Линклар

АҚШнинг иккала партияси ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш тарафдори


АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Элиот Энгел

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Элиот Энгел

АҚШ сиёсатида икки рақиб партиянинг муросага келиши жуда қийин. Шундай бўлса-да, демократлар ва республикачилар Украинани қурол билан таъминлаш масаласида тезлик билан бир фикрга келмоқдалар.

Аммо бунга бир муҳим шахс, яъни Президент Обама қарши.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Элиот Энгел Оқ уй Украинани қурол билан таъминлашни истамаётганини назарда тутиб, “Бу бизнинг шаънимизга доғ туширяпти. Менимча, биз етарлича жавоб бермаяпмиз ва бу келажакда Украинадан бошқа жойларда ҳам салбий оқибатларга олиб келади”, деди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ташқи ишлар қўмитаси аъзоси бўлмиш Энгел Оқ уй Украинани қурол билан таъминлашни хоҳламаётганидан норози америкалик сиёсатчиларнинг биридир.

11 март куни АҚШ Украинага 75 миллион долларлик нолетал ҳарбий техника тақдим этишини маълум қилди. Бу билан шу кунгача АҚШ томонидан Киев учун ажратилган нолетал ёрдам қиймати 200 миллион долларга етди. Аммо Энгелнинг айтишича, ҳозиргача кўрсатилган ёрдам Украинани россияпараст айирмачилардан ўзини ҳимоя қилишида оз ёрдам беради. Ғарб мамлакатлари Россияни айирмачиларни оғир қурол билан таъминлашда айблаб келмоқда.

11 март куни эълон қилинган 75 миллион долларлик ҳарбий ёрдам рўйхатида алоқа воситалари, артиллерияга қарши радарлар, тунда кўриш мосламалари, тез ёрдам машиналари ва учувчисиз бошқариладиган учоқлар бор.

Бу ёрдам эълон қилинганидан кейин Энгел Озодлик радиоси билан суҳбат қилиб, Киев бундай ёрдамга муҳтож эканлигини айтди. Аммо Энгел “Бу пировардида уларга етарлича ёрдам бера олмайди”, деб қўшимча қилди.

Демократлар ва республикачилар Эрон ядровий дастури ва бошқа кўплаган масала бўйича муросага кела олмаётган бўлса-да, ҳар икка партия аъзолари Оқ уйни Украинани қурол билан таъминлашга лоқайдлик қилаётгани учун танқид қилишмоқда.

АҚШ Конгресси Сенати ташқи ишлар қўмитасининг 10 март куни бўлиб ўтган йиғилишида қўмита бошчиси Сенатор Боб Коркер “администрациянинг Украинага кўпроқ ёрдам беришдан ва Россияга кўпроқ тазйиқ ўтказишдан бош тортаётгани АҚШ сиёсатига тушган доғдир”, деди Коркер. “АҚШ Украинага мамлакатнинг шарқидаги минглаган рус қўшинларига кучли ҳарбий зарба беришда ёрдам бермас экан, ҳеч қайси стратегия самарали бўлмайди”, деб сўзини давом этди.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Украина ва НАТО Россияни ўз ҳарбийларини Украина шарқига юборганликда ҳамда айирмачиларга кўмак кўрсатаётганликда айблаб келяпти. Россия бўлса бу айбловларни кескин рад этиб келяпти.

Ўтган ҳафта Энгел ва АҚШ конгрессининг Вакиллар палатасининг бошқа ўн аъзоси Обамани Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам беришга қаратилган ҳаракатларни маъқуллашга ундаб ёзилган мактубга имзо чекишди.

Энгел шу ойнинг бошида бўлиб ўтган АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ташқи ишлар қўмитаси йиғилишида қатнашувчиларнинг аксари Украинани ҳарбий техника билан таъминлашни қўллаганини билдирди.

Энгел Озодлик радиоси билан қилган суҳбатида “Бу гапни ҳам демократлар, ҳам республикачилар ҳақида айтишимиз мумкин. Ҳар бир одам буни қўлламади, албатта, аммо менимча қўллаганлар мутлақ кўпчилик эди”, деди.

Янада кўпроқ қон тўкилишининг олдини олиш

Декабрь ойида Обама АҚШ президентига Украинани летал ҳарбий ёрдам билан таъминлашга ваколат берувчи қонун лойиҳасига имзо чекди. Бу қонунни иккала партия ҳам қўллади.

Конгресс аъзолари ҳамда АҚШ мудофаа вазири Эштон Картернинг Украинани летал ҳарбий қуроллар билан таъминлашга чақириб кўрсатаётган босимига қарамасдан, Обама бундай ёрдам кўрсатишга қаршилик қилиб келяпти.

Энгелнинг айтишича, “Бу нарсани қилиш учун президентнинг ваколати бор. Шунчаки у буни хоҳлаши керак, холос. Ҳатто янги мудофаа вазири ҳам биз шу нарсани қилишимиз кераклигини билдирди. Жуда кўп одам шу йўлдан боришимиз керак деб ҳисоблайди”.

Оқ уйнинг Европадаги ҳамкорлари ҳам АҚШнинг Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишига қарши. Уларнинг фикрича, ҳарбий техника юбориш Украинадаги тўқнашувларни кучайтириб юбориши мумкин. У ерда Минскда эришилган келишув асосида томонлар 15 февралдан бошлаб ўт очишни тўхтатишган.

Германиянинг АҚШдаги элчиси Питер Виттиг “Associated Press” нашрига берган интервьюсида февраль ойида Германия канцлери Ангела Меркель Обама билан учрашганини, учрашув давомида улар ҳозирча Украинага летал ёрдам бермасликка келишишганини айтди.

Интервьюнинг эртаси бўлиб ўтган АҚШ Конгресси Сенатининг ташқи ишлар қўмитаси йиғинида Коркер Обама администрациясини ёлғончиликда айблади.

“Обама ва унинг администрациясидаги бошқа расмийлар америкаликларгаУкраинага летал ҳарбий ёрдам беришни жиддий ўйлаб кўраётганларини айтиб келаётган бўлишларига қарамасдан, Германиянинг АҚШдаги элчиси Обама канцлер Меркелга норасмий тарзда АҚШ Украинага бундай ёрдам бермаслиги ҳақида ваъда берганини айтди”.

Қўмитанинг юқори лавозимли демократ аъзоси Сенатор Роберт Менендес агар Россия Президенти Владимир Путин “Украинани барбод қилишда давом этиш қимматга тушади, деган фикрга келсагина” Украина бўҳронига дипломатик ечим топилиши мумкинлигини айтди.

“Тунда кўриш мосламалари каби нолетал техника бериш яхши, аммо украинларга руслар келаётганини кўриш имконини бериб, аммо уларни тўхтатиш учун қурол бермаслик ечим бўла олмайди”, деди Менендес.

Оқ уй бўлса Украинани қурол билан таъминлаш бўйича қарашларини ўзгартирмай келяпти.

Оқ уйнинг матбуот котиби Жош Эрнест 11 март куни мухбирлар билан учрашиб, Украинага летал ҳарбий ёрдам бериш “кўпроқ қон тўкилишига олиб келади”, деди.

“Гап шундаки, бўлиб ўтаётган дипломатик музокараларни қўллашимиздан мақсад янада кўпроқ қон тўкилишининг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз. Президент [Обама] ҳам шу нарсага эътибор қиляпти”, деди Эрнест.

Эрнест “АҚШ Украина армиясига Россия дастаклаётган ҳарбий амалиётларни енгиш учун етарлича ҳарбий ёрдам бера олиши” эҳтимолдан холи эканини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG