Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:27

Уй қуриш учун ер участкаси олиш тартиби қандай?


Якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш тартиб-қоидаларини OzodJavobнинг навбатдаги сонида ўрганамиз.

Наманганлик Шерзод исмли муштарий OzodJavobга мурожаат қилиб, уй қуриш учун ер майдони олмоқчи бўлгани, бироқ кимга мурожаат қилишни билмаётгани ҳақида ёзди:

“Мен ота-онам билан бирга яшайман. Уйланганман, бир фарзандимиз бор. Яқинда укамни уйлантирмоқчимиз. Шунинг учун мен алоҳида уйга чиқишим керак. Маҳаллага уй қуриш учун ер сўраб борсам, ҳокимиятга бор, деди. Ҳокимият эса ер аукционда сотилади, деган жавобни берди”, деди наманганлик Шерзод.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарорига кўра, якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкасини фақат кимошди савдоси орқали сотиб олиши мумкин.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлардан олинган маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори 2008 йилдан бошлаб кучга кирган ва шундан буён уй-жой қуриш учун ер участкалари кимошди савдоларида сотилмоқда.

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳокимлиги масъулига кўра, уй-жой қуриш учун ер участкаси қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги таркибига кирмайдиган ерлардан ажратилади:

“Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси маълум чегарага, майдонга, ҳуқуқий режимга ва давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа тавсифларга эга бўлиши лозим. Аввало ер меъёрлари аниқланади. Кейин аукционга қўйилади”, деди ҳокимлик масъули.

Амалдаги тартибга кўра, аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш учун 6 сотих (0,06 гектар)гача берилади.

“Туман ҳокимлиги уй қуриш учун ажратилган ер участкаси бўйича қарор чиқариб, вилоят ҳокимлигига ўрганиш учун жўнатилади. Вилоят ҳокимлиги белгиланган тартибда ўрганиб чиқиб, қарор чиқарганидан кейин ким ошди савдоси ўтказилади. Кимошди савдоси ўтказадиган ташкилот бор. Ўшалар келиб ўтказади”, деди Шеробод тумани ҳокимлиги масъули.

Кимошди савдолари туман ҳокимининг қарори асосида туман архитектура ва қурилиш органлари томонидан "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда амалга оширилади.

Шерободлик масъул кимошди савдосида қатнашиш тартибига ҳам аниқлик киритди:

“Кимошди савдоси ҳақида олдиндан газетада эълон берилади. Эълон чиққан кундан бошлаб маълум муддат қўйилади. Ер олмоқчи бўлган одам ҳокимиятга мурожаат қилиши шарт эмас. Газеталарни ўқиб турса, бўлди. Газетада кимошди савдоси ўтадиган жойнинг адреслари ёзилади. Кимошди савдоси қаерда бўлишини айтади. Ўша адресга бориб, ариза ёзилади”, деди масъул.

Тартибга кўра, аризачи аввало кимошди савдосига кириш бадалини тўлаши лозим бўлади:

“Кириш взноси 10 фоизлик. Маслалан, 6 сотих уйнинг нархи 1 миллион сўм бўлса, 100 минг сўм тўлаб киради. Ернинг нархидан 10 фоизи тўланади. Бу пул қайтариб берилмайди. Бу кимошди савдосини ўтказиш ҳаражатларига сарфланади”, деди шерободлик масъул.

Суҳбатдошга кўра, ким ошди савдолари ҳар йили ёки икки йилда бир марта ўтказилди:

“Ер майдонларини аниқлаб туриб, 100 та хўжалик ёки 50 та хўжаликка битта қилиб, қарор чиқарилади. Контурларини аниқлаб, чизмаларини чизиб, номерлаб қўяди. 1дан 100гача. Дейлик, у одам 1 номерга ариза берса, бу ерга даъвогарлик қилаётган 3-4 та одам бўлиши мумкин. Ким ғолиб бўлса, ер ўшанга берилади. Ер бонитети қанча юқори бўлса, унинг нархи ҳам шунча юқори бўлади. Дейлик, 6 сотих бўлса, тахминан 900 минг сўм атрофида бўлади. Ким ошди қадамлари билан 1 миллион, 1 миллиондан ошади. Агар ер харидоргир бўлса, нарх ҳам шунга қараб ошади”, деди шерободлик масъул.

Мамлакат қонунларида Ўзбекистон фуқаросининг яшаш жойидан қатъий назар ер участкаси учун кимошди савдосида иштирок этишига рухсат берилган:

“Масалан, Фарғона ёки Тошкентдан келиб, Шерободдан ер олиши мумкин. Бу кимошди савдоси бўлгани учун пропискага қаралмайди. Ўзбекистон фуқароси бўлса бўлди”, деди масъул.

******

Вазирлар Маҳкамасининг 272-сонли қарорига кўра, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида қурилган уй-жой жойлашган ер участкаси туман ҳокимининг қарорига биноан, кимошди савдоси ўтказмасдан харидорга сотилади.

******

Маҳаллий ҳокимликлардан олинган маълумотларга кўра, қишлоқ жойларида айрим фуқаролар томонидан тегишли рухсатсиз уй қуриш ҳолатлари ҳам кўплаб учрайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 272-сонли қарорида, ўзбошимчалик билан уй-жой қурганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган:

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат суднинг қарорига кўра уни қурган шахс томонидан ёхуд унинг ҳисобига бузиб ташланади.

*****
Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG