди. У концерт хайрия концерти бўлган. Боргандан кейин ўзбек халқига хайрия концерти. У ерда бир сўм пул ишлагани йўқ Шоҳжаҳон.

Озодлик: Биз ҳам мақолада хайрия концерти. деб ëздик. Зеро туғилган кунда ашула айтиш учун изн зарур эмас, менимча?

- Концерт йўқ эди. Ўша концерт бўлмаганда булар билмасди ҳам балки. Просто танишининг туғилган кунига борилгани учун, энди ўзбеклар кўпчиликни ташкил қилган. Кейин юртдошларимга пулли эмас хайрия концерти деб.

Озодлик: Мен билан гаплашган мулозим “Рязандаги концертда ортиқча гап бўлди” дейди. Ҳукумат сиëсатига қарши гап айтилдими? Яна бир савол “Ўзбекнаво”даги "разборка" пайтида жанжал чиқдими?

- Йўғ-е. Ака қаранг, бунақа нарса бор, ҳар битта инсоннинг ичида савол-жавоб қиладиган юрак, виждони бўладию. Мен ҳақиқатни айтсам, балки бу сизга эриш туюлиши мумкин, лекин мен ҳақиқатни айтаман. Мен Шоҳжаҳонни ўзим олиб бордим. Бирга бордик. Кириб кетди ичкарига. Мен эшикда қолдим¸ просто ўзлари гаплашиб олсин деб. У ерда зам ўтирибди Фурқат, Одил ака ўтирибди. Қанақа қилиб жанжал бўлиши мумкин у ерда? Кейин жанжал қилишга нима ҳақимиз бор у ерда? Ҳеч қанақа жанжал, даже мен ичкарига кейин кирдим. Фақат Шоҳжаҳонга тушунтириш хатини ëзиб олиш учун бўлди. Агар тушунтириш хатини мен ëзганимда, Шоҳжаҳон келмай қўйса ҳам бўлаверарди. Ўзи келсин дегани учун шунақа ғалва бўлди.

Озодлик: Энди яна бир масала. Пулдан тўн кийгани учун танбеҳ берилган ҳолатлар бўлганми?

- Бу иш учун танқид қилиндик. Лекин биринчидан, у расмни биз тарқатмаганмиз. Одамларнинг тўйида бўлгандан кейин бўлади. Танбеҳ берилади албатта. Ўзбекнаво бўлгандан кейин чақирилади. Мени чақиртирган нима бўлган деб. Тўйда ҳозир ҳамманинг қўлида телефон борку. Пулдан бўлган тўн 10 секунд ҳам Шоҳжаҳонни эгнида турмаган деб тушунтирилган "Ўзбекнаво"га.

Озодлик: Мана қўлимда Ўзбекнавонинг ҳужжати турибди. Лицензия буткул тўхтатилди¸ ашула айтишга изн йўқ, дейилган. Энди нима қилмоқчисизлар? Қанақа хулоса чиқардингизлар бу ҳолатдан?

- Хатолик бўлди. Қайтиб у нарса қайтарилмайди. Берилади бу нарса. Ҳаммага келган қонун. Ҳақиқатан низомда кўрсатилган. "Ўзбекнаво"нинг нимасида. Ўша ташкилотга бўйсунамиз биз. Бошқа қонунни бузганимиз йўқку биз. Биздан олдин ҳам бошқа санъаткорларга жазо берилган. Лицензия олиб қўйилган, кейин яна қайтариб олган.

Озодлик: Қайтариб олиш жараëни қандай бўлади?

- Улар маълум муддат белгилаб ўзлари айтади.

Озодлик: Ҳужжатда муддат белгиланмаган эканда?

- Унда муддат белгиланмайди. Фақат тўхтатилади. Тилхатда кўрсатилганда Шоҳжаҳон 3 ой муддатга деб ëзган. Кўриладида энди бу нарса. Ўзи 3 ойдан 6 ойгача экан. Четга рухсатсиз чиқиб кетиш 3 ойдан 6 ойгача муддатда жазоси бор экан. Уларнинг лицензияни тўхтатиб қўйиш жазосида энди.

Озодлик: Шоҳжаҳоннинг мухлисларига нима дейлик? Сизлар билан Худо хоҳласа 6 ойдан концертда юз кўришади, мулоқот қилади дейликми?

- Лицензия бекор бўлди дегани уйдан чиқармайди дегани эмаску. Телерадиокомпанияларга, концерт бериш нимасига эга эмасмиз.

Озодлик: Тўй, туғилган кунчи?

- Энди у бошқа масала.Тўйга изн йўқ. Телевидение, катта жойларда концерт бериши керакку. Ўша нарсаларга рухсат йўқ. Мақола чиқаришдан олдин шуни бир сўранглар. Биз биласизку бунақа нарсаларга, ҳақиқат барибир чиққани яхшида. Иложи бўлса, қўлинглардан келса, илтимос қилиб айтаман, қанақадир чиройли ҳолатда қилиб, ҳам мухлисларга фойдаси тегадиган, мана шунақа бўлган деб чиройли қилиб ëзинглар, унақа муштлашибди, бошқа бўлибди деб мухлисларни қўрқитманлар мана бугун телефоним тингани йўқ. Ҳамма давлатда борда мухлисларимиз. Бошқа давлатлардан ҳам телефон қилиб сўраяпти нима бўлди деб. Фақат маълум муддатга тўхтатилди. Қонун бўйича санъаткорга жазоси 3 ойдан 6 ойгача экан. Балки уч ойдан кейин бериши мумкин Худо хоҳласа. Яхши умид қилиб турайлик¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Шоҳжаҳон Жўраевнинг маъмури Шуҳрат Усмонов.

"Ўзбек Преслиси" деб ном чиқарган ҳофиз

Ўзбекистонлик машҳур хофиз Шерали Жўраевнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраев “Гулнора”, деб номланган қўшиғи билан ëш томошабинлар олқишини олган эди.

Шоҳжаҳон Жўраев олифта кийингани ва бакенбардлари боис "ўзбек Элвис Преслиси" дея ном қозонган.

Шоҳжаҳон Жўраев томонидан ижро этилган “Биринчи бўса”, “Лайли”, “Аё соқий” каби қўшиқлар мухлислар томонидан яхши кутиб олинган эди.

Шоҳжаҳон Жўраевнинг отаси 68 ёшли ўзбек хофизи Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.

Озодлик манбаларининг айтишича, Шерали Жўраевнинг катта саҳнада қўшиқ куйлашига юқоридан “норасмий тақиқ” қўйилган.

Бугунга келиб Шералининг ўғли расмий тақиққа ноил бўлди.

Шоҳжаҳон Жўраев "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан жазоланган илк санъаткор эмас.

"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарафидан ўз вақтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, "Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, қўшиқчи Абдулла Қурбонов ¸ "Уммон” ва "Манго” гуруҳлари хонандаларининг ҳам "номақбул ҳулқи" боис лицензияларининг амал қилиш муддати тугатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG